Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:37

Ўзбекистонда долларнинг ҳам расмий¸ ҳам норасмий курси муттасил ошмоқда


Кейинги уч ҳафта ичида АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланадиган курси ҳафтасига қарийб 50 сўмдан қимматлади ва сешанба куни 3404.35 сўм қилиб белгиланди. Долларнинг расмий курсга параллел ошаëтган қора бозор нархи эса¸ 2 март куни 7150 сўмга чиқди ва айни давр ичида 250 сўмдан кўпроққа қимматлади. Буни босқичма-босқич девальвация жараëни деб баҳолаган айрим мутахассислар Озодлик билан суҳбатда унинг хатарли оқибатларидан огоҳлантирдилар.

Сўнгги ҳафталар динамикаси

Марказий банк расмий сайтида келтирилган ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курси динамикасидан¸ ҳар сешанба куни белгиланадиган ҳафталик курснинг 14 февралдан бошлаб қарийб 50 сўмдан оширила бошлагани кузатилади. Расмий курс ошиши 14 февралга қадар ҳафтасига 14 сўмни ташкил қилган.

Банк архивидаги иловадан¸ 2016 йилнинг биринчи кунларида бир АҚШ доллари нархининг 2816.48 сўмдан бошланиб¸ йил охирига келиб¸ 3231.48 сўмга кўтарилгани кўрилади.

2016 йил давомида доллар расмий нархи 415 сўмга қимматлаган бўлса¸ 2017 йилнинг биринчи икки ойида доллaр январнинг илк кунларига нисбатан қарийб 165 сўмга ошган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон қора бозоридаги нарх динамикасини мунтазам кузатиб бораëтган dollaruz.com сайтига кўра¸ 2 март куни бир АҚШ долларининг сотиш нархи 7150 сўмга чиққан.

2016 йилнинг сўнгги кунида 6800 сўмга сотилган доллар реал курси 2017 йилнинг икки ойи ичида 350 сўмга ошган; кейинги икки ҳафтадаги қимматлаш эса 250 сўмга етган.

Расмий курсдаги қимматлашнинг уч бараварга ошиш сабаби нима?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган ўзбекистонлик иқтисодчилар қимматлашни ҳукуматнинг ўзбек сўмини девальвация қилиш¸ яъни сўмнинг хориж валюталарига нисбатан курсини пасайтириш уриниши деб баҳолади.

Бу жараëн сабабларига тўхталган Тошкентдаги йирик банклардан бири мутахассиси¸ президент Шавкат Мирзиëев 7 февраль куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонини тилга олди.

“Бу стратегиянинг “Иқтисодиëтни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган 3-бандининг 117¸118 ва 119-моддалари валюта сиëсатига бағишланган. Хусусан¸ 119-моддада “валютани тартибга солишнинг илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш” учун ўнта ташкилотга уч ой вақт берилган. Яъни 2017 йилнинг 1-чораги ичида нимадир аниқ қарор олиниши керак. Ҳозирча на Марказий банк¸ на Молия вазирлиги ва бошқа масъул тизимлар валюта сиëсатини либераллаштириш ҳақида берилган топшириқни қандай бажараëтгани ҳақида лом-мим демаяпти. Лекин кейинги уч ҳафтада доллар расмий курсининг 50 сўмдан оша бошлагани¸ ҳукумат босқичма-босқич девальвацияга қарор қилгани ифодаси бўлиши мумкин”¸ деди Тошкентдаги банк ходимларидан бири.

“Валютани тартибга солишнинг илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш”га ваколатлантирилган тизимлардан бири мулозими ҳам Озодликка расмий курсдаги қимматлашни девальвация деб атади.

“Қозоғистон ва Россиядаги каби бир кечада кескин девальвация қилишга қурбимиз ҳам¸ профессионал тажрибамиз ҳам етмайди. Шунинг учун босқичма-босқич оширишади. Бора-бора расмий ва норасмий курс ўртасидаги тавофут қисқариб¸ балки бир нуқтада бир хиллашиши мумкин. Бу яқинлашиш¸ балки 5000 сўмлар атрофида бўлар”¸ деди валютани тартибга солиш жараëнига алоқадор тизим расмийси.

Қора бозордаги доллар нега яна кескин қимматлашга ўтди?

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон молия тизимларидан бири мутахассиси бунинг сабаблари кўплигини айта туриб¸ асосийларидан бири сифатида ўтган ойда пенсия ва ойликларни тўлиғича нақд пулда тўлаш ҳақидаги Мирзиëев қарорини тилга олди.

“Бу мамлакатдаги молиявий аҳволнинг мураккаблигини охиригача тушунмасдан¸ шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарор бўлди. Одамлар қўлида нақд пул кўпайса¸ у Тошкент бозорига оқиб келиши¸ бу пул эса¸ дарҳол доллар қора бозорига тушиб¸ курсни қимматлатиши аниқ нарса эди. Ҳозир шу нарса бўлаяпти”¸ деди молия тизими расмийси.

Бу расмий¸ Каримов даврида ойлик¸пенсия ва аксар тўловларни деярли 100 фоиз пластик карта орқали тўлаш механизмининг қаттиқ ушлаб келингани ортидаги асосий сабаб инфляциянинг кескин ошишига йўл қўймаслик бўлганини таъкидлади.

“Энди бир томондан нақдда тўла деди ва бу ой ичида айланмадаги нақд кескин кўпайди. Бошқа томондан¸ бугун-эрта янги 10 минг сўмлик муомалага чиқади ва бу ҳам нақдни кўпайтиради. 1 апрелдан ойлик-маошлар ошади. Айланмадаги нақд массаси кўпайгани сайин¸ инфляция кучайиб¸ одамлар олаëтган ойлик ва пенсияларнинг реал харид қурби пасайиб боради¸ доллар эса ошаверади. Бу кетишда¸ яқин ойларда бир долларнинг 10 минг сўмга чиқишидан ҳам ҳайратга тушмаса бўлади”¸ деди Озодлик суҳбатлашган бу мулозим.

“Макроиқтисодий бўрон”

Ўзбекистон иқтисодиëт вазирлигининг собиқ мулозими Саодат Нишонова¸ муомаладаги нақд сўмнинг кўпайиши¸ иккинчи томондан Марказий банкнинг сўмни босқичма-босқич девальвация қилиш қарори мамлакат иқтисодини макроиқтисодий бўҳронга етаклаши мумкинлигидан огоҳлантиради.

-Бу тарафдан нақд пулни кўпайтираяпти¸ бошқа тарафдан сўмни девальвация қилаяпти¸ бу таннарх инфляцияси¸ бу эса¸ макроиқтисодий бўҳрон йўли деганидир. Нақдни кўпайтирмасдан¸ аксинча уни ушлаб тириб¸ сўмни кескин девалъвация қилишкерак эди. Бу ëқдан пулни печатлаб¸ бу ëқдан босқичма-босқич девальвация қилиш давлатни оғир аҳволга солиб қўяди. Таннарх кўтарилиши бошланса¸ ойлик кўтарилаверади¸ нарх эса¸ ойликдан олдин ошиб кетаверади¸ сўмнинг харид қурби йўқолиб бораверади. Бу занжир реакциясини узиш жуда-жуда қийин бўлади кейин¸ дейди Саодат Нишонова.

XS
SM
MD
LG