Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:31

2020 олиб кетганлар: Узун ва ҳузунли рўйхат


2020 йил ўзбек адабиёти ва санъатининг ўнлаб намояндалари учун вафот санаси сифатида тарихга кирди
2020 йил ўзбек адабиёти ва санъатининг ўнлаб намояндалари учун вафот санаси сифатида тарихга кирди

2020 йилда адабиëт¸ кино¸ театр ва тасвирий санъат ўзининг кўплаб дарғаларидан жудо бўлди. Улардан баъзиларининг COVID-19дан вафот этгани расман маълум қилинди, бошқалари мухлислар томонидан пандемия олиб кетганлар қаторига қўшилди.

Рейсхтагга жубба кийдирган улуғ рассом Кристо Явашев¸ сатирик ëзувчи Михаил Жванецкий¸ режиссер Георгий Шангелая¸ жаз қироли Эллис Марсалис¸ санъатшунос Ирина Антонова, актер Валентин Гафт каби ўнлаб санъат арбоблари учун 2020 йил ўлим йили бўлди. “Санта Барбара”¸ “Агент 007”¸ “Шамолларда қолган хаëлларим”¸ “Иф қалъаси маҳбуси”, “Ҳур қизлар” “Итюрак” каби фильмларда роль ўйнаган таниқли актерлар дунëдан ўтди. “Ну, погоди!” мультфилмида қуëнга овоз берган Клара Румянова ҳам миллионлаб мухлислари билан видолашди.

Сатирик Михаил Жванецкий
Сатирик Михаил Жванецкий

Узун ва ҳузунли рўйхат

Озодлик радиосидаги маданиятга оид хабарларни изоҳлаб келган меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевга кўра, “кечган йилда санъат осмони юлдузлари бир-бир сўнди”.

-Ҳар йили санъаткорлар оламдан ўтади, аммо бу йил кўплаб буюк санъаткорлар ўлди. Ўзбекистон санъат ва адабиëти ҳам йўқотишлар билан тўла бўлди. Гўзал рассом Ҳаким Мирзаҳмедов¸ рассом ва киночи Нозим Аббосов¸ замонавий ўзбек поп мусиқаси мундарижасини белгилаган қўшиқчи ва бастакор Руслан Шарипов¸ ўзбек киноси шоҳ асарларидан бирини олган кинотасвирчи Дилшод Фатхуллин. Бу рўйхат узун ва ҳузунли. Бу ижодкорларсиз ҳаëтимиз ғариб ва рангсиз бўлди, дея ўйлайман. Кечаëтган йил санъат осмони юлдузлари бир-бир сўнган йил сифатида тарихга кирди.

Шоир Омон Матжон
Шоир Омон Матжон

Бу ҳали тўлиқ бўлмаган рўйхатдаги замондош ижодкорларнинг ëши ва ижоди турфа, аммо "ўлим санаси" деган жойга 2020 йил ëзилган.

Шукрулло, шоир. 1921 -2020

Азим Суюн, шоир. 1948 -2020

Аида Юнусова, киноактриса. 1948 -2020

Ойбарчин Бакирова, киноактриса ва дубляж устаси. 1950 -2020

Нозим Аббосов, рассом ва киночи. 1962 -2020

Анвар Обиджон, шоир. 1947-2020

Ҳаким Мирзаҳмедов, рассом. 1950 -2020

Руслан Шарипов, бастакор ва хонанда. 1966- 2020

Дилшод Фатхуллин, кинотасвирчи. 1940 -2020

Андрей Кубатин, турколог олим. 1984- 2020

Клара Жалилова, актриса. 1938 -2020

Дилбар Икромова, актриса. 1947- 2020

Мамадали Маҳмудов, ёзувчи. 1940- 2020

Омон Матжон, шоир. 1943 -2020

Маҳмуд Тўйчиев, киночи. 1951- 2020

Шуҳрат Қаюмов, хонанда ва сухандон. 1969 -2020

Азимжон Асқаров, рассом ва ҳуқуқ фаоли. 1951 -2020

Фатҳулла Маъсудов, актёр. 1963 -2020

Абдураим Абдуваҳобов, актёр. 1963 -2020

Маҳмуджон Тожибоев, ҳофиз. 1957-2020

Саидкарим Саидорипов, актёр. 1963 -2020

Ғайбулла Хожиев, актёр ва дубляж устаси. 1956-2020

"Қарз берилган нурни олиб кетдилар..."

Кечган йил 1978 йилда экранга чиқарилган “Шум бола” фильмидаги асосий ролларни ўйнаган икки актёрни олиб кетди. Олдин фильмдаги Қоравой роли ижрочиси Абдураим Абдуваҳобов, кейин эса шум боланинг дўсти Омонни ўйнаган Саидкарим Саидорипов оламдан ўтди.

«Ҳаëл экрани¸Бехос қора тортди¸ мусиқа тинди¸

Қарз берилган нурни олиб кетдилар». (Омон Матжон)

Шуҳрат Аббосов сценарийси асосида киночи Дамир Салимов суратга олган бу фильмга бастакор Румил Вилданов мусиқа басталаган.

Бангихона ичидаги тарёк ҳидини эслатувчи бир тароват бор бу мусиқаларда. Удми ë чилтор¸ хуллас, шарқона инжа бир соз ноласи.

Умр ўтар, вақт ўтар - Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:10 0:00

Боз устига, мунг ва кадар. 13 яшар Абдурайим Абдуваҳобов ижросидаги қўшиқ эса, бу ғамгинликни янада чуқурлаштиради.

Бундан 11 йил олдин Озодлик билан суҳбатда Абдураим Абдуваҳобов «Шум бола» фильмига лейтмотив бўлган «Дарë тошқин» қўшиғини ҳиргойи қилган эди.

сувлар салқин ўтолмайман-eй¸

Отим ориқ, манзилимга етолмайман-eй¸

Отгинамни ориқ қилган шу майда тош-eй¸

Рангинамни сариқ қилган шу қалам қош-eй.

Дарëларнинг ул юзида уйларингиз-eй¸

Оқарибон кўринади бўйларингиз-eй¸

Ипакмиди, атласмиди кийганингиз-eй¸

Бизлардан ҳам ортиқмиди суйганингиз-eй.

Ортда қолган йил ўзбек кино санъати учун ҳам ката йўқотишлар йили бўлди. 1985 йилда суратга олинган «Келинлар қўзғолони" фильмида Сотти образи билан кино мухлислари меҳрини қозонган Дилбар Икромова пандемия авжида оламдан ўтди. Бир вақтлар ўзбек поэтик киносининг ташриф қоғози ҳисобланган «Нозиклик» фильмини суратга олган киночи Дилшод Фатхуллин ҳам йил қаърида қолди.

Юксакликдан қулаган

Қўшиқчи Руслан Шарипов
Қўшиқчи Руслан Шарипов

2020 йилнинг 28 июлида Руслан Шарипов вафот этди.

Мунаққид Абдумалик Турдиев таърифига кўра¸ Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йилдаги поп мусиқа мундарижасини Руслан Шарипов белгилаган:

“Бу яхшими, ëмонми, билмайман. Аммо айнан шундай. Барча шлягер поп қўшиқларни Руслан Шарипов басталаган. Бугун Россия шоу-бизнесида ярақлаб кўринган Наргиз Зокировани¸ ëшларнинг севимли қўшиқчиси Тоҳир Содиқов¸ Рашид Холиқов ва яна ўнлаб қўшиқчиларни пайдо қилган шоу-бизнес меъмори эди раҳматли Руслан...”

Руслан Шарипов Самарқандда туғилган. “Болалар”¸ “Сетора”¸ “Байт” гуруҳлари асосчиси. Бундан ташқари, у “Шаҳзод” ва “Хўжа” мусиқий гуруҳлари қўшиқлари бастакоридир. 2000 йилда Ўзбекистон президенти қарорига биноан Руслан Шарипов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган эди.

Мунаққид Турдиевга кўра, Руслан Шарипов ўз ижодини Швециядаги “Европа” мусиқий гуруҳига тақлидан бошлаган бўлса ҳам, тезда ўз услубини топиб олган:

“Нолинчи йилларнинг Ўзбекистондаги секс-тимсоли эди. Мачо. Барча қизлар ошиқ бўлган барно йигит. Шуҳрат осмонига ракета каби кўтарилди, аммо ҳарсанг тош каби қулаб, қумга сингди. Енгил наркотик¸ ичкилик¸ оилавий муаммолар Русланнинг юксак қаддини букди. Руслан басталаган қўшиқларни айтиб, шон-шуҳрат, бойлигу сарват топганлар ëрдам қўлини чўзмади. Доим шундай бўлган. Афсус, Руслан ўзининг биологик ўлимидан 5 йил олдин руҳан ўлиб бўлган эди.”

Руслан Шарипов ўз ҳаëти давомида икки марта оила қурди ва икки марта оиласидан ажрашди. Ундан Сабина¸ Ясмина¸ Камилла деган қизлар ва гўзал қўшиқлар қолди.

Ўзини сотганлар ўлимига гувоҳ бўлган адиб

Шоир Шукрулло
Шоир Шукрулло

Шукрулло дунёдаги энг кекса адиблардан бири, шунингдек, Сталин репрессиясини бошидан кечирган бўлишига қарамай, 2020 йилгача узоқ ва мазмунли умр кўрган кам сонли тирик шоҳидлардан бири эди.

Шукрулло ака билан илк марта, 1981 йили учрашгандим. Шоир Рауф Парфи билан биргаликда унинг уйига боргандик. Иккинчи марта эса, 1989 йили Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчасидаги биносида учрашдим. Ўша куни “Бирлик” иккига бўлинган, мажлис бўлаëтган эди. Шукрулло ака сўзга чиқиб, “Бирлик”ни КГБ жосуслари бўлиб ташлаб, йўқ қилиш учун иш бошлади. Эҳтиëт бўлинг", деган эди.” Озодлик мухбири сифатида Шукрулло ака билан бир неча марта суҳбатлашдим. Суҳбатлардан бирида адиб менга “сен Эгамнинг жиянимисан?”деб қолди. 1977 йил оламдан ўтган шоир Эгам Раҳим бувимнинг укаси бўлади. “Эгамнинг жияни” эканимни билганидан кейин суҳбатларимиз янада самимий бўлди. “Шоир Шукрулло 12 ëшида Магаданга сургун қилинган шоир тоғам ҳақида мен билмаган тафсилотларни гапириб берди. Кимдир Эгам Раҳимнинг шеър дафтарини ўғирлаб олиб, НКВД (КГБ) га олиб бориб берган ва унинг шеърлари "давлатга қарши" деб топилган. Гап айланиб, Шукрулло аканинг қамалиши мавзусига келди. Мени сотганларнинг ҳаммаси ўлиб кетди”, деган эди суҳбатларидан бирида.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло (Шукрулло Юсупов) 1921 йили Тошкентда туғилди, 2020 йилнинг 19 июлида Тошкентда вафот топди.

Шоир вафотидан 1 кун ўтиб, 20 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг таъзияси эълон қилинди.

Собиқ совет тузуми аёвсиз танқид қилинган "Кафансиз кўмилганлар" асари муаллифи бўлган Шукрулло Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам тақиқда қолган эди.

Илк шеърий тўплами - "Бахт қонуни" 1939 йилда чоп этилди.

Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг бошланиб кетган Сталин қатағонларининг иккинчи тўлқинида шўроларга қарши фаолиятда айбланиб, ГУЛАГ қамоқхоналарига ташланди.

1951 йили 25 йиллик қамоққа ҳукм этилган адиб шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни бошидан кечирди.

Сталиннинг ўлимидан сўнг оқланган адиб, қатағон йилларида бошдан кечирганларини 1991 йилда чоп этилган "Кафансиз кўмилганлар" романида тасвирлаб беради.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло 1990 йиллар бошида бир муддат Ўзбекистон президенти ҳузурида ташкил этилган Президент Кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

Ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудов вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00

Аммо совет даврида тақиқда бўлган Шукрулло Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам узоқ йиллар давомида қора рўйхатда қолди. У Оқсаройда, Ислом Каримовнинг ёнида ишлаган даврини эслаб, "мен ҳамиша ҳақни айтганман" деган эди.

Тарих нима деркан бизларга қараб?

Мунаққидлар 1970- йиллар шеъриятидаги уч муҳим шоирдан бири сифатида эътироф қиладиган Омон Матжон кечаëтган йил оламдан ўтди.

Ўлимидан сал олдин шоир уйига Озодлик мухбири бориб, Омон Матжонни тарих учун муҳрлаган эди.

Омон Матжондан ўн кунча олдин совет даврида асарларига тақиқ қўйилган¸ Каримов даврида эса, узун муддат ҳибсда қолган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов 16 октябрь куни 79 ёшида Тошкентдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Мамадали Маҳмудов кўзи тирик пайтида Озодлик тасвирчиси камерасида акс этган эди.

Бу ижодорлардан видеотасвирлар қолди. Марҳум Омон Матжон ëзганидек:

Тарих нима деркан

бизларга қараб?

Биз эртанги

киноленталар...

Шоир ва ëзувчилар кўмилган Чиғатой қабристони
Шоир ва ëзувчилар кўмилган Чиғатой қабристони

XS
SM
MD
LG