Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:39

"Мен ичмагандим, лекин наркологнинг бузуқ аппарати мени ичган қилиб кўрсатди"


Тошкент шаҳрида яшайдиган ҳайдовчи, 33 яшар Санжар Раҳимовнинг ОzodMikrofonга арз қилишича, уни Сирдарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ичган ҳолатда машина бошқаришда гумонлаб, наркология диспансерига текширишга олиб борган.

“Ичмаганим учун кўнглим тўқ, диспансерга бориб унинг аппаратига пуфладим. Лекин, аппарати мени ичган деб 0.144 рақам кўрсатди. Қайта пуфладим 0.138 кўрсатди. Бу аппаратларинг бузуқ, деб яна пуфлашни талаб қилдим. Бу сафар 0,078 кўрсатди. Мен врачга ҳақиқатан ҳам ичмаганимни, қон ва сийдикдан анализ олиб текширишни талаб қилдим. Лекин улар рад қилди”, дейди ҳайдовчи.

Гулистон шаҳар наркология диспансери аппарати чиқарган маълумот
Гулистон шаҳар наркология диспансери аппарати чиқарган маълумот

Санжар Раҳимовнинг айтишича, шундан сўнг инспектор ва врач протокол расмийлаштириб, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, талонини қайтариб берган ва хизмат машинасини жарима майдончасига қўйган.

Ҳайдовчи, Тошкентдан унга бошқа хизмат машинаси юборилгани учун бошлиғи билан кечга қадар иш билан юрганини, кечқурун эса Чилонзор туманидаги наркология диспансерига бориб уни қайта текширишларини талаб қилган:

“Мени у ерга киргизишмади. Фақат инспектор ҳамроҳлигида улар тест қабул қилар экан. Кейин соат 19 ларда янги ТошМИдаги республика суд-тиббий экспертизасига бордим. Борсам, якшанба куни ишламас экан. Эртаси, 15 январь куни соат 9 да бориб у ерда қон ва сийдик анализи топширдим. 16 куни эрталаб расмий жавоби чиқди. Менинг қоним ва сийдигимда умуман алкогол заррачаси ҳам топилмабди”, дейди ҳайдовчи.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд тиббий экспертиза бош бюроси берган маълумот
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд тиббий экспертиза бош бюроси берган маълумот

Санжар Раҳимов Гулистонда у пуфлаган аппарат ҳар йили давлат стандарти текширишидан ўтказиб турилиши лозимлиги, лекин уч йилдан буён у ўтказилмаганини иддао қилди.

Санжар Раҳимов бу аппаратнинг давлат стандарти текширувидан ўтганига уч йил бўлганини айтади
Санжар Раҳимов бу аппаратнинг давлат стандарти текширувидан ўтганига уч йил бўлганини айтади

Санжар Раҳимов унга нисбатан қилинган адолатсиз қарордан норози эканлигини айтар экан, бу ҳақда Гулистон шаҳар прокуратурасига расман шикоят хати билан мурожаат қилган.

Санжар Раҳимов билан суҳбатнинг тўлиғини қуйида тингланг:

“Нарколог врач аппарати мени ичган деб хулоса берди, лекин мен ичмагандим”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:36 0:00
Бевосита линк

--------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG