Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:58

"Ўзагроэкспорт" эртапишар меваларни сотиб олишга тайëр эмас; боғбонлар касодга учраш арафасида


Президент қарори билан янги иш бошлаган “Ўзагроэкспорт” ширкати боғбонларнинг пишган меваларини қабул қилмаëтир. Андижонлик боғбонларнинг Озодликка билдиришича, айни пайтда¸ бир ҳафта ичида териб олиш керак бўлган ғарқ пишган гилосларни ҳар йилги харидорларга сотишга ҳам рухсат йўқ.

Озодликка Андижондан боғланган боғбон 80 туп эртапишар гилоси пишиб-етилгани, агар бир ҳафта ичида сотиб юбормаса, бу йилги ҳосилга куйиб қолиши мумкинлигини айтади:

- Ўтган ҳафтада териб олсак бўларди аслида. Ҳар йили келиб, уйимиздан териб кетадиган қўқонлик савдогар йигитлар: “Бу йил холдинг қабул қилмаяпти биздан, ҳозир ололмаймиз”, деб туришибди. Уларнинг ўзларига ташқарига олиб чиқиш тақиқланганмиш. Яна бир ҳафта вақтимиз бор, ундан ўтиб кетсак, кейин экспортга ярамайди ҳосил. Бунинг устига нархини 2 минг сўм дейишяпти. Ўтган йили 14 минг сўм, ундан олдинги йили 9 минг сўмдан боғнинг ўзида сотган эдик. Бу йил президент аралашганидан кейин Россияга йўллар очиларкан, деб турсак, бошиданоқ аҳвол чатоқ-ку?! – дея нолиди исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган андижонлик боғбон.

Ҳар йили ҳосилни боғнинг ўзидан сотиб ўрганган боғбон Ўзбекистонда мева экспорти бўйича жорий этилган янги тартибдан бехабарлиги ва агар бир ҳафта ичида харидори чиқмаса, қарийб 8 тонна гилосни маҳаллий бозорда сотиб, даромад қила олмаслигини айтди.

Ўзбекистон президенти шу йилнинг 7 апрелида имзолаган “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг экспорти билан шуғулланадиган янги ширкат ташкил этилди.

Ҳужжат мазмунига кўра, мамлакат чегараларидан олиб чиқиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари шу ширкат қайдидан ўтиши лозим. Боғбон-деҳқонлар эса тўғридан-тўғри ширкат ёки ундан рухсат олган маҳаллий агрофирмалар билан шартнома тузиб, ҳосилини экспортга чиқариши мумкин.

Андижон вилоятида экспорт савдоси билан шуғулланадиган микрофирмалардан биридан олинган маълумотга кўра, "Ўзагроэкспорт" ширкати ҳозирча на улар, на боғбонлардан меваларни қабул қилишни бошлаган:

"Ҳозир энди-энди иш бошлаяптику компания. Биз ҳам улар билан шартнома имзоладик, лекин ҳали мева олишни бошлаганимиз йўқ. Да, боғбонларда майский гилослар пишди. Лекин ҳозир мева экспортига чиқадиганларнинг ҳаммаси "Ўзагроэкспорт" билан шартнома тузиши керак. Шартнома тузмагунча бир килограм мева ташқарига чиқмайди", дейди номини ошкор қилмаётганимиз агрофирма ходими.

Ундан олинган маълумотга кўра, ширкат билан шартнома имзолагандан сўнг агрофирмалар меваларнинг сифатини тасдиқловчи сертификат олиши ва бу сертифкатлар Давлат божхонаси томонидан қабул қилиниши лозим:

"Энди бу бир ҳафтада битадиган ишмас, тўғриси. Бу янги иш, энди бошланяптида, тушунаяпсизми?! А гилос қараб турмайди, пишди уже. Ўзи тепадан ҳам тезлаб ётишибди, расмийлаштиришни тезроқ тугатиб, экспортни бошланглар, деяпти. Лекин, расмийлаштириш ишлари осон бўлмайди-да", деди агрофирма ходими.

Боғбон эътирозига сабаб бўлган яна бир масала – ўта арзон белгиланган нарх масаласида на бу тадбиркор, на "Ўзагроэкспорт"нинг ўзидан аниқ маълумот олишнинг имкони бўлди.

"Ўзагроэкспорт" ташқи савдо ширкати бош идорасидан шу кунларда янги бинога жойлашаётгани, ҳозирча фақат биргина телефон рақами орқали бош штабга боғланиш мумкинлиги ҳақида жавоб олинди.

Олинган расмий жавобга кўра, 7 апрелдан иш бошлаган ширкатнинг жойлардаги вакиллари мевалари етила бошлаган боғбонлар ва маҳаллий агрофирмалар билан шартномалар имзолашни бошлаган. Эртапишар гилосларни қабул қилиб олиш бошландими-йўқми, деган саволга ширкатнинг ходими аниқ жавоб беролмади.

Президент қарорида мева-сабзавот нархи "жаҳон ва минтақавий бозорлар конъюнктурасини маркетинг жиҳатдан чуқур тадқиқ қилиш" йўли билан белгиланиши айтилган. Аммо, деҳқон-боғбоннинг қўлидан ҳосилни сотиб оладиган кичик савдо фирмалари, жумладан, шу кунга қадар вилоятларда ишлаб келган ва президент қарори билан "Ўзагроэкспорт"га боғлаб қўйилган агрофирмалар нарх ташқи савдо ширкати – яъни, давлат томонидан белгиланишини кутмоқда.

Фарғона вилоятидаги агрофирмалардан бири ҳам нарх масаласидаги саволга ҳозирча жавоб беролмаслигини айтаркан, шу кунга қадар хорижга мева-сабзавот экспортида тўсиқ бўлиб турган бир муаммони тилга олди:

"Биз қарийб 6 йил Россияга узум сотдик. Битта шарти бор - хорижга чиқариладиган ҳар бир тонна маҳсулот учун юз фоизлик предоплата сўралади. Масалан, Россиядаги бирор фирма ҳали ишкомда пишиб турган 100 тонна узумга олдиндан пулини тўлаши керак. Шундагина чегарадан олиб чиқа оласиз. Бунга уларни рози қилиш жуда қийин бўлади, нарх тушади. Яна битта муаммо - конвертация давлат нархида. Энди янги қарорда камида 50 процент валютани давлат нархида сотиш шарт, қолганини валюта қилиб олиш мумкин, дейилган дейишяпти. Кўрамиз-да ҳали. Яхши бўларди, шунчалик бўлса ҳам енгиллик", деди фарғоналик экспортчи тадбиркор.

Андижонлик боғбоннинг айтишича, унинг 80 туп гилос экилган боғи у яшайдиган ҳудудда ўртамиёна катталикдаги боғдир. Ён-атрофида гилосни томорқаси ва ҳовлисида эккан боғбонлар ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси "қўқонликлар" - гилосни ўзи териб, боғдан олиб кетадиган экспортчиларни кутмоқда.

Яна 20-25 кунда эса Фарғона водийсида эртапишар ўриклар етилади. Уларнинг экспорти гилосникидан ҳам оғирроқ - тез уринади ва дарахтда туриб қолса, тўкилиб кетади.

Шу боис, Озодлик билан суҳбат якунида бу боғбон ҳосилини эсон-омон сотиб олишида ёрдам беришини сўраб, Ўзбекистондаги масъул ташкилот ва мамлакат раҳбарига мурожаат йўллади.

Озодлик пишиқчилик бошланаётган Ўзбекистондаги боғбон ва деҳқонлардан келаётган бошқа мурожаатларни ҳам ўрганиш ва хусусан, "Ўзагроэкспорт" ташқи савдо ширкати бош идорасидан тўлиқ жавоб олишга уринади.

XS
SM
MD
LG