Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Жаслиқдаги ҳуқуқ фаолига 159-модда қўйилиши мумкин


Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ лагерида 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган 46 ёшли ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқуловга қамоқхонанинг ўзида 159-модда қўйилиши мумкин. Бу ҳақда лагерда ҳуқуқ фаоли билан учрашиб қайтган рафиқаси Дилором Маманова Озодликка хабар қилди.

- Чўян аканинг айтишича, қамоқхона маъмурлари у кишининг қамоқхонада ҳам Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдаришга тарғиб қилаётгани ҳақида бошқа маҳкумлардан тушунтириш хатлари ёздириб олишган. Лагернинг тезкор ходимлари Маматқуловга: “Сен бу ердан чиқмайсан, президентимизни судга бериш нималигини кўрасан”, дейишмоқда экан. Чўян ака фақат халқаро ташкилотларнинг кўмаги ва чақириқларидан умидвор. Жуда тушкунликка тушиб қолган, - дейди Дилором Маманова.

Озодлик шу йил баҳорида Чўян Маматқуловнинг 10 яшар қизи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилиб, отасини озод қилишни сўрагани ҳақида ёзганди. Шунингдек, ҳуқуқ фаолининг ОИТС билан оғриган маҳкум билан бир камерада сақланаётганини унинг рафиқаси Дилором Мамановага иқтибосан маълум қилганди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида бўлган зобитнинг умумий тартибдаги колонияларда бошқа маҳкумлар билан бирга сақланиши қонунга зиддир:

- Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия кодекси талабларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилган шахслар учун алоҳида колония бўлиб, бу зона Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган 64/21-муассасадир. Агар фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ёки Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган бўлса, шубҳасиз, Бекободга юборилиши керак, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўтган йили Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти Чўян Маматқуловнинг жазони ўташ муассасида қийноқларга солинаётганидан хавотир билдириб, баёнот тарқатганди.

“Чўян Маматқуловнинг ишига БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар зудлик билан аралашишлари лозим. Маҳкум Чўян Маматқуловга нисбатан инсонпарварлик муомалани яхшилаш ва қийноқларни тўхтатиш, унга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг иши мустақил ва холис судда қайта кўриб чиқилиши керак”, дейилганди “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти тарқатган баёнотда.

Ўзбекистон Қуролли кучларининг зобити бўлган Чўян Маматқулов 2004 йили ҳарбий ишидан ғайриқонуний бўшатилганидан ва адолатни қарор топтира олмаганидан сўнг Қуролли кучларнинг бош қўмондони, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов устидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судига ариза берган эди.

Суд унинг даъво аризасини қабул қилган, лекин бу ишни кўриб чиқмаган.

Чўян Маматқулов 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими аъзоси сифатида фаолият юритган.

Косон туманида истиқомат қилган Чўян Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида ҳибсга олинган эди. 2013 йилнинг 8 февраль куни Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари суди уни “конституцион тузумга тажовуз”, “одам ўғирлаш”, “товламачилик”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш”, “ёлғон гувоҳлик бериш” каби моддалар билан айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этган.

XS
SM
MD
LG