Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:59

IT-мутахассислар: Серверларни Ўзбекистонга кўчириш интернетни билмайдиган амалдорлар таклифи


Ўзбекистон Россия ортидан интернет-компаниялар серверларини мамлакат ичкарисига кўчиртирмоқчи.
Ўзбекистон Россия ортидан интернет-компаниялар серверларини мамлакат ичкарисига кўчиртирмоқчи.

Ўзбекистон ҳукумати Тelegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex каби интернет-компанияларга 16 апрелдан Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ичида жойлашган серверларга кўчириш мажбуриятини юклаган. Аммо уларнинг маълумотларни сақлаш тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликлари Олий Мажлис депутатларининг норозилигига сабаб бўлди.

Амалда буни тадбиқ этиш имконсиз эканини гапираётган мутахассислар фикрича, янги қонун ва мажбуриятлар ахборот технологиялари тўғрисида яхши тасаввурга эга бўлмаган одамлар томонидан ишлаб чиқилган.

Депутатлар шахсий маълумотларни Ўзбекистонга кўчирмоқчи

Тelegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex каби интернет гигантларининг 16 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ичида жойлашган серверларда қайта ишлашни назарда тутувчи маҳаллий қонунчиликка амал қилмаётганликлари Олий Мажлис норозилигига сабаб бўлди.

Қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлсада ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди”, -дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтида.

Айрим Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳатто веб-сайт эгаларига ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистон ҳудудида сақлаш мажбурияти юклангани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда қабул қилинган “Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 27−1-моддасига асосан 16 апрелдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет компаниялари Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудидаги серверларда қайта ишлаши шарт экани белгилаб қўйилган.

Қонунга асосан мазкур ижтимоий тармоқларнинг шахсга доир маълумотлар базалари Ўзбекистон давлат реестрида рўйхатдан ўтказиши шарт. Бу талабга амал қилмаган ширкатларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли киберҳужумлар уюштириб келинмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланган.

"Махсус хизматлар фойдаланувчилар устидан назорат ўрнатмоқчи!"

Парламент депутатларининг киберҳужумлар ва шахсий маълумотларнинг дахлсизлиги борасидаги хавотирлари қанчалик ўринли? Шахсий маълумотларни Ўзбекистон ичкарисига олиб кириш техник жиҳатдан қандай амалга оширилади ва у қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Озодликнинг бу саволларига жавоб берган Константин исмли ахборот технологиялари бўйича мутахассиснинг айтишича, мустақил интернет- компаниялар Ўзбекистон ҳукуматининг бу талабларини сўзсиз бажармайди.

- Mail.ru, Odnoklassniki, VKontakte каби Алишер Усмоновга тегишли ширкатлар ҳукуматнинг бу қарорини бажаради, лекин ўзини ҳурмат қилган бошқа халқаро компаниялар уни бажаришдан бош тортади. Аслини олганда серверларни бирор мамлакатга кўчириш уни киберҳужумлардан ҳимоя қилмайди: полиция ва махфий хизматлар бу серверларга уланиб, реал вақт режимида одамлар устидан назоратни ўрнатамиз, деган хом ҳаёллар билан юрибди.

Улар траффикни фильтр қилиш, фойдаланувчилар тўғрисида маълумотлар йиғишни хоҳлаяпти, буни ҳамма тушуниб турибди. Масалан, ҳозир Фейсбукда аноним очилган қиёфа тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати маълумот олиши учун сўровнома юборади, “Биз бу одамни терроризм, экстремизмда айблаяпмиз!”, деб. Бунга жавобан одатда Фейсбук маъмуриятидан “Сизлар авторитар ёки диктаторлик тузумдаги давлат - тошингизни теринг!”, деган жавоб келади.

Бироқ “ВКонтакте” тармоғидаги вазият бошқачароқ. Уларда Россия Тергов қўмитаси, ИИБ ёки ФСБдан келган ҳар қандай сўровномага истаган одам тўғрисида барча маълумотларни беришади. Улар бу маълумотларни суд қарорисиз олиши, бунинг учун уларда махсус назорат мосламалари ўрнатилгани маълум. ВКонтакте, Одноклассники ёки Mail.ru-да сизнинг ҳар бир ёзган сўзингиз, билдирган фикрингиз махсус назоратга тушиши мумкин. Бунга мисоллар ҳам жуда кўп. Яъни, махсус хизматлар сизнинг IP-адресингиз, қаердан кираётганингиз, қайси сайтларга киришингиз, шахсий маълумотларингиз, ёзишмаларингиз ва бошқа барча тармоқдаги маълумотларга бир зумда эга бўлиши мумкин.

Суҳбатдош интернет фойдаланувчиларининг назоратдан қочишга уринишлари VPN а анонимайзерлардан фойдаланишга ўтиши траффикни оғирлаштириб, тезликни сусайтиришга олиб келиши мумкинлигида огоҳлантирди.

Константин ўзбек ҳукуматининг ўнлаб тармоқ ва компанияларга юборган огоҳлантириши натижа бермаслиги, бу компаниялар фаолияти тўхтатилиши шубҳасиз Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро нуфузига ўта салбий таъсир қилишига ишонишини айтди.

"Техник жиҳатдан имконсиз!"

“Интернет ҳимояси жамияти” нодавлат ташкилоти раҳбари, “За телеком” телеграм блоги бошловчиси, IT-мутахассис Михаил Климарёв айрим ҳукуматларнинг маълумотларни мамлакат ичкарисига олиб киришга уринишларни “бемаънилик” деб атади:

- Айримлар “агарда асбоб-ускуналар мамлакат ичкарисида бўлса, демак компанияга босим ўтказиш осонроқ” деб ўйлайди, яъни уларни гаровга олгандек туюлади. Масалан, неча йилдан бери интернет-ширкатларга бесамара ҳужум қилиб келаётган Россия ҳукумати ҳеч нарса қилолмаган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати натижага эриша оладими?! Йўқ, албатта! Барчага аёнки, интернет-компаниялар Ўзбекистоннинг бу талабларини бажармайди.

Амалдорларнинг яна бир гуруҳи “шу тариқа биз фойдаланувчилар маълумотларини қўлга киритамиз!” деган хато фикрда. Чунки технологик жиҳатдан буни амалга ошириш жуда мураккаб. Ҳозирда барча маълумотлар шифрланади, криптланади. Бу талаблар беъманилик ва абсурд! Менимча, Ўзбекистонда бундай қарорларни қабул қилаётган раҳбариятда Интернет хавфсизлиги тўғрисида мутлақо тасаввур йўқ, уларга яхши маслаҳатчилар, мутахассислар етишмайди.

Аслида “шахсий маълумотларни Россияда сақланг” деган фикр Россияда қаердан пайдо бўлганини билмайман, аммо у бошқа мамлакатларга тарқалди. Ҳар ҳолда бу таҳқирлаш! Чунки бу тариқа шахсий маълумотлар ҳимоя қилинмайди, аксинча бундай ҳаракатлар бу маълумотларга таҳдид деб тушунилади. Қолаверса, мен Ўзбекистондаги IT-мутахассислар Фейсбукдаги мутахассислардан кучлироқ ва улар шахсий маълумотларни улардан яхшироқ қўриқлайди, деган фикрдан йироқман. Акс ҳолда Фейсбук АҚШда эмас, Ўзбекистонда яратилган бўларди.

Михаил Климарёв ҳукуматнинг серверларни кўчиришга мажбурлаши Интернет-компанияларга йирик ортиқча ҳаражатларни келтириб чиқаради, дейди.

- Интернет-ширкатлар бизнесменлар томонидан бошқарилади - улар пул санашни билади. Шу боис ҳеч ким ҳеч нарсани кўчирмайди, ишонаверинг. Россия “Роскомнадзор”ининг Дуровнинг Телеграмига қарши 2 йил олиб борган урушини эсланг: миллионлаб сарф-ҳаражатлар охир-оқибат Роскомнадзор ва бошқа давлат идораларининг Телеграмда ўз каналларини очиши билан якунланди! Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари қўлидан келадиган ягона нарса - у ёки бу ресурсларни ўз ҳудудида тақиқлаш! Аммо бунинг ортидан миллионлаб фойдаланувчилар норозилиги келиб чиқиши, давлатнинг халқаро миқёсда нуфузи кескин тушишини ҳам ҳисобга олинг. Ўзбекистон ҳукумати маълумотларни қаттиқ назорат қилмоқчи бўлса ўзбекча Фейсбук ёки Телеграм дастурларини яратсин, Хитойга ўхшаб.

Охирги айтмоқчи бўлган гапим... Энг катта муаммо - “маълумотларни кўчириш” деган тушунчани техник жиҳатдан ҳеч ким тушунтириб бера олмаслигида. Хўш, Ўзбекистон назорат идоралари қайси маълумотларни кўчирмоқчи? Россияда, масалан, Роскомнадзор амалдорларига “Қандай қилиб ва қайси маълумотларни кўчиришимиз керак?” деб берилган саволга “Биз билмаймиз - шахсий маълумотлар дейилдику!”, деган жавоб олинди. Айтмоқчиманки, техник жиҳатдан бу амалга ошириб бўлмайдиган нарса. Огоҳлантирмоқчиманки, агарда бу буйруқни бажармаган компаниялар блокланса, қатор давлат идоралари интернет-ресурслари қулаб тушади - амалда синаб кўрилган! - деди Озодлик саволларига жавоб берган “Интернет ҳимояси жамияти” нодавлат ташкилоти раҳбари Михаил Климарёв

Айни дамда, Россия ҳукумати “Яровая қонуни”га мувофиқ, шахсий маълумотларни мамлакатга кўчиртириш бўйича чиқарган қонунининг IT-компаниялар томонидан бажарилишиникечиктириш бўйича муҳокамалар олиб бормоқда. Гап шундаки, олдинроқ Роскомнадзор Facebook ва Twitter тармоқларини 4 миллион рублдан ҳар бирини жаримага тортганди - компаниялар на серверларни Россияга кўчириш, на жаримани тўлаш бўйича мажбуриятларни бажарди.

«Шахсий маълумотлар тўғрисида» ги қонун Ўзбекистонда икки йил олдин — 2019 йил январь ойида қабул қилинган ва ўша йилнинг 1 октябридан кучга кирган.

Шахсий маълумотлар маълум бир шахсга тегишли бўлган, уни аниқлашга имкон берувчи электрон, қоғоз ёки бошқа моддий воситада акс эттирилган маълумотларни англатади.

XS
SM
MD
LG