Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Гулнорага шиппак отган Каримов. АҚШ дипломати Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳақида


Ислом Каримов.
Ислом Каримов.

Eurasianet нашри 2011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаган Жорж Кролнинг Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биринчи президентлари Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ҳақидаги хотираларини чоп этди. Ушбу мемуарлар Ҳарвард университети қошидаги Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази - DavisCenter таклифига кўра ёзилган. Қуйида америкалик дипломат мемуарларининг Ўзбекистон ва Ислом Каримовга оид қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

2011 йил. (АҚШнинг) Ўзбекистондаги элчиси лавозимига тасдиқланганимдан сўнг 4 июль – миллий байрамимизга бор-йўғи бир ҳафта қолганда Тошкентга келдим. Бахтимга, салафим Дик Норланд президент Каримов билан алоқаларни сезиларли даражада яхшилаган эди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси, ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Вашингтонда Давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича муовини ёрдамчиси вазифасида ишлаган камина ҳақида Каримовга илиқ гаплар айтган чоғи, (Тошкентга) келганимдан бир неча кун ўтибоқ Каримов мендан ишонч ёрлиғини қабул қилди. Бу эса элчихонамизнинг йил давомидаги энг асосий тадбири – Мустақиллик куни муносабати билан расмий қабул маросимида тўлақонли аккредитациядан ўтган элчи сифатида раислик қилишимга имкон берган эди.

OzodNazar: Ислом Каримовдан нима қолди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:53:08 0:00

Таъбир жоиз бўлса, бу мен учун “юзочди” маросими ҳам эди. Мовий осмон ва жазирама қуёш остида обдон машқ қилганим – ўзбек тилида илк бор нутқ ирод этдим, бу маросимда жам бўлган ўзбекистонликларга жуда манзур бўлди, чиқишим ҳатто давлат телевидениеси орқали намойиш этилди.

Бир кун аввал бўлиб ўтган Каримовга ишонч ёрлиғи топшириш маросими бутун элчилик ваколатим давридаги робиталаримиз қай ўзандан кетишини белгилаб бергандек бўлди. Ўша куни ушбу маросимни ойлаб кутган бошқа янги элчилар ҳам ишонч ёрлиғини топширди. Каримов мени охирида қолдирган эди. Бу яхшими, ёмонми – билмадим. Ёки бу шунчаки протокол талаби бўлгандир. Ахир, мен Тошкентга энг охирги бўлиб келган элчи эдим-да. Ўзбекистон президенти расмий қароргоҳи бўлмиш Оқсаройнинг (ёки Оқ уй) нашқу нигорлар билан безатилган қабулхонасида унга ишонч ёрлиғини топширдим. Каримов қисқа муддат давом этган маросимда хушмуомала кўринди.

Шундан кейин Каримов менга ортидан қўшни бўлмаган юришга ишора қилди. Менга стул таклиф қилди. Иккимиз ҳам ўтирдик. (Мен билан) гаплашмоқчи экан. У жиддий алфозда, рус тилида узоқ гапирди. АҚШ президентлари, давлат котиблари, аввалги элчилар, сенаторлар ва бошқа америкалик таниқли шахслар билан паст-баланд муносабати ҳақида батафсил сўзлади. Бизга берган ваъдалари устидан чиққани, аммо биз унга берган ваъдаларимизга вафо қилмаганимизни урғулади. (Бу вақт ичида) на пиёлаларга қуйилган чойдан ичдик, на ёғоч ўймакорлигининг кўркам намунаси бўлмиш столда тизилиб турган ликопчалардаги қуруқ мевалар, ёнғоқлару пишириқлардан тотиндик.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жорж Крол.
АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жорж Крол.

Бир соатлардан кейин Каримов тин олди. Менинг галим келган эди. Унинг бутун монологи давомида мулоҳазаларини эслаб қолишга ҳаракат қилар эканман, айни шу учрашув учун ҳозирлаган мухтасар нутқимни хаёлимда такрорлар эдим. Мана, имконият эшигини бемалол қоқишим мумкин. Ўзбек тили муаллимларим давлат раҳбарига мурожаатнинг мақбул ва матлуб усули деб ўргатган йўсинда ўзбек тилидаги юксак эҳтиром калималари билан сўз бошладим. Тахминан “Зоти олийлари, жаноби олийлари” деб мурожаат қилгандим.

Бу жумлаларни айтишим билан Каримов кутилмаганда қўл сермаб мени тўхтатди. Бежо гап айтдиммикан?! Менга синчковлик билан тикилганча шундай деди: “Ўзбекча яхши гапирар экансиз, лекин менга бошқа бундай сўзлар билан мурожаат қилманг. Бу каби тумтароқ мурожаатларни тожик (президенти) Раҳмон кабиларга сақлаб қўйинг. Шундай оҳанжамадор мурожаатлар унинг жону дили. Мен эса камтар одамман. Менга шунчаки жаноб президент деб мурожаат қилишингиз мумкин”. Кейин у табассум билан қўшиб қўйди: “Лекин ўзбекча гапирганингиз менга ёқди. Буни тарк этманг. (Мамлакатимиз) бўйлаб саёҳат қилинг. Истасангиз кўрган-билганларингиздан мени ҳам хабардор қилинг. Ҳозирдан айтишим мумкин, бу ерда яхши ишлаб кетасиз”.

Муз кўчган эди.

Қисқа нутқимдан кейин яна бир соатлик асосан яккахон суҳбат кечди. Мулоқот асносида мен Ўзбекистоннинг қўшнилари ҳақида кескин луқмалар, ҳазиллар ва панд-ўгитларни эшитдим. Сўнг Каримов ўрнидан турди ва мени эшикка қадар кузатиб қўйди. Кейинроқ билдимки, у бу каби мулозиматга ҳамма меҳмонларни ҳам ноил этавермас экан. Муносабатимиз ёмон бошланмади.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

У шахс ёқадими-йўқми, қатъи назар, элчи ўзи аккредитациядан ўтган мамлакат раҳбари билан соз муносабатда бўлгани маъқул. Гап шундаки, бу дипломатнинг ўз вазифасини қойилмақом бажариши, яъни ҳукумат талаб этаётганидек, ўша шахсни муайян фикр-қарашга ишонтиришида катта аҳамият касб этади. Бу, айниқса, мамлакатни автократ давлат раҳбари яккабошлик асосида, темир қўл билан идора этаётган ҳолатда ўта муҳимдир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мен, АҚШ элчиси сифатида Ўзбекистондаги номақбул инсон ҳуқуқлари ҳолати учун ҳам хос давраларда, ҳам жамоатчилик кўз ўнгида Каримовни қоралашим лозим деб ҳисоблашар эди. Лекин, очиғини айтсам, мен бу хил ёндашув бирор самара берганини кўрмаганман. Ҳар ҳолда, бундай хатти-ҳаракат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамоасига хуш келса-да, элчининг дипломат сифатидаги фаолият самарадорлигига рахна солгани, унинг мамлакат раҳбарияти, ҳукумати ва ҳатто мезбон жамият билан бевосита мулоқот имконидан маҳрум этганига гувоҳман. Инсон ҳуқуқлари ёмонлашуви бобида гап борса, ҳукумат йўлдан адашган элчи ёки инсон ҳуқуқлари жамоатчилигига аччиқ сабоқ бериб қўйишга уринганидан нохушроқ вазият бўлмаса керак.

Мен Каримовнинг шахсий қарашлари ёки бошқарув услубини ўзгартиришга у қадар катта умид қилганим йўқ. Лекин ўзига бино қўйишдан фарқли ўлароқ, ҳурмат, муайян маънода тушуниш ва юмор ҳиссини кўрсатиш орқали унинг кескинлигини бироз юмшатгандек бўлдим. Бундай ёндашув менга ва Каримовнинг нисбатан жасур вазирларига ҳимоя шамсияси тақдим этдики, айрим мураккаб масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал этиш йўлида қадам-бақадам ишлаш имкони туғилди. Бунинг бош сабаби – босс мени ҳурмат қиларди. Буни ишонтиришнинг нозик санъати, яъни менинг касб-корим – дипломатия деб атаган бўлур эдим.

Мен Каримовнинг сафар қилиш ва бу ҳақда унга маълумот бериб бориш хусусидаги маслаҳатига ҳам риоя қилдим. Асосий вақтимни Тошкентдаги элчихонадан ташқарида – вилоятлар бўйлаб сафарда ўтказишга интилдим. Табиийки, мен асабий маҳаллий мулозимлар билан хўжакўрсин расмий учрашувлар ўтказишга мажбур эдим, аммо шунчаки айланиш, бозорларга бориш, дўконларга бош суқиш, одамларни тинглаш, мулоқот қилиш мен учун энг манфаатлиси эди. Хайриятки, Каримов билан “дўстона” муносабатим ва унинг Ўзбекистон бўйлаб сафар қилиш ва танишиш ҳақида кўрсатмаси мендан аввалги элчилар мамлакат бўйлаб саёҳат давомида дуч келган бемаъни чекловларнинг айримларига барҳам берди. Расмий ҳамроҳлар улардан ҳукумат тузиб берган ташриф дастурига оғишмай риоя қилишни талаб этган, бу эса ҳукумат истаганидан бошқа шахслар билан учрашмасликни англатар эди.

Мен эса, аксинча, истаган одамим билан гаплашиб, истаган еримга боришим мумкин эди. Менга бириктирилган маҳаллий протокол “нозири” эътироз билдирган пайтларда шахсан президентнинг топшириғини бажараётганим, сафар ва таассуротлар ҳақида унга ҳисобот беришимни айтар эдим. Тамом-вассалом!Мулозим тағин Тошкентдан гап эшитиб қолмай деб бошқа эътироз билдирмас эди. Ҳар гал йил якунида Каримовга “йиллик ҳисобот” – дипломатик мактуб юборар, Ўзбекисонда кўрган-билганим барча жиҳатлар – ютуқ ва муаммоларни баён қилар эдим. Эшитишимча, у мактубларимни қадрлар эди. Каримов билан ўзаро тушунишимиз мустаҳкамланар, бу эса кейинроқ ўз дипломатик кун тартибимни илгари суришда асқотар эди.

Каримов билан учрашувларни меъёрдан ошириб юбормадим, аммо у яккама-якка суҳбатлашган, эҳтимол, ягона элчи мен эдим. Унинг ўзи мен қабул қилишини сўраганимдан кўра кўпроқ суҳбатга чақирарди. Америка юқори мартабали амалдорларининг у билан учрашувларида ҳам ҳозир бўлганман. Шундай учрашувлар, хусусан, менинг раҳбарим – Давлат котиби билан мулоқотда у кулибгина ёмон элчи эканимдан шикоят қилгани ёдимда: Ўзбекистонни беш қўлдек биламан, аммо барибир ҳукуматимнинг Ўзбекистонга доир сиёсатига таъсир ўтказишга ожизман. Мен унинг ҳазил туйғуси ва ширали тилини қадрлашимни ҳам cезар эди. Америкадан келган мулозимлар билан учрашувларда заҳархандаю пичингли сўзлардан кейин, унинг гаплари таржима қилинаётган аснода, менга мийиғида кулганча нигоҳ ташлар, камина ҳам жилмайишдан ўзимни тиёлмасдим.

Каримов, шунингдек, мен қаерда бўлганиму нималар қилиб юрганимдан хабардор эканига ишора қиларди. Албатта, буни билар ва бошқача бўлиши мумкин эмаслигига ишончим комил эди. Очиғини айтганда, бу мен дуч келган хавотирли ҳолатлар ва хабарларни унга тўғридан-тўғри етказишда қўл келарди. Бутун карьераси давомида чеклов муҳитида яшаб ишлаган инсон сифатида мен муттасил кузатув ва телефон сўзлашувлари тингланиши каби даҳшатли ҳисни енгиб ўта олдим. Мени кузатишларидан ўз манфаатим йўлида фойдаланишни ўргандим. Бу ҳол айрим ўзбек маҳкумларининг оғир ҳолатига Каримовнинг эътиборини қаратиш имконини берди. Мен уларнинг оила аъзолари билан учрашганимдан кейин улар кутилмаганда озод этилар ёки уларнинг тутқунлик шароити енгиллаштирилар эди.

Қайсидир вақтда, элчилигим тугашига яқин Каримовнинг ғалати оилавий масаласига ҳам аралашиб қолдим. Янги йил арафаси эди, элчихонада кеч соатларга қадар ишлаб ўтиргандим. Элчихонанинг кириш эшигидаги қўриқчи менга қўнғироқ қилиб, бир киши зудлик билан мени кўрмоқчи эканини айтди. Меҳмон - Каримовнинг ўша пайтда оиладан алоҳида яшаётган тўнғич қизи экстравагант Гулнора Каримова эди. Ёнида унинг Қўшма Штатларда туғилган икки фарзанди ҳам бор эди. Мен уларни элчихонадаги меҳмонлар учун мўлжалланган хоналардан бирида якка қабул қилдим.

"Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган". Мирзиёевнинг VIP маҳкумлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00

Versace ва Gucci либосларини кийиб олган Гулнора ўз ҳаёти ва муаммолари ҳақида узоқ гапирди. Мен уни сабр билан эшитарканман, мендан нима хоҳлашини тусмоллардим. Кўнглимда ишқилиб элчихонамиздан бошпана сўрамасин-да, деган хавотир бор эди. Мен одатда ҳукумат босимига учраган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳикоясини тинглардим, аммо не тонгки, ҳозир қаршимда Ўзбекистон президентининг қизи турар ва ўз оиласи томонидан таъқиб қилинаётганини айтаётган эди.

Гулноранинг икки соатлик одамни толиқтирувчи монологи (ҳа, у отасининг қизи эди) сўнггида оҳистагина мендан нима хоҳлашини сўрадим. У отаси билан учрашув ташкил қилиб беришимни сўради. Унинг иддаосича, онаси, синглиси ва Каримовнинг атрофидаги аъёнлар унинг Гулнорани кўришига тўсқинлик қилишаётган экан.

Шундан сўнг енгил нафас олдим ва соат миллари ярим тун ҳамда янги йилга қараб оғаркан, Гулнора ва фарзандларини кўчага, уларни кутиб турган танламасга кузатиб қўйдим. Кузатаркан, отаси билан учрашув масаласида қўлимдан келганича ҳаракат қилишимни айтдим. Эртасига - Янги йил куни Каримовга хабар етказишга муваффақ бўлдим. Бироз вақт ўтгач Гулнора менга хурсандчилик билан хабар йўллаб, учрашув белгиланганини айтди. Кейинроқ Гулнора менга учрашув яхши ўтмагани, отаси ғазаб устида унга шиппагини улоқтирганини айтиб берди. Шундан кейин Гулнорани бошқа кўрмадим.

Гарчи Гулноранинг кўпгина камчиликлари бўлган ва у бир нави актриса бўлган эса-да, тан олишим керак, у президент қизи бўлиш қанчалик оғир эканини айтган пайт мен унга бир қадар ачиндим. Ўзининг сўзларига кўра, у ўз иродасига қарши отасининг майли билан турмушга узатилган ва бола туғиб уйда ўтириши керак эди.

Гулнора отасининг бизнес ва сиёсатдан узоқ туриш, дипломат касбини танлаш ҳақидаги маслаҳатига амал қилмаганидан афсусда эканини айтди. Охир-оқибат у ўз танлови билан яшашга мажбур бўлди.

Каримов мен билан суҳбатда бу воқеани бирон марта ҳам эсламади. Аммо пировардида менга ишончли одам сифатида муносабатда бўлди, деб ўйлайман.

Шундан сўнг мен яна бир-икки марта Каримов мени ўзининг қароргоҳида кўришни истаётгани ҳақида хабар олдим. Одатда бундай учрашувлар кечки пайт бўлар эди. Мен нима учун кўрмоқчи бўлаётганини олдиндан билолмасдим - элчихонамиздан ранжимадимикан, бирон киши билан кўришганимиздан ғазабга келмадимикан, деган хавотир бўларди. Лекин кейинчалик билсам, у шунчаки гаплашмоқчи бўлган экан. Суҳбат чоғида ўзининг хорижий давлат раҳбарлари билан охирги учрашувлари ҳақида гапирди. Дунёдаги аҳволдан нолиди, ўзининг ўтмишдаги баъзи ҳаракатларидан афсусланишини ҳам айтди, аммо ўша пайт нима учун айнан шундай қилганини асослашга уринди. Мен ўзимни дипломатдан кўра кўпроқ психиатрдек ҳис қилдим ва кейин ўйладим: дипломат ҳам бир нави психиатр эмасми?

Бу тунги сеанслар менга Каримов шахсияти ва зеҳнияти ҳақида жуда қимматли маълумотларни берди. Гарчи у мен билан ўзи ҳақида Вашингтонга ёзиладиган ҳисоботлардаги имижини яхшилаш учун ўйин қилаётган бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмасдим.
Ўзининг монологлари сўнггида у мендан шахсий фикрим, шунингдек, Вашингтондаги одамлар ва сиёсат ҳақида сўрарди. Бу мен учун Каримовга Вашингтоннинг унга бераётган баҳосини етказиш ва шунингдек, агар ўз имижини яхшилашни истаса нималар қилиши мумкинлиги ҳақидаги фикримни бўлишиш имконини берарди. У мени диққат билан эшитар ва хўрсиниб қўярди. Суҳбатларимиздан бирида у берган изоҳ ҳамон ёдимда: "Жаноб Элчи, мен узоқ вақтдан бери сиёсатдаман. Мен бир нарсани ўргандим: оқ қўлқоп билан сиёсат қилиш мумкин эмас. Сиёсат ҳар доим жирканч иш бўлган, ҳозир ҳам шундай ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади".

Ўзим ишлаган мамлакатлардаги сиёсатий кузатишларим, шунингдек, АҚШдаги сиёсатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мен унинг фикрига қўшилишга мажбур эдим. Сиёсат, бу - чангалзор ва унда одатда мослашувчилар ёки маккорлар ва ё-да шафқатсизлар омон қолади.

Махсус дастур: Каримов вафоти хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:07 0:00

Каримовнинг Марказий Осиё ва бутун минтақага нисбатан ёндашуви ҳайратланарли даражада чуқур ва тўғри эканлигини ичимдан ҳис қилдим. Афсуски, унинг кўплаб америкалик суҳбатдошлари Каримовнинг сўзларига кўп ҳам тоқат қила олишмас эди. Аммо, америкалик меҳмонлардан фарқли ўлароқ, Каримов бутун умри давомида Марказий Осиё минтақасида яшаган ва ўз минтақаси ва унинг муаммоларини меҳмонлардан кўра яхшироқ билган. АҚШ Давлат котиби Клинтон билан учрашувлардан бирида Клинтон Каримовдан Марказий Осиёга раҳбар бўлиш учун ўз таъсиридан фойдаланишни ўйлаб кўришни сўраганини яхши эслайман.
Каримов йиғилишда одатдагидек қаламни тутганча ўтирарди. Шунда у жилмайиб, таклиф учун Клинтонга миннатдорчилик билдирди, сўнг эса қўшнилари уни ҳеч қачон раҳбар сифатида қабул қилмасликлари ҳақида гап бошлади.

«Улар худбинликлари сабаб менга ҳеч қачон қулоқ солмайдилар, бундан ташқари, менинг устуворлигим бошқа давлат эмас, Ўзбекистон», дея жавоб берди. Кейин у ўзининг севимли ибораларидан бири, Черчиллнинг гапини такрорлади: «Давлатларнинг дўстлари бўлмайди, фақат манфаатлар бўлади».

Аввал Давлат котибига, сўнг эса менга қараб, чинакам Каримов услубида «Агар Марказий Осиёга етакчи хоҳласангиз, дўстингиз Назарбоевга айтинг. У раҳбар деб аташларини ЯХШИ КЎРАДИ», дея маслаҳат берди.

Каримов америкалик меҳмонларни, айниқса америкалик генералларни Афғонистонда, Ироқда, Яқин Шарқда, шунингдек, Россия ва Хитой билан муносабатларда муқаррар муваффақиятсизликларга дуч келишини айтиб, танқид қиларди. Унинг бу самимийлиги табиийки меҳмонларга ёқмасди, лекин афсуски, унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди.

