Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:46

HRW Ўзбекистон ҳукуматини "президентни интернетда ҳақоратлаш" айбини бекор қилишга чақирди


Президент Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини "интернетда президентни ҳақоратлаганлик" учун жиноий жазони назарда тутувчи айбловни бекор қилиш ва ушбу айблов бўйича маҳкум этилган барча шахсларни зудлик билан озод этиш юзасидан амалий қадамлар қўйишга чақирди.

Ташкилот 30 май куни эълон қилган баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда "интернетда президентни ҳақорат қилганлик" учун қамоққа ташланганлар сони ошиб бормоқда.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг Human Rights Watch баёнотида тилга олинган 158-моддаси 3-қисми "Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш"ни назарда тутади ва

  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари
  • ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш
  • ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади


Ташкилотга кўра, беш йиллик қамоқ жазосини назарда тутувчи мазкур айблов инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади.

«Ўзбекистонда одамлар президент ва бошқа ҳокимият органларини очиқ, таъқиб қилинишдан қўрқмасдан танқид қила олиши керак», - дейди Human Rights Watch нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уилямсон.

Human Rights Watch ўтган йили Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикаси Президентини интернет ёки бошқа оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқларида ҳақорат қилиш ёки унга туҳмат қилиш» айблови билан қамалган 5 та ҳолатни кўриб чиққан.

Ташкилотнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда расмийлар фуқароларни сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учун ноҳақ таъқиб қилмоқда.

“Ҳақоратланган” президент: Термизлик тармоқ фойдаланувчиси 5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:22 0:00


Баёнотда айтилишича, ҳукумат амалдорларини танқид қилганлик учун жазоловчи қонунлар халқаро ҳуқуққа зид ва баъзи ифода шакллари ҳақорат сифатида кўрилиши жиноий таъқибга асос бўлмайди.

"Президент ёки бошқа мансабдор шахсларни «ҳақорат» қилганлик айблови шунчаки адлия тизимини ҳукуматнинг уни ранжитган ёки танқид қилган ҳар қандай шахсдан қасос олиш қуролига айлантиради, дея қайд этади Human Rights Watch.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга риоя этилишини назорат қилувчи мустақил органининг сўз эркинлиги ҳақидаги умумий изоҳида шундай дейилган: «Туҳмат ҳеч қачон «қамоқ жазосига асос бўлмайди. Барча жамоат арбоблари қонуний равишда танқид қилиниши мумкин»

Human Rights Watch нинг қайд этишича, 2020 йилда президент Мирзиёев туҳматни жиноий жавобгарликдан чиқаришга ваъда берган, аммо бунинг
ўрнига 2021 йил март ойида Ўзбекистон Жиноят кодексига «президентни интернет орқали ҳақорат қилиш» деган банд киритилди.

“Бу президент Мирзиёевнинг ислоҳот ваъдаларини шубҳа остига қўйиб, Ислом Каримовнинг ўзгача фикрни бостириш йўлидан боришга тайёрлигини кўрсатади. Ҳақорат қилганликда айблаб одамларни қамаш амалиётига ҳуқуқлар чинакам ҳурмат қилинадиган мамлакатда мутлақо ўрин йўқ.», дея хулоса қилди Уилямсон.

Олдинроқ Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов блогерларга қарши жиноят ишлари мамлакатнинг халқаро сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнига салбий таъсир кўрсатганини эътироф этган.

Айни пайтда Алламжонов қамоққа ташланган блогерларга нисбатан илгари сурилган "фирибгарлик" ва бошқа жиноий айбларни савол остига олмаган.

"Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман", деб ёзган Алламжонов.

У ўз баёнотида конкрет блогер ёки ундан жабр кўргани иддао қилинган шахсларнинг исмини келтирмаган.

Озодлик сўнгги бир йилда ўнга яқин блогер таъмагирлик ва фирибгарлик айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, бир неча тармоқ фойдаланувчиси Жиноят кодексининг 3-қисми, 158 - моддасида кўзда тутилган президентни омма олдида ҳақоратлаганлик айби билан қамоққа ташланган.

Аввалроқ UzNews нашри Ўзбекистон Олий суди маълумотларига таянган ҳолда охирги бир йилда камида ўн киши тармоқларда президентни ҳақоратлагани учун қамоқ жазосига маҳкум этилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбек расмийлари блогер ва тармоқ фойдаланувчиларининг ҳокимиятни танқид қилгани учун қамоққа ташланганини рад этиб келадилар.

Форум

XS
SM
MD
LG