Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:49

Имон Каримова онаси ишини "қийноқ ва қотилликда айбланган" терговчи олиб бораëтганини иддао қилди


Гулнора Каримова ҳозирда Зангиотадаги аëллар колониясида сақланмоқда.
Гулнора Каримова ҳозирда Зангиотадаги аëллар колониясида сақланмоқда.

Ўзбекистон марҳум президентининг Лондонда яшаëтган набираси Имон Каримова Instagram саҳифасида онаси Гулнора Каримова устидан бораëтган терговга оид янги маълумотни эълон қилди.

Жорий ой бошида Имон Каримова мазкур саҳифасини профессионал адвокатлар командаси юрғизишини билдирган эди.

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримова устидан бораëтган тергов ва маҳкамалар ҳақида¸ махфийлик иддаоси билан¸ жамоатчиликка деярли маълумот бермай келаëтир.

Бош прокуратура ҳозирга қадар Каримованинг швейцариялик адвокати ëки қизи ижтимоий тармоқда эълон қилиб келаëтган янгиликлар ортидан Каримова устидан бораëтган маҳкама ва терговга оид айрим маълумотларни очиқлаган.

Гулнора Каримовани “тергов пайтидаги қийноқлар билан ном чиқарган терговчи” сўроқ қилмоқда?

Имон Каримованинг 117 минг фоловери бўлган Instagram саҳифаси нафақат Ўзбекистон¸ балки халқаро майдонда ҳам энг шов-шувли ишлардан бири саналган Гулнора Каримова устидан бораëтган маҳкама ва терговга оид сўнгги янгиликлар чоп этиладиган “эълонлар тахтаси”га айланди.

Махсус ëлланган адвокатлар командаси тақдим этаëтган бу янгиликларнинг сўнггиси Гулнора Каримовани айни кунларда сўроқ қилаëтган терговчи шахсига оид.

Имон Каримова номига очилган Instagramдаги сўнгги постга кўра¸ Каримова ишини 2018 йил апрелида тергов давомидаги қийноқ ва қотиллик сабаб эътиборга тушган терговчи олиб бормоқда.

Бухоролик терговчи Расул Йўлдошев айни пайтда синовдан ўтган ва унга хос бўлган метод ва тактикалар билан ҳар гал болалари номини тилга олиб¸ очиқчасига таҳдид қилиб¸ Г.Каримовага босим ўтказмоқда. 2018 йили у (терговчи Йўлдошев назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳарбий суд томонидан бухоролик тадбиркор Илҳом Ибодовни калтаклаш¸ унга қийноқлар қўллаш ва ўлдиришда айбланган эди. Терговчи Расул Йўлдошев ва унинг “ҳамкасб”лари 08/26616-18 рақами билан очилган жиноят ишига тортилган эди”¸ дейилади Имон Каримова Instagramида 9 декабрь куни қўйилган маълумотда.

Ибодовлар оиласи Имон Каримова тарқатган маълумотни рад этди

Бухоролик тадбиркор Илҳом Ибодовнинг Озодлик 10 декабрь куни гаплашган яқинлари айнан ўшандаги шаҳар прокуратураси терговчиси Расул Йўлдошев номи ўзларига яхши таниш эканини айтди.

Айни пайтда улар¸ Расул Йўлдошевнинг Илҳом Ибодов ўлими билан тугаган тергов жараëнига бевосита алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Расул Йўлдошев Илҳом Ибодов ўлими юзасидан очилган терговни олиб борган ва унинг қийноқлар эмас¸ балки юрак хуружидан ўлгани ҳақида хулоса чиқарган. Айни шу Йўлдошев Илҳом Ибодовнинг акаси Раҳим Ибодовни тергов қилиб¸ уни қаматган. Булар факт. Аммо унинг Илҳом Ибодовни қийноққа солган¸ ўлимига сабаб бўлган тергов жараëнига бевосита алоқаси йўқ”¸ деди Раҳим Ибодов устидан жараëн ҳали ҳам давом этаëтгани боис¸ бу ҳақда очиқ маълумот беришни истамаган Ибодовлар оиласи вакили.

Имон Каримова тилга олган Расул Йўлдошев номи¸ Ибодовлар оиласига кўра¸ Илҳом Ибодовнинг ўлими юзасидан чиқарилган нотўғри хулоса боис судда тилга олинган.

Судда Расул Йўлдошев чиқарган хулосанинг асоссизлиги¸ Илҳом Ибодовнинг айнан қийноқлардан ўлгани тасдиқланди. Лекин Йўлдошев жиноят ишига фигурант бўлгани йўқ”¸ деди оила вакилларидан бири.

Ўтган ҳафта Имон Каримова Instagramида Гулнора Каримовага берилган қамоқ муддати яна бир марта узайтирилганини иддао қилган эди.

Бу иддаодан уч кун ўтиб Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнот эълон қилиб¸ давом этаëтган тергов жараëнида "Г.Каримованинг унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлгани аниқлангани" ҳақида расмий баëнот берди.

Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди”¸ дейилади расмий баëнотда.

2014 йилда уй қамоғига олинган Гулнора Каримова ҳозирда Зангиота қамоғида¸ адвокатлари таъкидича¸ аниқ муҳлати очиқ қолаëтган қамоқ жазосини ўтамоқда.

Унинг швейцариялик адвокати ва Лондонда яшаëтган қизи Имон Гулнора Каримованинг қамоқда қийноққа солинаëтгани¸ “ноинсоний шароитлар”да сақланаëтганини иддао қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ Адлия вазирлиги ва Омбудсман идораси бундай иддаоларни рад этиб келади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG