Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Бухоро масжидлари таҳоратхоналарида сочиқ ишлатиш тақиқланди


Ўзбекистондаги мажсид таҳоратхонаси
Ўзбекистондаги мажсид таҳоратхонаси

Бухоро вилоят имом-хатиби Мансур Нуралиев ўтган жума куни мажлис ўтказиб, вилоят масжидлари таҳоратхоналарида сочиқдан фойдаланишни тақиқлади.

Бухоро марказидаги масжидлардан бирининг ўзини Отабек ҳожи деб таниширган мутаваллисининг 26 март куни Озодликка айтишича¸ 23 март куни ўтказилган мажлисда Мансур Нуралиев “Бухородаги қайси масжидда оëқ ëки қўл сочиқ кўрсам, ўша масжид имомини ишдан оламан”, деб огоҳлантирган.

Сочиқми, қоғозми?

Мутаваллиниинг айтишича¸ бундан буëн барча масжидларда бир марталик қоғоз салфеткалар қўйишга буйруқ берилган.

“Қайси имом масжидга қўл ëки оëқ сочиқ қўйса мендан ҳафа бўлмасин. Бундан буëн барча масжидларда қоғоз сочиқлар ишлатилсин", деб буйруқ берди. Салфетка ишлатасан, деб бизни мажбурлади”, - деди мутавалли.

Унинг айтишича¸ масжидда сочиқлар ҳар куни кир ювиш кукуни билан ювиб қўйилмоқда ва қоғоз сочиққа ўтиш масжид учун ортиқча ҳаражат бўлади.

Бухоро вилоят ҳокимиининг диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Зокиржон Ҳидоятовниг ëрдамчиси Озодлик билан суҳбатда “қоғоз салфеткалар гигиена мақсадида жорий қилинганлигини” айтди.

Унга кўра¸ кўклам пайтида грипп ва бошқа касалликларнинг жамоат жойларида тарқалишининг олдини олиш мақсадида жамоат тўпланадиган барча муассасалар, жумладан масжидларда бир марта ишлатиладиган қоғоз сочиқлар ишлатиш бўйича соҳа раҳбарларига тавсия берилган.

Мулозимга кўра¸ “Туристлар келадиган Бухоро шаҳри тозалик ва гигиена бўйича бошқа ҳудудлар раҳбарларига намуна бўлиши керак”.

Кесакми, қоғозми?

Масжидлардаги санитария-гигиена масаласининг бошқа бир жиҳати ҳам мавжуд.

Озодлик мобил мухбирининг кузатишича¸ Самарқанддаги «Гўри Амир» мақбараси ёнидаги бир масжид таҳоратхонасида “қоғозда артинманг, қоғозда артиниш макруҳ”, деган ёзув илиб қўйилган.

Мухбиримизга кўра, бу таҳоратхонада артиниш учун ҳеч нарса йўқ. Бошқа айрим масжидларда эса артиниш учун атайлаб қоғоз қўйилмаган.

Бухоро шаҳридаги Шайх Саъдий жоме масжидида намозларини адо қиладиган 56 яшар Баҳодир Ибодов ҳам Озодлик билан мулоқот қиларкан, қоғоздан фойдаланиш тўғри эмас, деган фикрни бирдирди:

- Таҳорат қилиш шартларида кесак ëки бўз парчасига артининг дейилган. Таҳорат ҳам ибодат¸ унинг шартлари бузилса кўнгил ҳижил бўлади¸ дейди бухоролик диндор.

Қоғозда юз ва оёқ-қўлларни артиш макруҳ деган гап борми¸ деган саволни Тошкентдаги "Дўмбирабод" жоме масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғайга бердик. Озодлик билан 26 март кунги суҳбатда имом “қоғозга артинмаслик деган деган қоида қоғоз тақчил бўлган даврларда мавжуд бўлгани ва бугунга келиб қоғозга артиниш махсус фатво билан рухсат берилганини айтди:

- Қоғоз салфеткани Дўмбиробод масжидида ишлатяпмиз. Келажакда ҳам ишлатамиз иншоллох. Чунки бу - ҳақиқатда ҳам тозалик гарови. Оддий сочиқларни ювсак ҳам ҳиди кетмайдиган бўлиб қолгани ҳам рост. Буни ҳаражати катта дейиш ҳам нотўғри 50 -60 минг сўмлик қоғоз кетяпти бизда масалан. Бу қоғозни ҳам мен обераман деган савобталаблар оберади. Қоғозга артиниш макруҳ деган тушунча эскирди. Бугун, масалан, кесакка артинсак канализация тизимлари тиқилиб қолади. Бухородаги мусулмон биродарларимиз қоғоз салфета бўйича раҳбарлар талабига кўниши керак¸ - деди имом Шермурод Тоғай.

Ҳожатхона қурган тадбиркор солиқни озроқ тўлайди

Шу ўринда ҳукуматнинг ҳожатхоналар бўйича сиёсатига доир бир янгиликни эсингизга соламиз

Тадбиркорларга умумий ҳожатхоналар қуриш, уларни реконструкци қилиш ва таъмирлаш ҳисобига ўз солиқ базасини камайтириш имконияти берилажаги ҳақда Халқаро пресс-клубнинг жорий йил, 7 февралида бўлиб ўтган учрашувда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Ушбу имтиёз 2020 йилнинг 1 январига қадар амалда бўлади.

“Икки йил давомида Ўзбекистондаги барча умумий ҳожатхоналар тартибга келтирилиши керак. Тадбиркорга иккита имконият бериляпти – ёки у ҳожатхоналарни тартибга келтиради ёки давлатга солиқ тўлаб боради”, деди Азиз Абдуҳакимов.

Тадбирда аҳоли орасида умумий ҳожатхонадан фойдаланиш маданиятини ошириш борасида ҳам сўз борди. Ҳозирда республикадаги ҳожатхоналар аҳволи ачинарли экани, санитария-гигиена жиҳатидан талабга жавоб бермаслиги алоҳида қайд этилди.

XS
SM
MD
LG