Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:58

Кескин девальвация - Марказий банк доллар курсини 8100 сўм қилиб белгилади


Марказий банк 5 сентябрдан бошлаб, ўзбек сўмининг бир АҚШ долларига нисбатини 4210 сўмдан 8100 сўмга туширди.

Бу ҳақдаги қарор банк сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки ўз қарорини президент Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ортидан қабул қилди ва миллий сўм қадрини қарийб икки бараварга девальвация қилди.

"Марказий банкнинг курси, аввалгидек, ҳар душанба куни ўтган ҳафта давомида валюта биржасида ўтказилган савдоларда қайд этилган курсларнинг ўртача қиймати даражасида белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.

Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича банклараро савдо сессиялари Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида ҳар куни ўтказилиб, бунда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифнинг жорий нисбати асосида аниқланади ҳамда валюта биржасининг сайтида эълон қилиб бориладидейилади Марказий банк 4 сентябрь куни эълон қилган расмий баëнотда.

29 август куни 4210 сўм қилиб белгиланган бир АҚШ доллари курси 4 сенябрь кунги қарор билан 8100 сўмга¸ қарийб икки бараварга кўтарилди.

5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон тижорат банклари Марказий банк белгилаган бу нархга ўз хизмат ҳақини қўшган ҳолда¸ АҚШ ва эркин муомаладаги хориж валюталари билан қисман эркин савдо қилишни бошлайди.

Банк мулозимлари таъкидича¸ тижорат банкларининг олди-сотди қиладиган доллар нархи Марказий банк белгилаган курсдан 2 фоиздан ошмайди. Тахминларга кўра¸ 5 сентябрь куни тижорат банкларидаги курс 8260 сўм атрофида бўлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра¸ “бугундан (4 сентябрдан ) бошлаб Марказий банк ва унинг вилоятлардаги бош бошқармалари барча ваколатли банкларнинг филиалларига аҳолидан бир кунда сотиб олиниши мумкин бўлган валютанинг энг кўп миқдоридан келиб чиқиб мадад пуллари етказиб беришни бошлади.

Мадад пуллари асосан 50 минг сўмлик банкноталардан иборат. Вилоятлардаги тижорат банклари филиаллари ўртача 2.5—3 млрд.сўм миқдоридаги мадад пуллари билан таъминланмоқда. Валютасини сотиш истагидаги барчага нақд пул етади”¸ дейилади Telegram хабарларидан бирида.

12 август куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов “тижорат банкларига жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаган эди.

Девальвация нима?

Лотин тилидан бевосита таржимада «аҳамиятини туширмоқ»¸ «қимматини туширмоқ» деган луғавий маъно ташувчи девальвацияни Марказий банклар қачон¸ қайси мақсадларда¸ қандай ишлатишини Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев тушунтиради:

- Девальвация амалиëти ривожланаëтган¸ ўз иқтисодини тузатаëтган давлатларда қўлланилади. Девальвация у ëки бу давлатнинг Марказий банки ўз валютасининг сотиб олиш қобилиятини кескин камайтиради¸ деганидир.

Ривожланаëтган давлатлар¸ биринчидан¸ ўз ички бозорини сақлаб қолиш¸ валютанинг мамлакатдан чиқиб кетиши олдини олиш учун девальвацияга қўл уради. Иккинчидан девальвация¸ бюджет тушумларини кўпайтириш учун¸ учинчидан¸ ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун қилинади¸ деди Марказий банк қарори кутилаëтган августнинг сўнгги кунларида Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон Марказий банки нега девальвацияга қўл урди?

Ўзбекистондаги Иқтисодий ривожланишга кўмак маркази директори¸ мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов Марказий банкни девальвацияга мажбурлаëтган сабабларни тушунтиради:

- Бугун ҳам Ўзбекистонда валюта алмаштириш¸ дейлик доллар алмаштиришнинг учта курси сақланиб турибди. Расмий курс (4200 сўм атрофида)¸ қора бозор (7700-8000 сўм атрофида)¸ ва банклар юдирик шахсларга сотишни бошлаган биржа курси (8500 сўм атрофида). Ана шу учта курсни бирлаштириш¸ унификация қилиш¸ эркин конвертация жорий қилиш керак. Бунинг учун Марказий банк расмий курсни девальвация қилиши керак. Бунинг икки йўли бор – секин-аста¸ ëки биттада. Ўзбекистон Марказий банкидагилар аввалига секин-аста девальвация қилиб кўрдилар. Сўнгги маълумотларга кўра¸ энди бирданига девальвацияга қарор қилишган. Марказий банк бугун 4200 сўм бўлиб турган курсини талаб ва таклифни нисбатан мувозанатда ушлайдиган нуқтада белгилайди. Уларда бу нисбатни ҳисоблаш учун маълумот етарли¸ деб ўйлайман. Бу жараëнда экспериментлар ҳам бўлади¸ албатта. Аввалига бир нархни “пайпаслаб” кўришади¸ кейин бошқа нархга ўтиш мумкин¸ дейди Озодлик билан 30 август кунги суҳбатда Юлий Юсупов.

Кескин девальвациядан кейин нарх-наво ҳам кескин ошиб кетадими?

Юлий Юсупов¸ бир кечалик кескин девальвация оқибатида курслар бирлашса¸ бозордаги нарх-наво ҳам кескин ошиб кетиши ҳақидаги прогнозларга қўшилмаслигини айтади:

- ​Доллар расмий курсига боғланган хизмат ва товарлар нархида¸ ўзгариш бўлади¸ бўлмайди эмас. Масалан¸ мобиль алоқа¸ интернет провайдерлари¸ айрим университетлардаги контракт пуллари расмий курсга боғланган. Агар бир доллар бугунги 4200 сўмдан¸ дейлик¸ 7000 сўмга чиқса¸ буларнинг сўмдаги нархи ҳам қарийб икки бараварга ошади. Лекин конкуренция ривожланса¸ буларнинг ҳаммаси секин-аста ўз нархини пасайтиришга ва умуман ўз тарифларини долларда белгилаш амалиëтидан воз кечишга мажбур бўлади.

Мен девальвациядан кейин асосий истеъмол товарлари нархи кескин ошиб кетади¸ деган ваҳималарга қўшилмайман. Сабаби оддий – уларнинг деярли ҳаммаси долларнинг расмий эмас¸ қора бозор нархига боғланган. Ҳатто айрим импортëрлар сўмни расмий курсда конвертация қилган бўлса-да¸ уни бозор нархида сотиб келган.

Ëнилғи нархларининг ошишини кутиш мумкин. Лекин бунинг бош сабабини девальвациядан кўра¸ монополистлардан қидириш керак бўлади. Улар расмий ва қора бозор курси ўртасидаги фарқни аллақачон нархларга кўчирган бўлса ҳам¸ девлаьвацияни баҳона қилиб¸ нархларни оширишга уринадилар. Буларнинг нарх-навони кескин кўтаришига йўл қўймаслик¸энди ҳукуматнинг иши бўлади. Бевосита девлаьвация оқибатида нархи ошадиган хизмат ва товарлар сони Ўзбекистоннинг бугунги вазиятида жуда чекланган¸ деган эди 31 август кунги Озодлик билан суҳбатда Юсупов.

XS
SM
MD
LG