Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Фарғона ҳокими блогернинг "жанозасини ўқиш"ни буюрди


Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 2 декабр куни ўтказилган селектор йиғилишида Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

Озодликка юборилган аудиоёзувда, Шуҳрат Ғаниев туман ҳокимидан “қачон ўқилади унинг жанозаси?” деб икки марта сўрайди.

Озодлик бундан олдин худди шу селектор йиғилишида вилоят ҳокими халқ норозилигини ижтимоий тармоқда хабар ва видео қилиб тарқатаëтганларга нисбатан кескин чора кўришни талаб қилгани ҳақида ёзган эди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати​ раҳбари Муҳаммаджон Обидов ҳокимнинг овози монтаж қилинган бўлиши мумкин деди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 2 декабр куни барча туман раҳбарлари билан ўтказган аудиоселектор йиғилишида, газ йўқлиги учун Қувадаги норозилик намойишини видеога олиб Телеграм каналига жойлаган шахсни жисмоний йўқ қилиш билан таҳдид қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00
Бевосита линк

Бу аудиоёзув исми сир қолишини сўраган маҳаллий мулозимлардан бири томонидан Озодликка тақдим этилди.

Шуҳрат Ғаниевнинг ушбу селектордаги овози аввалги аудиоёзувлардаги овози билан бир хил ва аудиода Қува тумани ҳокими овоз эгасига Шуҳрат Мадаминович деб мурожаат қилади.

Аудиода Шуҳрат Ғаниев газ таъминоти ва унга тўловлар ҳақида гапира туриб, ноябр ойининг охирги кунларида Қувада газ йўқлигидан автомобил йўлини тўсган одамларни видеога олган шахсни “жанозаси” нега ўқилмаганини туман ҳокими Равшан Қурбоновдан сўрайди:

- Мана кеча, Қувада, қарзни тўлаб қўйишни ўрнига нима бўляпти, Қувада? Ким экан ўша, телефонда гапирган, ўша кўчага чиқволиб мошиналар ўтяпти мана ҳозир... А, оооов туман ҳокими?

Қува тумани ҳокими: - Саломалейкум.

Шуҳрат Ғаниев: - Саломалейкум. Қани ўша?

Қува тумани ҳокими: - Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш....

Шуҳрат Ғаниев: - Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?

Қува тумани ҳокими: - Чорасини кўрдик...

Шуҳрат Ғаниев: - Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни.

Қува тумани ҳокими: - Тушунарли...

Шуҳрат Ғаниев: - Нима деганинг у тушунарли.

Қува тумани ҳокими: - Мана режа туздик ҳозир бошланди...

Шуҳрат Ғаниев: - Каттахолангникига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом.

Озодлик ҳоким бу гаплари билан нимани аниқ назарда тутганини билиш мақсадида, вилоят ҳокимининг матбуот хизмати бошлиғи Муҳаммаджон Обидовнинг Telegram каналига ёзди.

Муҳаммаджон Обидовнинг жавобини қуйидагича бўлди:

"Биринчидан, аудио ёзув монтаж қилинганга ўхшайди. Сўзлар аниқ эмас. Узуқ юлуқ бир-бирига улангани шундоқ билиниб турибди. Бундай ёзув ишончга сазовор эмас.

Иккинчидан, ҳосил байрамидан хеч ким маҳрум қилинган эмас. Вилоятнинг барча туманлари, жумладан қуваликлар хам иштирок этганлар.

Учинчидан, бу аслида кимнинг овози, бу ҳам мунозарали.

Тўртинчидан, ҳатто бу етказувчининг манфаати йўлида қайта монтаж қилинган ёзув бўлсада, у ички, тор доирада ўтган йиғилишдаги ҳокимлик тизими ходимларига нисбатан айтилган бўлиши керак.

Ва ниҳоят, Озодлик воқеадан 15 кун ўтгач Фарғона вилояти ҳокимига нисбатан адоватли туҳмат халтасини қоқиштиришидан мақсади не, бизнингча бошқа мавзу тополмаганидан деб ҳисоблаймиз".

Озодликка ушбу мажлисдан аввал юборилган аудиоëзувда Ғаниев¸ Қува туманида газ йўқлигидан одамлар кўчага чиққани акс этган видео учун маҳаллий раҳбарларни ëппасига ишдан олганини айтиб¸ Қува ҳокимига қаттиқ ҳайфсан беради¸ унинг вилоят “ҳосил байрами”да қатнашишини тақиқлайди.

Вилоят ҳокими чиқиши давомида ҳокимият идораларидан газ ва свет йўқлиги ва бунинг халқ норозилигига сабаб бўлаëтгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар ва видео тарқатаëтганларга нисбатан кескин чора кўришни талаб қилади¸ чора кўрмаганларнинг ўзини “майдалашиб ўтирмай” ëппасига ишдан олишини айтади.

35 яшар марғилонлик тадбиркор Дилмурод Жалилов Telegram каналида 29 ноябрь куни тарқаган видеомурожаатида Марғилонда газ ва свет йўқлиги ҳақида гапира туриб¸ халқни қийнаëтган муаммоларни ҳал қила олмаëтган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан истеъфога чиқишни сўраган эди.

2 декабрь кунги йиғилишда бу видеомурожаатга билвосита муносабат билдирган ҳоким Ғаниев¸ “Марғилонда газ бўп туриб¸ газ йўқ деб чиқарган” “ахмоқлар”га чора кўрмагани учун Марғилон шаҳар ҳокимига “қаттиқ ҳайфсан” берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра, "ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир".

XS
SM
MD
LG