Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:01

ДХХ раиси «порахўр» ҳакамларни огоҳлантирди. Журналистларни ҳам. Равшан Эрматов Озодликка изоҳ берди


ЎФА ва ДХХ раиси Абдусалом Азизов ҳамда таниқли ҳакам Равшан Эрматов (ЎФА матбуот хизмати)
ЎФА ва ДХХ раиси Абдусалом Азизов ҳамда таниқли ҳакам Равшан Эрматов (ЎФА матбуот хизмати)

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбари, айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси Абдусалом Азизов ЎФАнинг 12 ноябрь оқшомида ўтган йиғилишида қатор ҳакамларни порахўрликда айблаган.

Матбуот учун ёпиқ бўлган йиғилиш тафсилотлари ҳақида Озодликка Ўзбекистон футболига яқин бир-биридан мустақил бир неча мулозим сўзлаб берди.

Жумладан, йиғилиш қатнашчиларидан бирининг сўзларига кўра, ДХХ раиси қатор ҳакамларнинг исм-шарифлари ва пора сифатида олингани иддао қилинган рақамларни ҳам тилга олган. (Бу рўйхат Озодликда бор)

ЎФА ва ПФЛ тизимидаги расмийларга кўра, раис ҳакамлар жамоасини кескин танқид қилган ва пора олганига доир "фото ва видео далиллар" борлигини айтган.

Манбалар иддаосича, ДХХ раиси “порахўр” ҳакамларнинг аксари, дунёдаги энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган рефери Равшан Эрматовнинг "шогирдлари" эканига алоҳида урғу берган.

Равшан Эрматовнинг ўзи Озодлик билан қисқа мулоқотда мажлисда ҳакамлар масаласи жиддий муҳокама қилинганини тасдиқлади.

Айни пайтда у "ўзига яқин ҳакамлар" нишонга олинганига оид иддаоларни рад этди ва хатога йўл қўйган ҳакамлар ўз ҳаракати учун жавоб бераверади, деб ҳисоблашини айтди.

ДХХ раиси-ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг ассоциация ва айниқса, футбол ҳакамлари таркибини жиддий огоҳлантиргани ҳақидаги хабарларни Озодликка бир-биридан мустақил бир неча манба йўллади.

Жумладан, ЎФАга алоқадор бўлган ва исмини очиқламасликни сўраган мулозимга кўра, раис 12 ноябрь кунги ёпиқ йиғилишда ўз идораси терговчилари ҳакамлар пора олганига оид қатор фактларни аниқлаганини айтган ва бу фактларни жамоага ошкор қилган:

“Раис йиғилишда 5 - 6 та ҳакамни номма-ном айтиб, қайси ўйинда, қанча пора олгани аниқланганини маълум қилди. Бу айбловлар видео, фото, аудиозапислар ҳамда порани олган ҳакамларнинг иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланганини таъкидлади. Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Арслон Ҳотамовни ишдан олди. Ўзи, унинг тайинланганига энди 2 ой бўлган эди".


Мулозимнинг иддао қилишича, 12 ноябрь кунги йиғилишда илгари сурилган айблов ва танқидлар, асосан, халқаро миқёсда танилган Равшан Эрматовнинг шогирдларига қарши қаратилган.

"Раис кимлигини биласиз..."

Худди шу йиғилиш ҳақида хабар қилган яна бир манба ДХХ раиси бир гуруҳ ҳакамларга қарши тергов ҳужжатлари борлиги ва бу борада тез орада, шахсан президентга маълумот тақдим қилишини айтганини иддао қилди.

Бир-биридан мустақил манбалар сиздирган бу иддаоли хабарлар ортидан, Озодлик йиғилишда номи тилга олинган футбол ҳакамларининг ўзларидан изоҳ олишга уринди, аммо улар бу борада изоҳ беришдан тийилди.

ЎФА идорасидан бу борада ҳозирча расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо Озодлик йиғилишда қатнашган спорт шарҳловчиларидан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Шахси сир сақланиши шарти билан гапирган шарҳловчи, ЎФА президенти А. Азизовнинг бу йиғилишдаги айбловлари футбол олами вакиллари учун кутилмаган бўлганини айтди.

У Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Арслон Ҳотамов ишдан олингани ва ҳакамлар огоҳлантирилганини тасдиқлади.

Унинг Озодликка айтишича, жамоа ичида ҳакамлар ёки бошқа расмийларнинг пора олганига оид очиқ фактлар, рақамлар ва исм-фамилиялар тилга олиниб, ошкора таҳдид қилиниши ҳоллари аввал кузатилмаган эди:

“Раис (А. Азизов назарда тутилмоқда - таҳр.) ДХХда фактлар борлигини айтди. Агар факти бўлмаса, гапирмас эди, тўғри. Лекин, бунақа, ҳамманинг ичида гапиришлар олдин бўлмаган. ДХХда порада айбланган ҳакамлар группасига “Маҳалла” деб ном қўйишибди. Айтишларича, бу Равшан Эрматовнинг атрофидаги ҳакамларни группаси эканмиш, ўша куни мен бу ҳақда биринчи марта эшитиб, жуда ҳайрон қолдим. Ўшандан бери кўпчилик ўзига келолгани йўқ. Энди ЎФАни раиси кимлигини биласиз (ДХХ раиси А. Азизовнинг ЎФАга раислигини назарда тутмоқда - таҳр.) - иш услуби ҳам шунга яраша бўляпти шекилли-да”.

ЎФАда йиғилиш бўлгани ва унда “порахўр ҳакамлар” қаттиқ танқид қилинганини ассоциацияга алоқадор яна бир мулозим тасдиқлади.

Исми ошкор қилинмаётган бу мулозим ЎФА раҳбари ёпиқ мажлисда ассоциация ходимларига "ошкора таҳдид қилгани"га алоҳида урғу берди.

“Авваллари ҳакамлар жазоланишган, лекин порахўрлик айби қўйилмаган, ўйиндаги хатолари учун жазоланишган. Ҳозир эса, айнан порахўрлик дейиляпти. Катта (А. Азизов назарда тутилмоқда - таҳр.) айтибдики, деярли ҳамманг ҳақингда маълумот бор, кўзларингни оч, дебди”.

Равшан Эрматов: Мен учун ишга профессионал ёндашиш муҳим!

Озодлик ёпиқ мажлис тафсилотлари юзасидан таниқли ҳакам - дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган Равшан Эрматов билан боғланишга муваффақ бўлди.

Эрматов бу йиғилишда иштирок этгани, унда ҳакамлар фаолияти ва уларнинг профессионал маҳоратини ошириш масалалари муҳокама қилинганини тасдиқлади:

“Бу мажлисда шахсан мен ҳақимда ҳеч қанақа гап бўлмади. Алоҳида ҳакамларни номи тилга олинди, бу тўғри. Лекин, кимки хато қилган бўлса, ўша хатоларига ўзи жавоб бераверади. Мен учун ишга профессионал ёндашиш муҳим. Спортчига профессионалликни ўргатиш мумкин, унинг маҳоратини ошириш мумкин, аммо ички дунёсини ўзгартириб бўлмайди-да! Мен эса ҳар доим асосий эътиборимни профессионал футбол ва спорт ривожига қаратганман, ҳозир ҳам шу йўлда қўлимдан келганича меҳнат қиляпман. Бунинг натижасини келажакда ҳаммамиз бирга-бирга кўраверамиз”, - деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда халқаро майдонда танилган ҳакам Равшан Эрматов.

Эрматов келгусида бу борада Озодлик саволларига тўлиқ жавоб беришга тайёр эканини изҳор қилди.

Журналистлар огоҳлантирилди

Айни пайтда 12 ноябрь кунги ёпиқ йиғилиш ҳақида Озодликка ёзаётган манбалар мажлисдаги яна бир муҳим ва уларнинг назарида хавотирли жиҳат - спорт журналистларининг шахсан генерал Азизов томонидан огоҳлантирилиши бўлганини таъкидламоқда.

Жумладан, ЎФАга алоқадор бўлган ва исмини очиқламасликни сўраган манбага кўра, ёпиқ мажлисда камида 3 та ахборот воситаси журналисти қатнашган:

“ДХХ раиси уларга бу мажлис ҳақида ҳеч нарса ёритмаслик кераклигини тайинлади. Мана, орадан неча кун ўтди, бирор сатр хабар йўқ бу йиғилиш ҳақида”.

Йиғилишда иштирок этганлардан бири билан суҳбатлашганини айтган ўзбекистонлик журналистнинг, исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, ДХХ раиси ЎФАга раҳбарлигига сайланганидан буён футбол ва спортни ёритаётган журналистларда ҳадик пайдо бўлган:

“Азизов доим ҳужжат, видео ва аудио далиллар билан гапираркан. Ўша кунги йиғилишда ҳам ҳакамларнинг пора олганига оид шунақа далиллар бор, деб юзига уриб ташлапти. Футболда коррупция доим бўлган, аммо бу соҳани бошқарган раҳбарнинг шахсан ўзи бунгача ҳакамлар, журналистларга бунақа очиқ таҳдид қилганини шахсан мен эшитмагандим. Шунинг учун бу темада ёзиш ҳам хавфли бўлиб қолди, назаримда”, деб ёзди Озодлик билан Телеграм орқали мулоқотда ўзбек журналисти.

Унинг сўзларига кўра, матбуот буткул ёпиқ бўлган Каримов даврида ҳам соҳадаги камчиликлар ҳақида ошкора гапириб келган журналистларнинг “ўчиб қолгани” спорт журналистикасидаги хавотирли тенденциядир:

“Унақа олдингидай қотириб мақола ёзаётганлар йўқ, ёзиб юрганлар ҳам жим бўлиб қолишган. Чунки ҳозир футбол федерацияси ва футбол ўйинлари орқасидаги ишларга президентнинг куёвлари ҳам аралашиб кетган, дейишади. Буям журналистларнинг журъатини пасайтириб қўйган. Хуллас, қанақадир тушунарсиз бир муҳит пайдо бўлди-да ҳозир, бунақа ҳолат аввал бўлмаган”.

Айни пайтда йиғилиш тафсилотларидан бехабар, аммо ҳакамлар орасида пора олиш ўзбек футболида анча кенг тарқалган муммо эканини айтган яна бир ўзбекистонлик футбол шарҳловчиси генерал Азизовнинг "порахўр" ҳакамларга қарши курашини олқишлади.

"Анча олдин бошлаш керак эди бу курашни", деди Озодлик фикрини сўраган шарҳловчи.

Қудратли раислар

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциациясига 2019 йилнинг июль ойидан бери раҳбарлик қилади.

Бунга қадар ЎФАни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошқариб келган эди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтган йил июлидаги ҳисобот-сайлов конференциясида Равшан Эрматов ЎФАнинг биринчи вице-президенти лавозимига сайланган.

Кейинчалик Эрматов жисмоний тарбия ва спорт вазирига биринчи ўринбосар бўлди.Вазирлик матбуот хизмати берган хабарга кўра, Р. Эрматов мазкур лавозимга Ўзбекистон президентининг 2020 йил февраль ойида имзолаган махсус қарори билан тайинланган.

Ўзбекистонда куч тизимлари раҳбарларининг спортнинг кўзга кўринган соҳаларига раҳбарлик ва кураторлик қилиши мустақиллик йилларида шаклланган анъана.

ДХХ раиси Абдусалом Азизовнинг ўтмишдоши - собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов 21 йил мобайнида Ўзбекистон теннис федерациясига раҳбарлик қилган.

Жорий йил мартида Рустам Иноятовнинг ўрнини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов эгаллаганди.

Айни пайтда 75 ёшли генерал Иноятов теннис федерациясининг фахрий раиси сифатида қолган.

XS
SM
MD
LG