Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Экологлар: Ваъда қилинган маош ҳам ошмади, йўл ва овқат пулидан ҳам маҳрум бўлдик


Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида экологларнинг лоқайдлиги боис минглаб кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланди.
Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида экологларнинг лоқайдлиги боис минглаб кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланди.

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2021 йил 1 февралда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Молия вазирлигига экологлар маошини 2-3 бараварга ошириш ҳақида топшириқ берган эди.

Орадан бир йил ўтди. Экологлар маоши ошмади, аксинча улар олиб турган йўл пули ва овқат пули ҳам тўхтатилди.

Уч ойдан буён бу имкониятдан айрилган экологларнинг айтишларича, улар жуда қийин иқтисодий аҳволда қолишган. Бир ярим миллион сўм атрофидаги маош уларнинг йўлкирасию тушлигидан ортмаяпти.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси мулозими шундай ҳолат бўлаётганини тасдиқлар экан, янги тайинланган қўмита раисидан бу борада ижобий қадам кутаётганини айтди

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг шаҳар, вилоят ва туманларда тахминан икки минг нафар ходими бор.

Экологларнинг вазифаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик шароитни яхшилаш, чиқиндиларни атроф-муҳитга зарарли таъсирини олдини олиш ва аҳоли саломатлиги, аҳоли турмуш тарзи сифати ва даражасини ошириш учун қулай шароит яратишдир.

Аммо экологлар сўнгги пайтда иқтисодий аҳволлари оғирлашиб кетаётганидан шикоят қиладилар.

Озодлик таҳририятига қашқадарёлик экологлардан келган шикоятда бундай ёзилган:

“Мана 3 ойдирки вилоят экология бошқармаларида йул пули ва овкат пулини беришмаяпти. Инспекторлар шу пулга ишониб кредит олишган. Ҳар бири камида 1,5-2 млн сўм давлатга кредит тўлашади. Ўзи бор-йўғи 1,5-1,8 млн сўм ойлик оламиз. Қўмитага Н.Обломурадов келса ойлигимиз ошади деб ўйлаган эдик. Афсуски йўл пули ва овқат пулидан ҳам мосуво булдик. Энди нима қиламиз. Кредит тўламасак бўлмайди, рўзғор ўтказолмай қолдик. Кимдир ёрдам қиладими йўқми. Жуда кийин аҳволда қолдик”.

Қашқадарё вилоят экология бошқармасида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ходимнинг айтишича, экологларнинг йўл ва овқат пулидан маҳрум қилиниши уларни оғир иқтисодий аҳволга солиб қўйди:

“2020 йилнинг июнь ойидан бери йўл ва овқат пули олаётган эдик. У пайт Шавкат Абдураззоқов қўмита раиси эди. Масалан, Тошкентда ишчиларга проездной берилади. Биз доим иш билан кўчада юрамиз. Шунга Шавкат Абдураззоқов жамғарманинг ҳисобидан экологларга ёрдам бўлсин, деб йўл ва овқат пули қилдирган эди. Шунга ишониб кўпчилик кредит олган эди. Аммо ўтган йилнинг декабрь ойидан йўл ва овқат пули бериш таққа тўхтатилди”.

Исми сир қолишини сўраган вилоят экология бошқармаси лаборантининг айтишича, йўл ва овқат пули бир миллион сўм атрофида бўлган:

“Бизнинг ойликлар 1,4 – 1,8 миллион сўм атрофида, бугунги нарх-наво кўтарилган шароитда бу ҳеч нарса бўлмайди. Ўша овқат пули сал мадад бўлиб турган эди. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўтган йили маошларининг 2-3 бараварга ошади деганда, роса хурсанд бўлган эдик. Лекин маош ҳам ошмади, аксинча йўл ва овқат пулидан ҳам маҳрум қилишди”.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2021 йил 1 февралида ўтказган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида экологлар маошини 2-3 бараварга ошириш ҳақида Молия вазирига топшириқ берган эди.

Бу ҳақда йиғилиш баённомасида шундай дейилган:

“Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Давлат экология қўмитаси (Максудов) икки ой муддатда Давлат экология қўмитаси тизими ходимларининг бюджет хисобидан оладиган ойлик иш ҳақи миқдорини 2-3 бараварга ошириш ҳамда йўлкира, овқатланиш учун бериладиган маблағлар ва иш стажига устама тўловларни давлат бюджети ҳисобидан қоплаш масаласини кўриб чиқсин”.

Аммо, экологларнинг айтишларича, маошлар ошмаган, боз устига йўл ва овқат пулидан ҳам улар маҳрум этилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, экологлар иқтисодий томондан қийналиб қолишганини тасдиқлади:

“Бундай ҳолат фақат бизнинг вилоятда эмас, бутун республика бўйлаб шундай. Ҳа, бироз қийналиб қолишди. Маъмурий жарима қўллаган экологларга ўша жарима миқдорининг 10 фоизи ташлаб берилади. Аммо лаборант ва кам ойлик олиб ишлайдиган ходимларга бироз оғир бўляпти. Энди мана қўмитага 31 декабрь куни янги раис қўйилди. Ходимларининг иқтисодий аҳволига янги раис бефарқ бўлмайди, деб умид қиламиз”.

Озодлик Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот хизмати билан икки кун давомида боғланишга ҳаракат қилди. Аммо телефон қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистонда сўнгги икки йилда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси уч марта алмашди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 24 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудовни ишдан олди. Билдирилишича, Алишер Мақсудов соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал эта олмаган ва қатор камчиликларга йўл қўйган.

Президентнинг айтишича, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Айни пайтда яшил майдонлар 3-4 баробарга қисқариб кетган ва ўртача 8 фоиздан камайиб кетган.

Ўзбекистонда ўнлаб ҳудудларда кўп йиллик дарахтларнинг аёвсиз кесилиши ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигига ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги берган маълумотига кўра, энг кам ойлик олувчилар қаторида экологлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG