Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:39

Москва ва Петербургда ушланган муҳожирлар оммавий террор уюштиришда гумонланмоқда


12 ноябрь куни Санкт-Петербургда қўлга олинганлар.
12 ноябрь куни Санкт-Петербургда қўлга олинганлар.

Россияда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 10 муҳожир "Исломий давлат" гуруҳига мансубликда гумонланиб қўлга олинди. Федерал хавфсизлик хизмати расмий хабарига кўра, ҳибс этилган шахслар Москва ва Санкт-Петербургда қатор террорчилик актларини содир этишда гумонланмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари ўтган якшанба куни Федерал хавфсизлик хизмати томонидан террорчиликда гумонланиб Санкт –Петербургда 7 киши, Москвада эса яна 3 киши ушланганини хабар қилди. Петербург ва Москвада қўлга олинганлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ватандошларидир.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, иккала шаҳарда ушланган ватандошларнинг аксари ўзбек миллатига мансуб.

"Новости" агентлиги эса Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) мазкур амалиётни Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда амалга оширганини билдирди. ФСБ оператив хабарига кўра, уларнинг махфий хизматлар назорати остига олинишига “шубҳали телефон суҳбатлари” бўлган.

Москвадаги квартирада ушланган уч нафар сантехника савдогарларидан “учта ўта кучли портловчи бомба” мусодара қилингани, Петербургда ҳибс этилганларнинг эса “Петербургда террорчилик хуружи уюштириб, Сурияга жиҳодга жўнаб кетишга” ҳозирлангани айтилди.

Интернет тармоқларида террорчиликда гумонланаётган ўзбек-тожик муҳожирларини қўлга олиш амалиёти видеотасвирлари пайдо бўлди.

(Россия ФСБси оператив видеотасвири)

“КоммерсантЪ” нашрининг оператив ходимларга таяниб хабар қилишича, муҳожирларнинг барчаси ўз юртида жиноий жавобгарликка тортилган, улардан уч нафари эса экстремизмда айбланиб қидирувда бўлган. Ҳибсга олинганлар тожикистонлик бўлгани айтилган шахс томонидан ИШИДга ёлланган, Россияда террорчилик хуружларини амалга ошириш учун қурол-яроғ сотиб олишга киришган.

"Портлаш уюштирмоқчи бўлган экстремистлар назорат остида бўлган. 12 ноябрь куни олиб борилган махсус амалиёт натижасида Москва ва Санкт-Петербургда ўнта террорчи ушланди. Мигрантлардан тўртта қўлбола бомба, портловчи қисмлар, ўқотар қурол, ўқ-дори ва алоқа воситалари мусодара қилинди", дея хабар қилди “Комсомольская правда” газетаси мутассадди идораларга таяниб.

Айтилишича, “халқаро террорчилик гуруҳини бартараф этишда” Россия Ички ишлар вазирлиги ва ФСБ билан биргаликда Тожикистон ва Қирғизистон махфий хизматлари иштирок этган. Жумладан, фсбчилар эълон қилган видеоҳисоботда бошидан қора қоп ечилган ёш йигитча сўроққа тутилаётгани тасвирга олинганини кўриш мумкин.

- Исмим Мирзоев Абдуҳолиқ. Мен одам ёллаш учун Сурияга даъват қилганим учун ҳибсга олиндим. Акам Сурияда “жиҳод” қилаяпти. Москва шаҳрида тоғам билан бирга“терроризм актини” амалга оширмоқчи эдим. Тоғам Қирғизистон ватандоши. Ўзим Тожикистоннинг Турсунзодасидан. Тожикистонликман, миллатим ўзбек, дейди терговчи саволларига рус тилида жавоб берган муҳожир йигит.

“Российская газета” расмийларга таянган ҳолда¸ қўлга олинганларнинг Москва ва Петербургда бир вақтнинг ўзида 2015 йилнинг 13 ноябрида Парижда содир этилган террорчилик ҳужумига ўхшаш хуружларни режалаштирганликда айбланаётганини билдирди. Ўтган йили Парижда содир этилган террор ҳужумида 130 одам ҳалок бўлган эди.

Эслатиш жойизки, сўнгги пайтларда Россия ҳуқуқ тартибот идоралари ИШИД ва халқаро террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олаётган ёки отиб ўлдираётган биринчи муҳожирлар гуруҳи эмас. Мустақил кузатувчилар суд қарорисиз ФСБ томонидан террорчига чиқарилган муҳожирлар ҳақидаги хабарларга шубҳа билан қарашини билдириб келмоқда.

Хусусан, 23 октябрь куни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида мамлакат хавфсизлик кучлари махсус амалиёт пайти террорчиликда гумонланган икки ўзбекистонлик отиб ўлдирилганиди, яна бирини қўлга олингани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Шунингдек, Россия пойтахти Москвада диверсия уюштиришда айбланган уч нафар Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандоши ҳибс этилган эди. Улар шу йилнинг 7 октябр куни Москванинг “Крокус Экспо” кўргазма комплексидаги ҳожатхоналардан бирида топилган портловчи моддага алоқаси борлиги тахмин қилинган эди.

2016 йилнинг май ойида Москвада террорчиликда гумонланиб қўлга олинган 12 нафар меҳнат муҳожирининг аксари озодликка чиқарилгани тўғрисида ҳам хабар берилган.

XS
SM
MD
LG