Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

200 000 000 сўмдан ортиқ давлат пулини ўзлаштиргани учун судланган коллеж директори ўз вазифасида ишламоқда


Жиззах вилоят, Мирзачўл туманидаги Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори Шерзод Маматқулов Ўзбекистон Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар назарда тутилган моддалари билан айбланиб суд қилинган бўлса-да, лавозимидан четлатилмади.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган ўқитувчилар, ўз иддаоларига далил сифатида Молия назорат бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент текширувчилари далолатномалари, суд ҳукми ва бошқа ҳужжатларни Озодликка тақдим этди.

Коллеж директори Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўйди.

Жиззах вилоят Ўрта махсус таълим бошқармаси бошлиғи Бобур Ўсаров, Озодликка шахсини тасдиқлагандан сўнг, саволни эшитиб, ўзини Ўсаров эмаслигини айтиб, алоқани узди.

Ўзбекистон Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг иш телефони блоклангани учун, боғланиш имкони бўлмади.

Мирзачўл туманидаги Агроиқтисодиёт коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаган Ориф Ўроловнинг Озодликка айтишича, коллеж реконструкциясига ажратилган маблағ ва ўқитувчиларга бериладиган ёрдам пуллари директор томонидан ўзлаштирилгани текширувлардан кейин аниқланган ва суд бўлиб ўтган бўлса-да, коллеж раҳбариятига ҳеч қандай жазо кўрилмаган:

155 миллион сўмни моддий ёрдам деб уч кишининг пластик карточкасига ташлаб берилганини аниқлади.


“Биз реконструкцияга ажратилган пуллар талон-торож бўлаётганини ўз кўзимиз билан кўрганимиздан кейин департаментга ариза ёздик. Молия ва департамент текширганидан кейин 53 миллион сўм ноқонуний ишлатилгани аниқланди. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Бундан 6 ой ўтганидан сўнг яна бир ўқитувчимиз ёзди. Кейин Жиззах вилояти департаменти текширди ва 155 миллион сўмни моддий ёрдам деб уч кишининг пластик карточкасига ташлаб берилганини аниқлади. Ўша ерда прокуратура бунинг иши суд жараёнида деди-да, қолган текширишга тўсқинлик қилиб, департамент текширишини тўхтатиб ташлади. Бу ҳақдаги ҳамма ҳужжатлар бизда бор. Лекин директорга ҳеч қандай чора кўрилмади, давлатнинг шунча пулини ўмариб, ҳеч нарса бўлмагандай ишлаб юрибди”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Мирзачўл туман бўлим бошлиғи У.Пардаевнинг текшириш якунига оид маълумотномасида коллеж директори Шерзод Маматқулов ва бош ҳисобчи Худоёр Холбековлар томонидан 2017-2018 йиллар давомида жами 113 миллиондан ортиқ сўм ноқонуний харажатлар ва камомадга йўл қўйилганлиги ёзилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Мирзачўл тумани бўлим бошлиғи У.Пардаевнинг хулосаси
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Мирзачўл тумани бўлим бошлиғи У.Пардаевнинг хулосаси

Департамент ўз хулосасида бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167- моддаси, 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиши лозим деб топган.

Суд ҳукмидан нусха
Суд ҳукмидан нусха

Мирзачўл туман Фуқаролик ишлари бўйича суди 2019 йилнинг 8 апрель куни бу ишни кўриб чиқиб, директор Шерзод Маматқулов ва бош ҳисобчи Худоёр Болбековни Ўзбекистон ЖКнинг уч моддаси бўйича айбдор деб топган:

(167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш; 205-модда. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; 209-модда. Мансаб сохтакорлиги)

Бироқ суд Ўзбекистон ЖКнинг 70-моддаси (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш)ни қўллаб, айбдорларни жазодан озод қилган.

Суд ҳукмида директор Шерзод Маматқулов ва бош ҳисобчи Худоёр Болбеков томонидан зарарни қоплаш учун тўланган 78 миллион 605 минг сўм пул Мирзачўл тумани молия бўлимига қайтариши топширилган.

Молия назорат бошқармаси текшируви далолатномаси
Молия назорат бошқармаси текшируви далолатномаси

Коллежнинг собиқ ўқитувчиси Ориф Ўроловнинг айтишича, директор билан бош ҳисобчи имзони сохталаштириб, унинг номига олинган 1.722.400 сўм рағбатлантиришни ўзлаштириб юборган:

Реконструкция ишларига 53 миллион сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилгани аниқланди.


“Мен имзом сохта эканлиги ҳақида текиширувчиларга айтдим. Экспертиза қилиб кўришиб, сохталигини аниқлашди. Бундан ташқари текширишда ўқитувчи ва ишчи ходимларга директор жамғармаси томонидан 155 миллион сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани, реконструкция ишларига 53 миллион сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилгани аниқланди. Шунча давлат мулкини талон-торож қилган бўлса-да, бу судда тасдиғини топган бўлса-да, директор ҳеч нарса билмагандай жойида ишлаб юрибди. Аксинча мени ва яна бир шикоят ёзган ўқитувчини дарс соатларимизни қисқартириб юбориб, ишдан кетишимизга мажбур қилди”.

Ориф Ўролов имзоси сохталаштирилгани ҳақида эксперт хулосаси
Ориф Ўролов имзоси сохталаштирилгани ҳақида эксперт хулосаси

Коллежнинг яна бир ўқитувчиси Алимбой Жиҳановнинг айтишича, у ўқишга келмаган ўқувчиларга диплом берилганига гувоҳ бўлган:

“Мен ҳам коллеждаги бу адолатсизларга чидай олмай прокуратурага шикоят қилдим. Текширувчилар келди, 155 миллион сўм пул моддий ёрдам, рағбат пули сифатида талон-торож қилинганини аниқлади. Ўқишга келмай диплом олган ўқувчилар ҳам фош бўлди. Лекин, ҳеч қандай натижа бўлмади. Судланган раҳбар ўз ишини давом эттирмоқда”.

Коллеж директорининг рағбатлантириш ҳақидаги буйруғи
Коллеж директорининг рағбатлантириш ҳақидаги буйруғи

Коллеж директори Шерзод Маматқулов Озодликдан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг, алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.

Жиззах вилояти ўрта махсус таълим бошқармаси бошлиғи Бобур Ўсаров Озодликка шахсини тасдиқлагандан сўнг, Мирзачўл туман Агроиқтисодиёт коллежи директори ҳақидаги саволни эшитиб, бирдан Ўсаров эмаслигини айтиб, алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистон Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг иш телефони блоклангани учун, боғланиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG