Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Тошкентда "Ислом ота" масжидининг юз очди оши берилди


6 октябрь, эрталаб Тошкент шаҳрининг “Фарғона йўли” кўчасида жойлашган “Ислом ота” жомеъ масжиди очилиши муносабати билан эҳсон оши берилди.

Маросимда иштирок этган тингловчининг Озодликка айтишича, тадбирда диний уламолар, давлат арбоблари, машҳур санъаткорлар ва масжид атрофидаги маҳалла аҳолиси қатнашган.

Меҳмонларга “Ислом ота” жомеъ масжиди жамоаси номидан берилган таклифномада эҳсоннинг “масжид янги биносининг очилиш шукронаси ҳамда марҳум Юртбоши Ислом Каримов руҳи покларига савоби етсин умидда” ташкил қилинаётгани айтилган.

Таклифномада, шунингдек, масжид биноси ўтган йилнинг баҳорида ёнғин туфайли намоз ўқишга яроқсиз бўлиб қолгани эслатиларкан, у “марҳум Юртбошининг кенжа қизлари Лола Каримова-Тилляева ва куёвлари Тимур Тилляев ҳомийлигида Ўзбекистоннинг энг моҳир меъмор ва усталарини жалб этган ҳолда буткул қайта қурилгани” айтилган.

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган ва тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинаëтган “Жўрабек“ масжидига Ўзбекистоннинг марҳум президенти номи берилгани ҳақида унинг кенжа қизи, ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон вакили Лола Каримова -Тиллаева ўтган ойда хабар қилган эди.

“Масжидни қайта тиклаш, савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман”, деб ёзган эди Лола Каримова –Тиллаева.

Бу ҳақда Озодлик ўтган ойда ёритган материалда тошкентлик меъмор ва реставраторлар Ëдгорликларни сақлаш бошқармаси рўйхатида турган тарихий “Жўрабек” масжиди¸ мавжуд қоидаларга зид тарзда бузилиб “таъмир қилинган” деб расмийлаштирилганидан хавотир билдираётгани ҳақида айтилган эди.

Озодлик радиоси бу ҳавотирлар юзасидан Тилляевлардан муносабат ололмади.

XS
SM
MD
LG