Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Силга чалинган болалар интернатига кўрпалар қайтариб берилди


Тўрткўлдаги 5 санатория интернат-мактаби ётоқхонаси
Тўрткўлдаги 5 санатория интернат-мактаби ётоқхонаси

Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернати ўқувчиларининг пахта тераётган ҳарбий хизматчиларга бериб юборилган кўрпалари ўрнига бошқа кўрпа-тўшак олиб келинди.

Бу ҳақда мактаб-интернат тарбияланувчиларидан бири Озодликка хабар қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, интернатдаги болаларнинг кўрпа-тўшак билан тўлиқ таъминлангани аниқланган.

Озодлик интернатда даволаниб ўқиётган сил касаллигига мойил болалар кечаси билан ухлолмай совқотиб чиқаётгани, шамоллаб касал бўлаётгани ҳақида ота-оналар Озодликка 25 октябрда хабар қилган эди.

Исми сир қолишини сўраган интернет тарбияланувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, мақола эълон қилинган куннинг эртаси, 26 октябрь куни интернатга кўрпа-тўшак келтирилган:

"Мошинада олиб келишди, нечта эканлигини санай олмадим. Лекин 26 октябрь куни ҳамма болалар кўрпа-тўшакли бўлди", дейди тарбиячилардан бири.

Маълумот бергани учун жазоланишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган тарбиячи болаларнинг аҳволини кўриб, юраги ачиётганини Озодликка айтиб, шундай деган эди:

50 та кўрпа, 50та тўшакни 28 сентябрда пахта тераётган аскарларга деб, олиб кетишди. Болалар кўрпачасиз, устига пододеялник ёпиб ётадиган бўлишди. Ўша кунлар ҳаво илиқ эди, унчалик сезилмади. Энди эса ёмғир ёғиб, ҳаво совуганидан кейин, болалар шамоллаб, касал бўла бошлади. Кечаси билан айланиб уларнинг простинга ўралиб ғужанак бўлиб ётганини кўрсам, ичим эзилиб кетади. Бунинг устига бу болалар силга мойил. Уларга совуқ, намгарчилик умуман мумкин эмас. Наҳотки, шонли теримчи аскарларимизнинг куни касал болаларнинг кўрпа-тўшагига қолган бўлса”, дейди тарбиячи.

Озодлик болалар ётган кроватларнинг тўшак ва кўрпасиз эканлиги ҳақида видео ҳам эълон қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича:

"Мактабдаги кўрпа тўшаклар пахта теримига жалб қилинган муддатли ҳарбий хизматчиларга бериб юборилганлиги бўйича ҳолати бўйича туман молия бўлими ҳамда Республика халқ таълими вазирлиги мутахассислари иштирокида ўрганилганда, муассаса ётоқхонаси қуввати 216 ўринга мўлжалланлиги, жорий йилнинг 26 октябрь куни ҳолатига ётоқхонада 186 нафар (53 нафари қиз болалар) ўқувчиларнинг яшаётганлиги, ўрганишда 204 та ётоқ ўринлари кўрпа тўшаклар билан тўлиқ таъминланганлиги, қолган кўрпа-тўшакларга зарурат бўлмаганлиги сабабли, омборхонада сақланаётганлиги аниқланди".

Мактаб маъмурияти юқорининг буйруғи билан 50та кўрпа-тўшак сафарбарлик резервидаги ҳарбийларга бериб юборилганини Озодликка тасдиқлаган эди.

XS
SM
MD
LG