Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:38

ИШИД Ўзбекистонга ракета отдими? Тошкент инкор этяпти, Толибон текширяпти


Ракеталар собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган техникадан отилгани иддао қилинмоқда.
Ракеталар собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган техникадан отилгани иддао қилинмоқда.

18 апрель куни бир қанча расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларига ўнта ракета отилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Аммо Ўзбекистон президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Telegram-канали орқали бу хабарни кескин инкор этди.

Термиз шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларда яшайдиган ўзбекистонликлар ҳам ракета тушганидан хабари йўқлигини айтар экан, лекин шаҳар узра Ўзбекистон қуролли кучларига қарашли ҳарбий учоқлар парвозлари одамларни хавотирга солганини таъкидлади.

"Америка овози" радиосининг террорчилик тарғиботини кузатувчи Site Intelligence ташкилотининг душанба куни тарқатган баёнотига асосланиб хабар беришича, "Исломий давлат" Хуросон бўлими Термиз шаҳридаги Ўзбекистон ҳарбий базасига 10 та ракета учирган".

Маълумотларга кўра, учирма майдончаси Афғонистон шимолидаги Балх вилоятидаги чегарадаги Ҳайратон шаҳрида бўлган. Террор гуруҳи ўз даъволарини тасдиқлаш учун снарядларнинг фотосурати ва видеосини ҳам эълон қилган.

Аммо бу ракеталар зарбасидан кўрилган зарар ҳақида ҳеч қаерда бир оғиз ҳам гап айтилмади.

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби, 18 апрел куни Мудофаа вазирлигига таянган ҳолда, бу фейк хабар эканлиги ҳақида ўзининг Телеграм каналида баёнот берди:

Президент матбуот котиби баёноти.
Президент матбуот котиби баёноти.

“Айрим Telegram-каналлар томонидан Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор”.

Президент матбуот котиби ўзбекистонликлардан провокацияларга берилмасликни сўраган.

Аммо Озодлик радиоси афғон хизматининг хабар беришича, айни пайтда Толибон ҳукумати Афғонистон ҳудудидан ўзбек томонига ракета ҳужумларини ИШИД амалга оширгани ҳақидаги иддаолар юзасидан текширув бошлаган.

Бу хабардан сўнг баъзи оммавий ахборот воситалари ракеталар Афғонистон ҳудудидан отилгани ҳақида хабар тарқатди, бироқ Толибон бу айбловларни рад этди.

Толибон ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид сешанба куни Озодлик билан суҳбатда улар ракеталар қаердан отилганини ўрганаётганини айтди:

“Биз Афғонистоннинг ўзида ИШИДга қарши курашяпмиз ва уларни деярли мағлуб этдик, уларда ҳеч қандай жисмоний фаоллик йўқ ва уларнинг ҳеч қандай асослари йўқ ва уларнинг бирон бир ҳудудда мавжудлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ".

Аммо Толибон даъвосига қарамай, ИШИД Афғонистонда таҳдидга айланиб бораётганидан хавотирлар бор.

Хавфсизлик бўйича собиқ эксперт ва НАТОнинг Афғонистондаги собиқ маслаҳатчиси Шафиқ Ҳамдамнинг айтишича, Толибон ИШИДни писанд қилмай нотўғри қилмоқда ва таҳдидни жиддий қабул қилиши керак:

“У Афғонистон тупроғидан қўшниларни нишонга оладиган қурол ёки ракеталарга эга”.

Бу каби хабарлар Афғонистонга қўшни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри аҳолисини ҳам хавотирга солиб қўйди.

Термиз шаҳрида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, унинг ракета тушганидан хабари йўқ:

“Биз ҳам Термиз томонга ракета отилибди, деган хабарни ижтимоий тармоқлардан ўқидик. Шаҳарга ва унинг атрофидаги қишлоқларга ракета тушгани йўқ. Хабарда Ўзбекистон Қуролли кучларининг ҳарбий бўлинмалари турган жойга қараб отилган дейиляпти. Унисини энди биз билмаймиз, бўлган бўлса ҳам бу биз учун ёпиқ информация. Лекин шаҳар тинч”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир термизликнинг айтишича, сўнгги пайтда Термиз осмонида ҳарбий учоқлар фаоллиги кучайгани кузатилмоқда:

“15 апрел куни Амударё томонидан иккита самолёт учиб келиб, Термизни бир айланиб яна қайтиб кетди. Ҳарбий самолётларнинг баланд товушидан биз анча хавотирга тушдик”.

Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан бери ИШИД катта-кичик ҳужумлар, жумладан, Кобул, Қандаҳор ва Қундузда ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужумларни амалга оширди.

Аммо ИШИДнинг Афғонистондан Ўзбекистонга ҳужум қилгани ҳақидаги иддаолар исботланса, ИШИД биринчи марта Афғонистондан қўшни давлатни нишонга олган бўлади.

Термиздаги объектлар Афғонистон ҳудудидан нишонга олинганига оид маълумот расман рад этилди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Телеграм каналида ёзишича, сўнгги пайтларда ИШИДнинг ҳарбий ҳаракатлари ҳақида фейк хабарлар кўпайган:

“Ўзбекистоннинг Термиздаги объектлари ИШИДчилар томонидан нишонга олинганига оид бу каби “фейк-хабарлар” аввалроқ “Милитарист” ҳамда “Военний обозреватель” (Ҳарбий шарҳловчи) Telegram-каналлари томонидан тарқатилган эди”.

XS
SM
MD
LG