Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Диний вазиятдан президентга шикоят қилган собиқ имом Ўзбекистонни тарк этди (АУДИО)


Тошкент шаҳридаги "Омина" жоме масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев
Тошкент шаҳридаги "Омина" жоме масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев

18 декабрь куни пойтахтдаги "Омина" жоме масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан "сиёсий постлар ёзмаслик" ҳақида огоҳлантирилиши ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтди.

Бу ҳақда 32 яшар Фазлиддин Парпиев 19 декабрда ўзининг Facebook саҳифасидаги видеомурожаатида эълон қилди. ​

Фазлиддин Парпиев 7 сентябрь куни президент Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини фуқароларининг диний эркинликларини поймол этаётганликда айблаган ва бир кун ўтиб ишдан ҳайдалган эди.

Диний вазиятдан президентга шикоят қилган собиқ имом Ўзбекистонни тарк этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00
Бевосита линк

"Миллатчилик"

Яқинларига кўра, Фазлиддин Парпиев 17 декабрда Саудия Арабистонидан Умра зиёратидан қайтган.

Парпиев етиб келганидан икки соат ўтиб, унинг Чилонзордаги уйига Тошкент шаҳар, Учтепа туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор ходимлари кириб келган.

Ўзларини "Шокир" ва "Шерзод" деб таништирган тезкор ходимлар собиқ имом билан маҳалладаги участка нозири хонасида савол-жавоб қилган.

Яқинларининг савол-жавобдан сўнг Парпиевнинг ўзидан эшитганларига таяниб, қилган иддаосига кўра, тезкор ходимлар Фазлиддин Парпиевдан ижтимоий тармоқларда фаол бўлмасликни талаб қилганлар.

Улар Фазлиддин Парпиевнинг ижтимоий тармоқларда "миллатчилик кайфиятидаги постларни жойлаштираётганига" эътибор қаратганлар. ​

Хусусан, "Шокир" ва "Шерзод" унинг 26 ноябрда Facebook саҳифасига "Соқол қўйсангиз русчани ҳам ўрганиб олинг" сарлавҳаси билан битган пости миллатчилик сифатида таснифланиши мумкинлигини айтганлар.

Постда Фазлиддин Парпиев Ўзбекистонда "ўзбекдан бошқа миллат вакилларига соқол қўйишга ҳеч қандай монелик йўқлигини" иддао қилганди:

"Оддий инсонлар ҳам билишади ўзбекдан бошқа миллат вакилларига соқол қўйишга хеч қандай монелик йўқлигини. (улар тап тортмай қўйиб юришади. Хеч қандай тақиқ ёки ҳадик сезишмайди). Балки бу одатий ҳол дерсиз, лекин негадир талабалик давримда (соқолимни ҳ​ар куни ўқишни талаби билан қиртишлаб олиб юрган пайтимда) бу ҳолатга жуда кам дуч келардим, деярлик дуч келмасдим. Нима демоқчиман? Ҳеч нарса демоқчимасман. Соқол қўйиш қўймаслик ҳаммани ўз имконияти ва ихтиёрига боғлиқ. Фақат шуни айтмоқчиманки, "соқол қўйсангиз, русчани ҳам ўрганиб олинг", деб ёзган эди Фазлиддин Парпиев.

"Чақирилдик!"

18 декабрь куни Фазлиддин Парпиев ўзи Facebook саҳифасида ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг идорасига чақирилтирилганига ишора қилди.

"Чақирилдик! Хўб борамиз. Чақирилган жойга бориш инсоний бурчимиз...," деб ёзди Фазлиддин Парпиев.

"Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи" раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Фазлиддин Парпиев ундан Тошкент шаҳар прокуратурасига бирга боришни сўраган.

Суръат Икромовга кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримонов собиқ имом билан бир соатча суҳбатлашган.

Суҳбатда прокурор тезкор ходимлар талабларини такрорлаган:

- Жуда хомуш чиқди. Огоҳлантирилган. Ҳеч қаерга ёзмаслик, ҳеч қанақа мурожаатлар қилмаслик. Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи муовини яна шу талабларни унга қўйган, - деди Суръат Икромов.

Узоқда

Фазлиддин Парпиев дўстларидан бирининг айтишича, Тошкент шаҳар прокуратурасида бўлиб ўтган суҳбатдан бир неча соат ўтиб, у турмуш ўртоғи ва икки фарзандини олиб, Қозоғистон орқали Ўзбекистондан чиқиб кетган.

18 декабрь оқшомида Facebook caҳифасига қўйган постларидан бирида Фазлиддин Парпиев "Ғишткўприк" ("Черняевка") ўзбек-қозоқ чегара ўтиш пунктидаги изоляторда бир муддат ушлаб турилганини ёзди.

Орадан бир неча соат ўтиб Фазлиддин Парпиев Ўзбекистондан "анча минг километр узоқда тинч ва хавфсиз ерда" эканини маълум қилди.

"Мени бу жойда кўриб учратиб қоладиган биродарларим! Илтимос сизлардан ҳозирча мени қаерда эканимни ҳеч кимга айтманг. Сиз бошқаларни хотиржам қиламан, деб айтмоқчи бўлган хабариз ҳозирча зараримга ҳам хизмат қилиши мумкин", дея таъкидлайди у.

Мурожаат

7 сентябрда Фазлиддин Парпиев президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқиб, Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органларини, ўз таъбирида, "халқни президентга қарши қайрашда" айблаб чиқди.

Имом ўз мурожаатида Ўзбекистонда диний эркинликлар бузилаётганини иддао қилди.

Фазлиддин Парпиев ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини сўнгги пайтларда, президент сиёсатига хилоф равишда, мамлакат фуқароларининг Конституцияда белгиланган диний эркинликларини поймол этаётганликда айблади.

Бу чиқишидан бир кун ўтиб Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.

"Ношукур"

12 cентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси Усмонхон Алимов мамлакат имомлари билан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, мамлакатдаги диний вазиятдан шикоят қилган Фазлиддин Парпиевни ношукурликда айблади.

Президентга видеомурожаат йўллаган имом ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00

​Муфтий "Омина" масжидининг имоми каби дунёқарашга эга диний фаоллардан ўз жойларини бўшатиб қўйишни сўрайди:

"Минбардан чаённи чиқариб эмас, зиёни чиқариб ишлайдиган бўлсанг ишла! Ишламайдиган бўлсанг, катта йўл, марҳамат! Юртимизда бўлаётган бунақанги катта давлатнинг бераётган эътиборига ношукурлик билан қарамагин. Қарайсанми, марҳамат жойингни бўшатиб қўйгин".

19 декабрь куни Фазлиддин Парпиев Facebook саҳифаси орқали ўзининг навбатдаги видеомурожаатини чиқарди.

Видеомурожаатида у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтган:

- Юртни тарк этиб, чиқиб кетдим. Шунга мажбур бўлдим. Ишоралар, баъзи бир нарсалар уже бизга ҳеч бир.. Орқага қараб ҳеч бир умид қиладиган нарса камроқ қолди, яъни кўпроқ олдинга юриш керак. Шу тинчроқлиги равшан бўлиб қолди. Жонимни сақлаш, оиламни сақлаш. Бўлди бу ёғига менинг қўлимдан кўп нарса келмайди. Демак, мен "Аллоҳим ўз ҳимоясига олмаса қийин бу ёғига" дедим ва чиқиб кетдим, - деди Фазлиддин Парпиев.

Мақола чоп этилгач...

Бош прокуратура матбуот хизматидан қуйидаги баёнот келди:

"Жорий йилнинг 26 ноябрь куни фуқаро Фазлитдин Парпиев томонидан Интернетнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида “Соқол қўйсангиз русчани ҳам ўрганиб олинг” номли мақоласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита томонидан хулоса берилган.

Унга кўра, “Мамлакатимизда кўп миллат ва элат истиқомат қилишини инобатга олинса, бу каби бир миллатдан иккинчисини устун қўйиш юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликка раҳна солиши ҳамда юртимиздаги ижтимоий вазият ва олиб борилаётган ислоҳотларга шубҳа билан қараш, нохолис кайфиятни уйғотиш, аҳоли орасида тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин”.

Шу муносабатдан, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 18 декабрь куни мақола муаллифи билан миллатлараро ва диний муносабатларни тартибга солувчи норматив хужжатлар талаблари борасида суҳбат ўтказилди. Ҳозирда Бош прокуратурада Парпиевга нисбатан жиноий таъқиб мавжуд эмас, шу нуқтаи назардан унинг мамлакат худудидан чиқиши масаласи назоратимиз доирасида эмас".

XS
SM
MD
LG