Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

"Газпром" билан имзоланган "Йўл харитаси": Ўзбекистон ҳукумати “суверенитет сотилгани"ни рад этмоқда


Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва "Газпром" раҳбари Алексей Миллер. Санкт-Петербург, 24 январь, 2023.
Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва "Газпром" раҳбари Алексей Миллер. Санкт-Петербург, 24 январь, 2023.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россиянинг "Газпром" ширкати билан 24 январь куни имзоланган "йўл харитаси" мамлакат суверенитетига таҳдид солиши ҳақидаги хавотирларни рад этиб чиқди.

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистоннинг "газ транспорт тизими кимгадир берилиши" ҳақида сўз бормаяпти.

"Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда «Йўл харитаси»да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ", — дейилади расмий баёнотда.

24 январь куни Россиянинг “Газпром” компанияси Ўзбекистон билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланганини хабар қилди. Ҳужжатга Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раҳбари Алексей Миллер имзо чеккан.

Айни пайтда "Газпром" билан имзоланган ҳужжатнинг тўлиқ матни ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ.


Айни пайтда ўзбекистонлик фаоллар Россия билан тузилган битимни мамлакат суверенитети ва мустақиллигига таҳдид ўлароқ баҳолаб, ҳукуматдан ҳужжат шартларини зудлик билан ва тўлиқ очиқлашни талаб қилишмоқда.

Иштаҳаси карнай Кремль

Телеграмдаги кремлпараст “Взгляд на Восток” канали хабарига кўра, “Газпром” билан тузилган битим Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистон дохил "уч томонлама газ иттифоқига қўшилгани"ни англатади.

2022 йил ноябрь ойи охирида президент Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилган эди. Расмий Москва бу таклиф сиёсий шартлардан холи экани, гап тижорий манфаатлар ҳақида кетаётганини иддао қилган бўлса-да, таҳлилчилар Кремль Марказий Осиёнинг икки йирик давлати энергетика тизимини назоратга олишга уринаётгани ҳақида бонг уриб келмоқда.

Gazeta.uz” нашри жорий йил 14 январь куни Россия ва Ўзбекистон ўртасида кечаётган газ музокаралари хусусида чоп этган мақола хавотирлар асосли эканини тасдиқлади. Қайд этилишича, иштаҳаси карнай Москва Тошкентга мамлакат газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича “Газпром” тасарруфига ўтказиш ва Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш шартини қўйган. Ўзбекистон энергетика вазирлиги бу борада ҳам жамоатчиликка икки энлик изоҳ беришни эп кўрмаган.

“Мақсад – газ игнасига ўтқазиш”

Журналист Шуҳрат Латиповнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, “йўл харитаси”да “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” ширкатларини “Газпром” ёки унинг шўъба корхонаси бошқарувига ўтказиш кўзда тутилган.

“Агар бунга қадар номақбул сиёсий қарорлар туфайли миллиардлаб зарарлар кўрилган бўлса, эндиликда “Газпром” Ўзбекистоннинг газ транспорти тизимини бошқарувга олса, унда мамлакатнинг энергетик мустақиллиги, умуман, давлат суверенитети хавф остида бўлиши мумкин”, дея огоҳлантиради журналист.

“Газпром” билан келишувнинг барча тафсилотлари очиқланиши шарт! Халқ шунга қараб баҳо беради: мамлакатни, суверенитетни сотишдими-йўқми? Очиқланмаган тақдирда бу тўғридан-тўғри халққа қилинган яширин хоинлик деб хулоса қилишга олиб келади”, дея кескин баёнот берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев.

Давлат бошқаруви бўйича мутахассис Азиза Умарова эса сўнгги ҳодисаларга марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари орқали таассуф изҳор қилди:

Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
“Воҳ болам!” деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним!

“Агар энергетик қарамликка олиб борувчи бирор ҳужжатга имзо чеккан бўлса, бу вазир мен учун ватан хоини! Шу келишувга ким рози бўлган бўлса ҳам шуларнинг ҳаммаси ватан хоини! ..Агар Россия таклиф қилган, бизнинг газга тўлиқ эгалик қилишга рози бўлишган бўлса, мен бу ҳукумат зудлик билан истеъфо беришини талаб қилиб, якка ҳолатда митингга чиқаман”, деб ёзди блогер ва жамоат фаоли Олимжон Ҳайдаров.

Сиёсий таҳлилчилар таъкидича, Кремль сўнгги ўн йилликлар давомида энергетика ресурсларидан фойдаланган ҳолда товламачилик сиёсатини юритиб келмоқда. Украинадаги босқинчилик уруши сабабларидан бири ҳам шу экани айтилади.

Ўзбекистонлик фаоллар хавотирига кўра, Кремль Ўзбекистонни ҳам “газ игнаси”га ўтқазиб, ҳокимият жиловини бутунлай ўз қўлига олишга уринмоқда. Юзага келган мураккаб-мавҳум вазиятни иқтисодчи Отабек Бакиров “Энг қисқа ҳикоя: 2014 йил мартидаги Украина ҳолатидамиз” дея мухтасар постда шарҳлади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса Ўзбекистон ҳукумати Москва билан муҳим масалада ими-жимида келишув қилганидан таажжуб билдирди.
“Россия Украинанинг, ғарбий Европадаги кўплаб давлатларнинг геосиёсий мустақиллигини айнан энергетик сектор орқали қарам қилишдан бошлаган эди”, дея вазиятга очиқ кўз билан қарашга ундади К.Раббимов.

“Мустақиллик учун кураш энди бошланяпти...”

Жамоатчилик Россия билан қизғин иқтисодий ҳамкорлик, хусусан, энергетик жабҳадаги олди-бердилар мамлакатни иккиламчи санкцияларга дучор этишидан хавотирда. Бу – масаланинг иқтисодий жиҳати. Бошқа томондан, маҳаллий зиёлилар халқаро ташкилотлар “босқинчи ва тажовузкор давлат” деб топган Россия билан апоқ-пачоқ бўлиш ахлоқий меъёрларга ҳам тўғри келмайди деб ҳисоблайди. Жумладан, олим ва жамоат фаоли Комил Жалилов “ХХI асрда суверен давлатга танклар билан бостириб кириш ва тинч аҳоли устига ракеталар ёғдиришни нормал деб биладиган давлат” билан газ иттифоқи тузишни маъқулламайди.

Таҳлилчи Cардор Салим наздида, “Ўзбек сиёсий элитаси мавҳум дунёда мустақил миллатга раҳбарлик қилишдан кўра оқпошшонинг генерал-губернатори бўлишни афзал билади”.

“Биз лойиқ бўлмаган мустақиллик бизга туҳфа этилганда (енгил келди – енгил кетди) фаровон ҳаёт учун неоколониал ташқи кучларга қарши бир миллат сифатида туриб берсак бўлди деб ўйлардик. Бу ишни уддасидан чиқишимиз борасида муайян оптимизм ҳам бор эди. Эндиликда англаяпмизки, миллий истиқлол учун кураш энди бошланяпти. Ва бу кураш онги кишанланган клептократ маҳаллий элитанинг, бутун эркинлик берилган репрессив аппаратинг зулми ва жоҳил, лоқайд халқнинг сукунати шароитида кечади”, деб ёзди Сардор Салим.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Кремль билан келишувга “Эзоп тили”да – коса тагида нимкоса тарзида ҳам муносабат билдирмоқда.

“Йўл харитаси. Биз юрадиган йўл харитаси. Лекин биз бу йўлни, бу харитани ва борар манзилни ҳам билмаймиз, ваҳоланки, йўлчи-йўловчи бизмиз. Бизни етаклашяпти. Хоҳлаган томонларига. Жарликками, нурли йўлгами, биз билмаймиз. Биз кўрмиз. Пайпаслаб кетаверамиз. Аммо йўлдаги шерик айёр, шафқатсиз, қонхўр... ”, деб ёзди таниқли уламо Мубашшир Аҳмад.

Форум

XS
SM
MD
LG