Тошкент АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари ва Конгресс делегациялари учун нега серқатнов манзил бўлмагани ажабланарли эмас - агар уларга Каримовдан бирор нарса керак бўлмаса, албатта, масалан, Афғонистонга ҳарбий юкларни олиб ўтиш сингари масалаларда.

Қизи Гулноранинг тақдиридан келиб чиққан ҳолда ҳам айтишим мумкин, мен билган Каримов, ҳатто оиласига нисбатан ҳам илиқ одам эмас эди. У ҳар доим ҳамма нарсада устунликка эга, бироқ кўпинча ҳақ эди. Каримовнинг болалик даврига назар ташласангиз, у оила меҳрисиз улғайган, ёшлигидаёқ шафқатсиз дунёга ташланган ва эҳтимол у ўша дунёда зўравонлик, ирқчилик ва катта камситишларга учраганини англайсиз. У ҳеч қачон болалиги ҳақида гапирмаган. Каримовда Назарбоевга ўхшаган шахслар, унинг назарида ўзидан ақл-заковатда орқада, лекин кўпроқ эъзозланган одамларга нисбатан ички душманлик бор эди.

У қаттиқ ўқиди, жиддий ўйлади, унинг овози, қарашлари ҳурмат қилиниши кераклигини ҳис қилди.

Каримов Ўзбекистонни бошқаришга ниҳоятда жиддий киришди. У ўзини халқи ва бошқа давлатлар томонидан ҳурмат қилинишини истаган ўзбек миллий ўзига хослигини шакллантиришга бағишлади. Каримов учун биргаликда ёки жамоавий қарор қабул қилиш деган тушунча ёт эди. У Москва таълимини олмаган бўлса-да, ҳаётини совет Ўзбекистонининг (ҳатто совет меъёрлари бўйича ҳам) қолоқ бир чеккасида ўтказган, бу унинг тажрибаси ва дунёқарашини чеклаган эди. Каримов совет Ўзбекистонининг чиркин дунёсида сиёсий омон қолиш санъатини жуда пухта ва тез англаб етди. Буни амалда қўллаши эса унинг ички ва ташқи сиёсатдаги ёндашувига таъсир кўрсатди. Каримов идеалист эмас эди, ўзини ҳаддан ташқари реалист деб ҳисобларди.

Американинг Тошкентдаги собиқ элчиси Украина, Каримов ва Мирзиёев ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:45 0:00

АҚШнинг Қозоғистондаги элчилигига номзодим эълон қилинганидан кўп ўтмай, Оқсаройга охирги таклифномани олдим. Каримов ташқи ишлар вазири Комилов ҳамроҳлигида ўтирар эди. У суҳбатни Остонанинг ибтидоий маданияти ва совуқ ҳавоси учун нега маданиятли ва илиқ Ўзбекистонни тарк этаётганимни сўрашдан бошлади.

“Бизни, таомларимизни, маданиятимизни ёқтирмайсизми? Ўша кўчманчилардан фарқли ўлароқ, бизда маданият бор," дея мени танқид қилган бўлди ва Вашингтонга шикоят қилишини, ҳатто менга чиқиш визаси бермаслик ҳақида ўйлаб кўришини ҳам қўшиб қўйди.
Мен эса “президент буйруқ берса, дипломат бўйсуниши керак, менинг президентим шундай буйруқ берди. Мен ҳам худди сизнинг элчингиз каби бўйсунишга мажбурман” дея жавоб беришдан нарига ўтмадим.

Қозоқ маданияти ва ошхонасига мослашиб кетишимга шубҳам йўқ эди. Шундан сўнг Каримов жилмайиб қўйди ва маккор қозоқларга, айниқса ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан қандай муносабатда бўлиш борасида бир-икки маслаҳат берди. Бу сўнгги учрашувимиз ва Ўзбекистоннинг биринчи президентидан олган сўнгги дарсим эди.

АҚШ элчиси Жорж Крол мемуарларининг тўлиқ версияси билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG