Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:52

АҚШнинг 46-президенти Жо Байден қасамёд қилди(ВИДЕО)


Жо Байден президент сифатидаги илк нутқини сўзламоқда, 20 январь, 2021, Вашингтон.
Жо Байден президент сифатидаги илк нутқини сўзламоқда, 20 январь, 2021, Вашингтон.

20 январь куни янги сайланган Жо Байден АҚШнинг 46-президенти сифатида қасамёд қилди.

Қасамёд маросими Вашингтонда, маҳаллий вақт билан соат 11 да Капитолий биносида бошланди.

Муддати битган президент Дональд Трамп рафиқаси Мелания билан бирга инаугурация куни Оқ Уйни тарк этди.

Бу галги президент инаугурацияси АҚШ тарихида мисли кўрилмаган тарзда - ярим виртуал шаклда ўтди.

Президент ва вице-президент учун анъанавий инаугурация паради, инаугурация бали уюштирилмади.

Бундан ташқари, қасамёд маросими бу йил фавқулодда кучайтирилган ҳарбий назорат остида ўтди.

Вашингтон шаҳрида хавфсизликни сақлаш учун 20 мингдан ортиқ ҳарбий сафарбар қилинди.

Ярим виртуал маросим

АҚШ президентлигига сайланган Жо Байден ҳам вице-президентлигига сайланган Камала Харрис Капитолий биноси қошида қасамёдга келтирилди.

Қуйида қасамёд маросимидан узатилаётган жонли ёйинни томоша қилишингиз мумкин:

Қасамёд нутқида Байден, ўз юртдошлари ва тарафдорларини АҚШ тарихида мисли кўрилмаган “бўҳрон ва муаммолар даврида” биргаликда янги саҳифа очишга чақирди.

Президент мамлакатда аксар соҳаларни “тиклаш ва даволаш зарурлиги, ҳали кўп ишлар бажарилиши керак”лигини таъкидлади.

Биз бугун кимнингдир ғалабасини эмас, балки демократия ғалабасини қутлаяпмиз.

"Бу - эртанги кунга умид куни. Биз бугун кимнингдир ғалабасини эмас, балки демократия ғалабасини қутлаяпмиз. Бугун демократия ғалаба қозонди. Ҳали кўп ишлар қилишимиз керак. Кўп соҳаларни тиклаш ва даволашимиз керак, ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз керак", деди Жо Байден.

Ўз нутқида Байден, охир оқибатда, АҚШда ҳукумат алмашинуви “тинч йўл билан” ўтганига алоҳида урғу берди. Бунинг учун ҳар икки партия аъзоларига “қалбдан чуқур миннатдорлик” билдирди.

Янги президент америкаликларни бирлашишга чақирди ва фақат шу йўл билан “ички террор ҳамда оқ суперматизмни енгиш мумкин”лигини таъкидлади. Шунингдек, Байден “моддий манфаат учун тарқатилаётган ёлғонларга ишонмаслик”ка чақирди.

Президент Байдент, илк нутқида халқаро ҳамжамият ва АҚШнинг иттифоқчиларига ҳам юзланди.

Америка синовдан ўтди ва бу синовдан биз янада кучлироқ бўлиб чиқдик.

"Чегараларимизнинг нариги тарафида турганларга айтар сўзим шуки, Америка синовдан ўтди ва бу синовдан биз янада кучлироқ бўлиб чиқдик. Биз иттифоқчиларимиз билан алоқаларни тузатамиз ва дунёга янгидан қўшиламиз", деди Байден.

Аксар Европа давлатлари етакчилари АҚШ Оқ Уй маъмуриятини қутлаб, келгусида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Дональд ва Мелания Трамп Оқ Уйни тарк этмоқда, 20 январь, 2021
Дональд ва Мелания Трамп Оқ Уйни тарк этмоқда, 20 январь, 2021

Парад ва балсиз инаугурация

АҚШ 46-президенти қасамёд маросимида Женнифер Лопес қўшиқ куйлади, Леди Гага эса АҚШ гимнини ижро этди.

Бу гал президент ва вице-президент учун анъанавий инаугурация паради уюштирилмади. Бундан ташқари, инаугурация бали ҳам бўлмади.

Байденнинг инаугурация қўмитаси, бунинг ўрнига "Америка бўйлаб виртуал парад" уюштирди.

АҚШдаги анаъанавий қасамёд маросими тарихи:

Пандемия ва зўравонлар таҳдиди

Президентни қасамёдга келтириш маросими коронавирус пандемияси фонида ҳамда зўравонлик таҳдидлари остида бўлиб ўтмоқда.

Вашингтон шаҳри мэри Мюриел Баузер аҳолини уйдан чиқмасликка чорлади.

Airbnb сайти эса бошқа шаҳарлардан америкаликлар пойтахтга келиши олдини олиш учун барча резервлар бекор қилинишини эълон қилди. Фаоллар мэр Баузердан барча меҳмонхоналарни ҳам ёпишни талаб қилди, аммо у бу талабни бажармади.

Инаугурация куни шаҳар марказидаги йўллар ва метро бекатлари ёпилди. Анъанага кўра, лавозимини бўшатаётган президент ҳокимиятни тинч йўл билан топшираётганини ифодалаш учун инаугурация маросимида қатнашади.

Трамп қасамёд маросимида қатнашмади

Associated Press агентлигининг хабар қилишича, ҳеч бир исбот-далилсиз сайловлар қонунбузарликлар билан билан ўтди, деб иддао қилган Дональд Трамп Байден инаугурациясида қатнашишдан бош тортди. Вице-президент Майк Пенс тадбирда иштирок этди.

Оқ Уй Трампнинг хайрлашув видеосини эълон қилди ва унда Трамп янги маъмуриятга муваффақиятлар тилади.

Associated Press Дональд Трамп ўзининг 20 дақиқалик нутқида бирон марта ҳам Байден номини тилга олмаганига эътибор қаратди.

Кучайтирилган ҳарбий назорат

Дастлаб уюштирувчилар анъанавий инаугурациянинг айрим жиҳатларини сақлаб қолишни режалаштираётган эдилар.

Аммо, 6 январь куни Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб кириши ортидан бу фикрдан воз кечилди.

Бу орада Вашингтон марказига кўп сонли ҳарбий сафарбар қилинди.

Миллий савдо маркази ва Вашингтон ёдгорлиги ёпилди. 20 январь куни 21 минг нафар Миллий гвардия аскари ҳамда пойтахт полицияси ва федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ишга чиқди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 6 январдан фарқли ўлароқ, полиция бу сафар ҳар қандай тартибсизликка муносиб жавоб беришга тайёр эканини билдирди.

Федерал тергов бюроси Трамп тарафдорлари пойтахт Вашингтонда ва бошқа штатлар пойтахтларида қуролли намойишга чиқишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG