Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:31

ДХХ раиси Сурхондарёда МХХдан жабр кўрганлар билан шахсан учрашди


Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович 1966 йилда, Фарғонанинг Учкўприк туманида туғилган.
Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович 1966 йилда, Фарғонанинг Учкўприк туманида туғилган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев 16 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида МХХ мулозимлари ва унинг собиқ полковниги Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар раҳбари ва собиқ ҳокимлар билан шахсан учрашув ўтказди.

Бу учрашувда қатнашган жабрланувчилардан аввалги йиллардаги МХХ мулозимлари ва МХХ Сурхондарё вилояти тергов бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Нодир Тўрақуловнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида аниқ кўрсатма ёзиб бериши сўралган.

Бу учрашувда қатнашган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг айтишича, вилоят ҳокимлигига вилоят МХХ мулозимлари ва унинг тергов бошқармаси собиқ бошлиғи Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар таклиф қилинган:

“Кеча, 16 март куни ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев бизни чақиртирди. Ҳокимлик мажлислар залига олиб киришди. Унинг ёнида яна битта кичкина зал бор экан. У ерда ДХХ раиси, вилоят ҳокими, прокурори, милиция бошлиғи бор экан. Ўша ерга битта-битта чақириб МХХчилардан қандай жабр кўрганимизни сўради ва вилоят департаментидаги 14 та терговчига бизлардан ариза ёздириб олишни тайинлади”, дейди маҳаллий ташкилот собиқ раҳбарларидан бири.

Бу учрашувга кириб чиққан, вилоят туманларидан бирида ташкилот раҳбари бўлган собиқ мулозимнинг айтишича, у ҳам МХХчилардан жабр кўрганини айтиб берган:

“Ҳозирча исмимни айтмай туринг. Гап шундаки бу МХХчилар бутун фаолиятим даврида менинг изимдан бўлишди. Бунинг сабаби оддий, мен МХХчилардан бирининг яқин қариндошига нега мажлисга кеч қолдинг деб дашном берган эканман. Шундан кейин қайси бир ташкилотда ишламай, ҳокимларга айтгизиб, мени ишдан олдириб ташлайверишди. Президентимизнинг вилоят МХХчилари тўғрисида гапирганидан ва Нодир Тўрақуловнинг ҳибсга олинганидан сўнг мен тинчидим. Менга кун бермаган барча МХХчилар ҳақида маълумот ёзиб бердим”, дейди собиқ мулозим.

МХХ собиқ покловниги Нодир Тўрақуловдан моддий ва маънавий жабр кўрган жарқўрғонлик Субон Ваҳобовнинг айтишича, у ДХХ раиси қабулига бормоқчи бўлган, лекин аризачилар жуда ҳам кўп эканлигидан бу ишни Наврўздан кейинга қолдирган:

“Мен ҳам раис билан учрашувга бормоқчи эдим. Лекин у ерга бориб келган бир танишимнинг айтишича, навбатда 170 киши турибди экан. Энди Наврўз байрамидан кейин Нодир Тўрақулов устидан арз қилгани бораман”, дейди Субон Ваҳобов.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Ўзбекистон ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашганини тасдиқлади:

“Ҳа, шундай учрашув бўлди. Жуда ҳам кўп одам келди. Ҳамма билан ҳам учрашиб арзини тинглашга имкон бўлмади. ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев барча жабрланганлар аризаларини ёздириб олиш ва ўрганиб чиқиш ҳақида топшириқ берди”, дейди мулозим.

Сурхондарëда "донг таратган" МХХ зобити Нодир Тўрақулов президент Мирзиëев жорий йилнинг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан 22 январь куни Тошкентда қамоққа олинган эди.

16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди чиқарган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримга кўра¸ Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва 230-моддасининг 2-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани прокурори ўринбосари, Шерали Аҳмедов 1 март куни Сурхондарё вилояти МХХ тергов бошқармаси собиқ бошлиғи Нодир Тўрақулов тузган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG