Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Фарғона вилоят ҳокими фермерга кредит ажратишни соқоли ўсиб кетгани учун рад этди


Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Фарғона вилоят ҳокимлигида соқолли тадбиркор таҳқирланиб, йиғилишдан ҳайдалгани қайд этилган аудиоёзув Озодликка келиб тушди.

Аудиони таҳририятга йўллаган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бу аудиоёзув вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирокида ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.

Мажлис давомида Шуҳрат Ғаниев тадбирда иштирок этаётган тадбиркорлардан бирининг соқоли ва сочини қиртишлаб олишни ички ишлар мулозимига топширади.

Тадбир иштирокчилари иддаосича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқолли тадбиркорларнинг бирортасига ҳам имтиёзли кредит бермаган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котибининг Озодликка айтишича, Шуҳрат Ғаниев тадбиркорни таҳқирламаган, балки соч-соқоли ўсиб кетгани учун шунчаки танбеҳ берган холос.

Озодликка 14 ноябрь куни мурожаат қилган, хавфсизлигини ўйлаб исмини очиқланмаслигини истаган фарғоналик тадбиркорнинг айтишича, Фарғонадаги “Тадбиркорлар маркази”да 12 ноябрда ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тадбиркор ва фермерларнинг лойиҳаларига имтиёзли кредит бериш масаласини муҳокама қилган:

“Тадбиркорлар соат 10:00 га чақирилди, лекин йиғилиш соат 12 дан ўтиб бошланди. Йиғилишни вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович олиб борди. Йиғилишда Қўқон ва Марғилон шаҳридаги тадбиркорларга президент дастури асосида имтиёзли кредит беришди. Йиғилишда лойиҳа эгалари, банк ва ИИБ мулозимлари ҳам иштирок этди”.

Тадбиркор иддаосига кўра, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқолли фермерларни таҳқирлаган.

Йиғилиш давомида яна бир йигитни соқоли узунроқ экан уни ҳам ҳайдади.


“Бу валломат ҳоким бир тадбиркорни соқоли учун ҳайдади ва “cани лойиҳанг ўчирилди” деди. Йиғилиш давомида яна бир йигитни соқоли узунроқ экан уни ҳам ҳайдади. Буни қандай тушуниш мумкин? Ғаниев бир кун олдин тадбиркорларга мурожаат қилиб, ҳар қандай тўсиқни оламиз, деб энди оддий бир соқоли ўсиб қолган тадбиркорни лойиҳасини ўчириб, ўзини ҳижолат қилиб, масхара қилиб, ИИБ ходимига буйруқ бериб, қўрқитиб, ҳайдади”.

Тадбиркор ушбу йиғилиш пайти ёзиб олинган аудиоёзувни ҳам Озодликка тақдим қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00
Бевосита линк

Қарийб бир минутлик аудио давомида Шуҳрат Ғаниевникига ўхшаш овоз эгаси йиғилиш иштирокчиларидан бирини соқоли учун ҳайдаб чиқаради:

Ҳоким: “Шерзод” фермер хўжалиги.... Ипотекабанк.(кимдир ўрнидан тургани овози эшитилади) Соқолни қаранглар! Танийсизми, бу кишини? Фермер хўжалигининг бошлиғимисиз?

Овоз: Иш юритувчисиман. Хўжайин Тошкентда эди.

Ҳоким: Илтимос қилса кеб турдингизми ўрнига?

Овоз: Йў, йў, йўқ.

Ҳоким: Ўчир бу лойиҳани! (кейин иш юритувчига юзланиб) тушунтиришингга ҳам, бошқанггаям, хўжайинггаям салом айтиб қўй. Бор, залдан чиқ, бор.

Ҳоким залда ўтирган Кобулов деган шахсга юзланиб бундай дейди:

- Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочи (сочи) ниям ялтиллатиб, қирдириб олинг. Қаранг, соқолини ҳам, сочини ҳам анақа қилинг.

Озодлик ҳоким тилга олган Кобулов деган шахс ким эканлигини аниқлай олмади. Тадбиркорларнинг иддао қилишича, Кобулов ички ишлар мулозимидир.

Фарғона вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов, аудиодаги овоз эгаси Шуҳрат Ғаниев эканлигини тасдиқлар экан, бу йиғилишда ҳоким инсон шаънини таҳқирламагани, балки соч-соқоли ўсиб кетган одамга танбеҳ берганини айтди:

Ҳоким оддий инсон сифатида, бир танбеҳ берган, ўзингизга қарасангиз бўлмайдими, деб.


- Ҳоким вилоятдаги барча тадбиркорлар билан икки кун давомида учрашди. Бу учрашувда тадбиркорлар, фермерлар қўйган масалалар, лойиҳалар тингланиб, имкон қадар уларнинг масалалари ечилган. Мен биринчи кун қатнашдим, иккинчи кун йўқ эдим. Менга кейин айтиб беришди. Бунақа расмий учрашувларга спортивний кийимларда, соч-соқолни ўстириб келиш оддий одоб доирасига ҳам тўғри келмайди. Ҳоким оддий инсон сифатида, бир танбеҳ берган, ўзингизга қарасангиз бўлмайдими, деб.

Озодликнинг, фермер иш юритувчиси "беўхшов соқол" қўйганмиди ёки соқоли шунчаки ўсиб кетганмиди, деган саволига матбуот котиби шундай деб жавоб берди:

"Бу оддий инсоний, ахлоқий одоб. Катта анжуманга бундай кийимда келиш тўғри эмас-да энди. Бир соқолингизни олиб, ўзингизга қараб юринг, деганни нимаси ёмон. Бизда соқоли бўлса мажлисга киритилмасин ёки соқол қўймасин деган гап бўлмаган. Мана ўша мажлисда қанча соқоли одамлар ўтирган эди, уларга ҳеч нарса дейилмаганку".

Муҳаммаджон Обидов соқоли ўсиб кетгани учун фермернинг лойиҳаси маъқулланмади, деган иддаони инкор қилди:

"Фермернинг вакили масала қўйган экан, тегишли одамга унинг масаласини ўрганинглар деб ташқарига чиқарган. Ва шунда соч-соқоли ўсгани учун текислаб қўйинглар, деб ҳам айтган"

Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг вилоятда соқол ва ҳижобга қарши кураш буйича кескин топшириқ бергани қайд этилган аудиоёзув Озодликка илгари ҳам келган эди.

Аудиоёзувнинг илк сониялариданоқ мулозим жамоат жойларида "беўхшов соқол қўйиб юрган"лар масаласига тўхталади.

"... шуларнинг 386 нафари соқол қўйган, номардлар.Таҳлиллар бўйича бунақа ҳолатлар Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Бувайда, Фарғона туманларида беўхшов соқол қўйиш ҳоллари кенг авж олган.

"...шунинг учун ҳурматли ҳокимлар, эшитиб олинглар: бирортанг агар мажлис қилсанг, мен борсам, ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам - маҳалла раисими у, ўқитувчими у, савдогарми у, жамоатчими у, депутатми у – ўша рўмолини олиб, оғзингга тиқиб қўяман!"

Озодлик ўтган ой эълон қилган президентнинг махфий қарорида тадбиркорларнинг беўхшов соқол қўйишини олдини олишга қаратилган турли тадбирлар ўтказиш буюрилган.

Махфий қарорда соқол ҳақида шундай ёзилган
Махфий қарорда соқол ҳақида шундай ёзилган

4 сентябрь кунги 4437м сонли президент махфий қарорида ëзилишича¸ сўнгги йиллардаги диний вазият таҳлили “кундалик ҳаëтда кўзга ташланаëтган ноодатий либос ва қиëфа кўринишлари” жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этувчи омилга айланганини кўрсатган”.

Шундан келиб чиқиб махфий ҳужжатда Ўзбекистонга хориждан бундай кийим-кечак ва бошқа диний белгили маҳсулотларни олиб киришни тўхтатиш¸ мамлакат ичкарисида бундай маҳсулот ишлаб чиқараëтганларни бошқа йўналишга буриш топширилган.

XS
SM
MD
LG