Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Милиция "исловотхона"дагиларни видеога олиб¸ уни Интернетда тарқатишга ҳақлими? (ВИДЕО)


Милиция "исловотхона"дагиларни видеога олиб, уни Интернетда тарқатишга ҳақлими? (ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00

Озодликка келган шикоятлардан бирига кўра¸ "ўз уйини фоҳишахонага айлантирганликда" гумонланган аëл ва унинг жазмани¸ шунингдек, айни хонадонда яна бир жуфт эркак-аёл яланғоч ҳолда видеога олинган ва милиция зобити олган бу видео оммага тарқатилган.

Бу воқеани шарҳлаган тошкентлик ҳуқуқшунос фикрича, видеони Интернетда тарқатган шахс Ўзбекистон қўл қўйган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида кафолатланган тамойилни бузган.

Ўзбекистондаги ҳокимият тизимларидан тортиб кенг жамоатчилик вакилларини жунбушга солган Каттақўрғон ИИБсида гумонланувчи аëлнинг қип-яланғоч қилиб ечинтирилиб¸ уни видеога олиб-тарқатилиши воқеасининг Озодликда ëритилиши ортидан милиция ходимларининг турли тезкор амалиëтлар давомида инсон шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ноқонуний ишлар қилаëтганига оид янги шикоятлар келмоқдаки, Андижонда бўлган воқеа ана ўшандай шикоятлардан биридир.

Воқеа содир бўлган хонадон эгалари милиция зобитини ўз инсоний шаънини топташда айламоқда ва Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларидан бу ҳаракат юзасидан тегишли чора қўллашни сўрамоқда.​

Милиция бировнинг хонадонидагиларни, ҳатто у хонадон исловатхона бўлса ҳам, видеога олиб¸ уни интернетда тарқатишга ҳақлими?

Бу саволнинг кун тартибига қўйилишига андижонлик оиланинг Озодликка қилган мурожаати ва унга илова қилинган видеотасвир сабаб бўлди.

Видеотасвирда ўзи кўринмайдиган ва ўзини таништирмаган эркак киши қоронғи хонага кириб¸ тўшакда яланғоч ëтган эркак ва аëлни сўроқ қилади ва бу жараëнни (афтидан ўзи) видеога олади.

Видеога олаëтган шахс камера қаратилган эркак кишидан кимлиги ва қаердан келганини қўпол тарзда суриштиради¸ унинг елкаси ва қорнига бир-икки зарба ҳам беради.

Шундан сўнг у ўз шеригига бошқа хона эшигини очишни буюриб¸ ўзи иккинчи хонадаги манзарани видеотасвирга олади. Бу ерда ҳам айни савол-жавоб бўлади – эркакдан кимлиги¸ қаердан келганлиги сўралади. 1:55 дақиқалик видеода уни суратга олган шахс ва унга ҳамроҳлик қилганлар кўринмайди.

Видеоëзувда акс этган воқеа¸ унинг тафсилотларидан яхши хабардор шахсларнинг гувоҳлик беришича¸ Андижон вилоят, Олтинкўл туманидаги хусусий ҳовлилардан бирида содир бўлган.

Эри бир неча йилдан бери Россияда ишлаб юрган 31 яшар аëл (унинг шахси Озодликка маълум¸ аммо эълон қилинмаëтир – таҳр.) ¸ 8 яшар ўғли билан яшаëтган эрининг ота ҳовлисини "исловотхонага айлантирганликда" гумонланади ва 27 апрелга ўтар кечаси бу ҳовлига участка нозири ëнида яна бир неча шахс билан бостириб киради.

Бостириб кириб¸ икки алоҳида хонада "маишат қилаëтган" икки жуфтликни тўшакда ушлаб¸ буни видеога олади. Кўп ўтмай бу видео интернет¸ хусусан¸ Telegram тармоғида тарқаб кетади.

“Биз меҳнат муҳожиратида юргандик¸ бизга шу видеони 30 апрель куни Интернетдан юборишди. Биз катта оиламиз¸ бу видео бутун оиламиз шаънини ерга урди¸ ҳаммамизни эл олдида шарманда қилди. Хўп¸ келин шунақа йўлга кирипти¸ қонун бўйича жазосини берсин. Укамиз ажраб¸ ҳар ким ўз ҳаëтини давом эттирар эди. Лекин бу видеони тарқатиш билан бизнинг оиламизга¸ укам ва унинг 8 яшар ўғлига ниҳоятда кучли психологик зарба берилди. Ва бу ишни давлат органида ишловчи шахс қилди”¸ дейди воқеа содир бўлган оила вакилларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Оиланинг иддаосича¸ 26 апрель тунги рейдни амалга оширган шахс¸ Андижон вилоят, Олтинкўл туман ИИБ участка нозири Нодир Маматқуловдир. Воқеа содир бўлган хонадон эгалари¸ ИИБ ходимини ўз оиласи шаънини қасддан булғаш мақсадида видеотасвирни Интернетда тарқатганликда айбламоқда.

“Биз Маматқуловнинг бу ҳатти-ҳаракатининг ноқонуний экани ва бизнинг шаънимизга тузатиб бўлмас зиëн етказилгани устидан шикоят қилиб¸ прокуратура ва порталга мурожаат қилдик. Аммо бизга ҳеч ким қулоқ солмади”¸ дейди Озодлик гаплашган хонадон вакилларидан яна бири.

Озодлик олтинкўллик оила ва улар шикоятига сабаб бўлган видеотасвир билан боғлиқ бошқа тафсилотларини ўрганиш мақсадида 13 июль куни бевосита Нодир Маматқуловнинг ўзи билан боғланди.

Қисқа телефон суҳбати давомида шикоятга сабаб бўлаëтган воқеа рўй бергани¸ унда ўзи қатнашганини билвосита тасдиқлаган милиция зобити¸ бу видеонинг қандай¸ ким томонидан¸ нима мақсадда Интернетга чиқарилгани ҳақидаги Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

- Олтинкўл туман Маъмурий ишлар бўйича судига келсангиз¸ судга материални олиб чиқдим. Фоҳишаликка¸ 190- модда қўйилган маъмурий жавобгарлик тўғрисида. Қарордан бир нусха олсангиз¸ жавоб келиб чиқади¸ - деди участка нозири Озодлик билан 13 июль кунги суҳбатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00
Бевосита линк

Афтидан¸ видеотасвир суд материалларига илова қилинган. Лекин унинг ким томонидан¸ нима мақсадда Интернетда тарқатилгани ҳақида саволга Нодир Маматқуловдан на 13 июль куни ва 16 июль куни жавоб олишнинг имкони бўлмади – милиция ходими телефон қўнғироқларига бошқа жавоб бермади.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Олтинкўл туманидаги хусусий хонадонда ўтказилган махсус рейд ва рейд давомида видеотасвирга туширилган манзаранинг айнан Нодир Маматқулов томонидан тарқатилганини тасдиқловчи далил йўқ. Аммо хонадон эгалари¸ видеотасвирнинг айнан Маматқулов телефонига ëзилгани ва унинг жамоатчиликка тарқаши учун ҳам айнан милиция зобити масъул эканини иддао қилмоқда.

Бу воқеада қонун бузилишлари борми?

Озодлик 27 апрелга ўтар кечаси Олтинкўлдаги хусусий хонадонда ўтказилган рейд ва унинг видеотасвирига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Тошкентдаги адвокатлардан бирига мурожаат қилди.

Исми очиқланмаслигини сўраган ҳуқуқшунос¸ агар маҳалладаги хонадонлардан бирининг фоҳишахонага айлантирилгани бўйича маълумот етарли бўлса ва буни тасдиқлашга хизмат қилувчи воқеа қайд этилса¸ участка нозирининг кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари,хусусан хонадонда рейд ўтказишга ҳақли эканини айтади.

“Аммо бу рейднинг¸ ҳатто ички фойдаланиш учун ҳам видеотасвирга олиниши¸ нозик ҳуқуқий масала. Бу ерда шахснинг шаъни ва қадр-қиммати деган нарса бор. Қотиллик ва бошқа оғир жиноятларда гумонланилганда милициянинг ўз экспертиза бўлими рухсати билан тергов ички фойдаланиши учун рейд видеотасвирга олиниши мумкин. Олтинкўлдаги рейд¸ бунақа категорияга кирмайди ва шунинг учун участка нозирида бундай рухсатнома борлигига шубҳам бор. Рейд давомида¸ видеоматериалнинг ўзи кўрсатиб турганидек¸ Жиноят-процессуал кодекси қўпол бузилган”¸ - дейди Озодлик гаплашган тошкентлик адвокат.

“Биринчиси¸ тегишли рухсатномасиз¸ шахсий телефонга ëзиб олинаяпти. Инсон шахси таҳқирланаяпти¸ уларга ҳақоратли муомала қилинаяпти¸ мижоз дейилган шахсни калтаклаяпти ҳам. Агар бу хонадонда фоҳишалик қилинаëтган бўлса¸ гумонланувчилар милиция бўлимига олиб борилиб¸ тегишли сўроқ илиниб¸ адвокат ҳузурида протокол қилиниши керак эди. Бу ерда эса¸ улардан қўрқув остида иқрорлик олинаяпти. Балки бу аëл ва эркак¸ ҳеч қандай ҳақ тўламай¸ жинсий алоқ билан шуғулланаëтган бўлгандир. Иккаласи ҳам вояга етган¸ уларнинг жинсий эркинлик¸ яъни бошқа вояга етган шахс билан унинг розилиги билан секс қилишга ҳаққи бор. Бундай ҳолатда Ўзбекистон қўл қўйган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида кафолатланган тамойили бузилаяти”¸ деб давом этади бу ҳуқуқшунос.

Декларацияда бундай меъёр мавжуд:

"12-МОДДА
Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга", дейилган Декларацияда.

Озодликка маълум бўлишича¸ Олтинкўл туман Маъмурий ишлар бўйича маҳкамаси 13 июль куни ўз уйини "фоҳишахонага айлантирганликда" айбланган аëл устидан ҳукм чиқарган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси (Фоҳишалик билан шуғулланиш) бўйича айбланган аëл энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилган.

“Бу ҳукмдан¸ видеотасвирга тушган эркаклар хонадонга пул эвазига жинсий алоқа қилиш учун келгани ҳақида кўрсатма берган. Бу ҳукмдан қатъиназар¸ рейдни ўтказган милиция зобити ҳатти-ҳаракатлари қонун доирасида текширилиши ва прокуратура органлари унга ҳуқуқий баҳо бериши лозим”¸ дейди адвокат.

Мутахассис фикрича¸ олтинкўллик оилада ўтказилган рейд акс этган видеотасвирнинг интернетда таркалиши милиция зобитига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)¸ 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этиш бўйича тергов амалиëтлари бошлашга асос бўлади.

“Бу видеодаги воқеа ҳам Каттақўрғондаги воқеа билан бир хил категориядаги воқеа аслида. Ўзбекистонда милиция ходимларининг шахс шаъни ва эркинликларини очиқча топташи ниҳоятда авж олган. Бизга шикоят қиладиганларнинг ҳар учтадан биттаси¸ айнан шундай жиноят қурбони – аммо бу муаммога ҳозиргача кўз юмиб келинмоқда. Каттақўрғондаги резонансли воқеадан кейин¸ ИИВ ва прокуратура бу сурункали муаммо ечими устида иш бошлаши керак”¸ дейди тошкентлик адвокат.

XS
SM
MD
LG