Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:56

Халқ таълим вазири ЎзЛиДеп партияси газетаcини судга берди


"XXI аср" газетаси
"XXI аср" газетаси

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мамлакатда расман қайддан ўтган бешта сиёсий партиядан бири - Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеп) расмий нашри - "XXI аср" газетасини судга берди.

Газета ходимларига кўра, суд Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судидасудида 3 апрель куни кўриб чиқилади.

Мақола нима ҳақда эди?

Вазир Шерзод Шерматов судга йўллаган шикоят аризасида "XXI аср" газетасида 2019 йил, 17 январда эълон қилинган "Вазир матбуот эркинлигини қандай тушунади?" сарлавҳали мақола юзасидан газета таҳририяти ва мақола муаллифи Маҳмуд Саъдийга нисбатан "ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида"ги даъво аризасини кўриб чиқишни сўраган.

Таниқли журналист Маҳмуд Саъдий ​ўзининг "Вазир матбуот эркинлигини қандай тушунади?" мақоласида Халқ таълими вазирини газета ўқимасликда, журналистлар фаолиятини назорат қилишга уринишда айблаган.

Маҳмуд Саъдий: Мен вазирни ҳақорат қилмаганман

Озодлик билан 1 апрель кунги суҳбатда журналист Маҳмуд Саъдий "вазирни ҳақорат қилмаганлигини" таъкидлар экан, жумладан, бундай деди:

- Ўша ëзганимдек, вазир газета ўқимайди ва журналистлар фаолиятини назоратда тутишни истайди. Бу гапимдан қайтмайман. Вазирни президент олиб бораëтган ошкоралик сиëсатининг душмани деб ҳисоблайман¸- деди журналист.

Вазирнинг судга аризасида нима дейилган?

Мавзуни ўрганиш жараёнида Озодлик вазир Шерзод Шерматов билан боғлана олмади. Лекин Озодликда унинг шикоят аризаси фотонусхаси мавжуд.

Шерматов ўз шикоятида "Вазир матбуот эркинлигини қандай тушунади?" мақоласи "айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган мажбурий обунага қарши кураш, шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатига қарши нуқтаи-назарни ифодаловчи мақола" бўлганлигини ёзган.

Вазир Шерматовнинг фикрича, мақола муллифи ҳам, таҳририят ҳам "ўзлари ҳақиқат деб ишонаётган иддаоларининг ҳаққонийлигини текширишмаган".

Аризачига кўра, эълон қилинган мақола "муаллифи билан бир қаторда мазкур рўзномани чиқарувчи ташкилот жавобгар"дир.

Газета вакили: Биз вазир раддиясини ҳам чоп қилганмиз

"ХХI аср" газетаси ходимининг Озодликка билдиришича¸ редакция Вазир Шерзод Шерматовнинг раддиясини чоп қилган:

- Биз устоз журналист Маҳмуд Саъдий ҳамда вазирга бирдек имкон бердик. Аммо раддия эълон қилинганидан кейин ҳам вазирнинг бизни судга бергани давлат арбобига ярашмайдиган инжиқлик бўлиб кўринди. "Териси нозик" вазир келтирган важларни суд ўринсиз деб топади дея ишонамиз¸ - деди исми айтилишини истамаган газета ходими.

"Шерзод Шерматов - эркин матбуот тарафдори"

Айни пайтда, таниқли журналист ва муҳаррир Маҳмуд Саъдийдан фарқли ўлароқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовни юқори баҳоловчилар ҳам бор. Улардан бири, журналист Нозим Сафаровнинг ишонишича, Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов матбуотга энг яқин мулозимдир:

- Шерматов ОАВга тўғридан-тўғри онлайн интервью берган ягона мансабдор. Бемалол мен уни эркин матбуот тарафдори деб айта оламан.

Бу биринчи иш эмас

Юқори лавозимли давлат мулозимининг газетани судга бериши замонавий Ўзбекистон тарихида иккинчи маротаба юз бермоқда.

2003 йилда Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси раиси (вазирга тенглаштирилган) Рустам Шоғуломов "Моҳият" газетасида ҳажвий шеър эълон қилган шоир Бахром Рўзимуҳаммадни судга бериб ютқазган эди.

Беш мингталик газета

15 йил муқаддам таъсис этилган "ХХI аср" газетаси ҳафтасига бир марта беш минг нухсада чоп этилади.

ЎзЛиДеп муассислигидаги газетада қирққа яқин ходим ишлайди.

2003 йилда фаолятини бошлаган ЎзЛиДеп - "кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлардан иборат мулкдорлар қатлами, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ҳамда бошқарув ходимлари, ишбилармонлар манфаатларини ифода этадиган ва ҳимоя қиладиган умуммиллий сиёсий ташкилот" ҳисобланади.

"XXI аср" газетаси ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, газета устидан даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судида 3 апрелда кўриб чиқилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG