Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:32

Беш йилда учинчи мақбуллаштириш: Фермерларнинг боши яна қотди


Ўзбекистонда фермерларнинг ер майдонлари сўнгги марта мақбуллаштирилганидан 3 йил ўтиб, ҳукумат ерларни яна мақбуллаштиришга қарор қилди.

Уч йил аввал фермер ерлари қисқартирилган бўлса, эндиликда пахтакор фермерга камида 100 гектар ер олиш мажбурияти юклатилди.

Шу пайтгача Ўзбекистонда фермер хўжаликларини мақбуллаштириш бир неча марта ўтказилганки, бу ислоҳотлар ҳар гал фермерлар тинчини бузади.

“Яна фермер балога қолди”

Озодлик суҳбатлашган фермерларга кўра, ҳозирда моддий имкон, ишчи кучи ва техника етишмовчилиги боис аксар фермерлар қўлидаги 15-20 гектар ерни зўрға эплаяпти.

Жумладан, жиззахлик фермер йигит 100 гектардан зиёд ерни эплаш қийинлигини айтди.

“Юз гектарни эплай оладиган фермер бор, қилолмайдигани бор. Ҳозир фермерлар 15-20 гектарини зўрға эплаяпти. Энди яна фермерлар балога қолаяпти. Хўжалигимизни оёққа турғазиш учун бор-будимизни сотдик. Энди еримизни тортиб олишса, нима қиламиз”, дейди жиззахлик фермер исмини очиқламаслик шарти билан.

Қашқадарёнинг Миришкор тумани Миришкор қишлоғидаги “Абдураҳмонов Асилбек” фермер хўжалиги 15 гектарда пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланади. Хўжалик раҳбари Улуғбек Қурбонов мақбуллаштириш қарори чиққанидан буён ташвишда эканини айтади:

“Ғалла-пахта етиштирардик. Энди билмадик нима қилишни, бошимиз қотаяпти. Нима қилсак, қаерга борсак? Ўзи қаерга бориб, бош урсак, бошимиз фақат тош деворга тегаяпти. Фермернинг муаммосини эшитадиган одам йўқ”, дейди Улуғбек Қурбонов.

Айни пайтда Улуғбек Қурбонов фермер хўжалигини сақлаб қолиш учун курашиш режасида қатъий эканини айтади:

“Ман изланмоқчиман. Биринчи навбатда қонуний ҳақ-ҳуқуқимни, қай даражада имкониятим борлигини билмоқчиман. Нима қила оламан? Шунга қизиқаяпман ҳозир. Қандай қилиб, шу ерни олиб қолиб, элимизга, ватанимизга керакли пахта-ғаллани етиштириб беришни ҳаракатини қилмоқчиман. Лекин ҳозирча менда бирор ечим йўқ”.

“Ҳукумат қарори нотўғри талқин қилинмоқда”

Фарғонанинг Ёзёвон туманидан Озодликка боғланган ва хавфсизлик юзасидан исми-шарифини очиқламасликни сўраган фермернинг айтишича, айрим мулозимлар ушбу қарор ижросида қонунбузилишларга йўл қўймоқда:

Бизнинг туман мулозимлари ушбу қонунни нотўғри талқин қилаётгани боис фермерлар орасида норозилик пайдо бўлди. Туман ҳокими қанча ери борлигидан қатъи назар тумандаги барча фермернинг ерларини тортиб олаяпти. Ҳозир ҳамма фермер билан ижара шартномасини бекор қилиш борасида мажбурий тарзда ариза ёздириб олаяпти. Яъни барча фермер ерини топширади ва кейин қайтадан бўлиб беришмоқчи. Ваҳоланки, бу ҳаракатлар ҳукумат қарорининг 4-бандига зид тарзда бўлаяпти. Фермер фаолиятига холисона баҳо бериш Республика ишчи гуруҳлари зиммасига юклатилган”, дейди ёзёвонлик фермер.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами 14-сонли қарорда назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади.

Ёзёвонлик фермерга кўра, қарорнинг ушбу банди ҳам маҳаллий мулозимлар томонидан бузилмоқда.

“Қарорнинг 4- иловаси, 4-бандида қишлоқ хўжалик корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган микдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади, дейилган. Бунда, ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келётган, моддий - техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил килинган боғ ва токзорларнинг ер участкаларига мазкур талабларининг 3-бандида кўзда тутилган миқдорлар қўлланилмайди”, дейди ўзини олий маълумотли фермер дея таништирган ёзёвонлик фермер.

“Ҳукумат қароридан хурсандман!”

Айни пайтда Хоразм вилоятининг Шовот туманида фаолият юритувчи фермер ҳукуматнинг мақбуллаштириш қароридан мамнун эканини айтади.

“50 гектар еримиз бор. Ерларни кўпайтириш қароридан, албатта, хурсандман. 100 гектар берса олавераман. Имконим етади. Ерни кўпайтирсак, яна қўшимча техника оламиз”, дейди шовотлик фермер.

Ҳукуматнинг ушбу қарорини амалга ошириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги мулозимлари бошчилигида жами 5 та Республика ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ сафига қишлоқ хўжалиги расмийларидан тортиб, банк, солиқ ва жойлардаги деярли барча мутасадди идора-ташкилотлар мулозимлари жалб қилинган.

Кейинги 5 йилда уч марта мақбуллаштириш

Шу пайтгача Ўзбекистонда фермер хўжаликларини мақбуллаштириш бир неча марта ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил 10 февралда қабул қилган қарорга биноан, фермер хўжаликлари ерларининг вилоятига қараб, 70-90 гектардан ортиқ бўлмаслиги шарт қилиб қўйилганди.

Ҳукуматнинг ўша қарори фермерлар ерларини кўпайтиришга йўналтирилган 2015 йилдаги қарорининг акси бўлганди.

Уч йил аввалги қарорда фермерларга ер майдонларини туман ҳокими эмас, балки фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ва ер участкалари бериш масалалари бўйича комиссиялар хулосасига асосан Халқ депутатлари туман кенгаши қабул қилиши белгиланди.

Жорий йилги қарорга кўра, эксперимент тариқасида фермер хўжаликлари учун ер участкалари очиқ танлов якунига кўра ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади.

Мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга берилади.

Ҳукумат қарори: Фермернинг ер майдонлари кўпайтирилсин!

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 январдаги 14-сонли қарорига биноан, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш жараёни бошланди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда фермер ва корхоналарнинг ер майдонлари ҳажми уларнинг фаолият турига қараб белгиланади:

пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар;

ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 20 гектар;

боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 10 гектар;

сабзавотчилик ва полизчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 5 гектар;

Ҳукумат қарорига кўра, чорвадор фермерларнинг ер майдонлари ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ҳамда сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорларга ва кластер корхоналарига туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкалари ажратилади.

Нимага яна мақбуллаштириш?

Ҳукумат қарорига кўра, яна мақбуллаштириш масаласига қайтилишига сабаб ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилгани сабаб бўлган.

Расмий ҳужжатда қуйидаги тўртта ҳолат мисол тарзида келтирилган:

биринчидан, 2018 йилда 2 638 та ҳолатда 16 447 гектар майдондан ноқонуний фойдаланилган ҳамда 1 502 та ҳолатда 28 427 гектар экин ерлари ноқонуний ажратилган;

иккинчидан, 2018 йил давомида республика бўйича 4 062 ҳолатда 622 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино ва иншоотлар қуриб олинганлиги аниқланган;

учинчидан, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларининг контурлари кесимида экинларни жойлаштириш ва ҳосилдорликни белгилаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги ва холисоналиги таъминланмаяпти. Бу эса, айрим қишлоқ хўжалиги экинларини шартномага нисбатан кўп ёки кам экилишига, ҳосилдорликнинг адолатсиз белгиланишига сабаб бўлмоқда;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш хамда замонавий ресурстежамкор инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилмаяпти, жумладан, томчилатиб суғориш тизими бор-йуғи 43,1 минг гектар ёки жами суғориладиган майдоннинг атиги 1 фоизида жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG