Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Чехия “Росатом”ни АЭС қурилиши бўйича тендердан четлатади


Чехиядаги Дуковани aтом электростанцияси
Чехиядаги Дуковани aтом электростанцияси

Чехияда жамоатчилик 2014 йилда Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида рўй берган портлашга Россия махсус хизматларининг алоқаси борлиги тўғрисидаги ҳукумат хабарини қизғин муҳокама қилмоқда.

Россияга мойиллиги билан танилган президент Милош Земан ҳукумат қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди, аммо ўзи вазиятга изоҳ бергани йўқ, яна бир ҳафта изоҳ бермаслигини ҳам айтди.

Чехия ҳукумати Россиянинг “Росатом” ширкати “Дуковани” атом электр станциясидаги янги энергия блоки қурилишида пудратчиликка даъво қила олмаслигига шама қилган.

Саноат ва савдо вазири Карел Гавличекка кўра, эндиликда “Росатом”нинг мазкур тендерда иштирок этиши “амалий жиҳатдан мумкин эмас”. Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ян Гамачек ҳам худди шундай баёнот берди.

Катта эҳтимол билан, Чехия “Росатом”ни ҳатто талабгор ширкатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан текшириладиган биринчи саралаш босқичига ҳам қўймайди. Якуний қарорни, албатта, Вазирлар маҳкамаси қабул қилади.

“Дуковани” АЭСнинг янги энергоблокини қуриш ҳуқуқини олиш учун “Росатом”дан ташқари АҚШ, Франция ва Жанубий Корея ширкатлари рақобатлашмоқда.

Чехия, шунингдек, россиялик жосусларнинг қўпорувчилик фаолиятига доир масалани Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари муҳокамасига олиб чиқишини маълум қилди. Чехиянинг НАТО бўйича иттифоқчилари, жумладан, АҚШ Праганинг хатти-ҳаракатини дастакламоқда.

Россия ТИВ эса Чехияга “жавоб чоралари” билан таҳдид қилиб, Праганинг Россия элчихонаси 18 нафар ходимини бадарға қилиш тўғрисидаги яқинда эълон қилинган қарорига нисбатан “қатъий норозилик” билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида юқоридаги қарор “мисли кўрилмаган” воқелик деб аталиб, “қуруқ гап ва тўқима важлар таъсирида қабул қилинган”и иддао қилинади.

Якшанба куни кечқурун Россия ТИВ Москвадаги Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини “исталмаган шахс”лар деб эълон қилди.

Россия ТИВ, шунингдек, чех ҳукумати қарорида “америкаликлар изи”ни кўрганини таъкидлаб, уни “АҚШнинг кўнглини топишга уриниш” сифатида баҳолаган. “Чехия ҳукумати уммон ортидаги хўжайинларидан ҳам ўтиб тушди”, дейилади РФ ТИВ баёнотида.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш ва ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ян Гамачек яқинда Россия мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ — ГРУ) 2014 йилда ўқ-дори омборида юз берган портлашга алоқадорлиги тўғрисида баёнот берганди. Билдирилишича, мамлакатдан ҳайдалаётган дипломатлар аслида махсус хизмат жосусларидир.

Ўша куниёқ Чехия полицияси 2014 йили, портлашдан бир оз олдин Александр Петров ва Руслан Боширов номларига олинган рус паспортлари билан мамлакатга келган икки кишини қидирувга берди. Айтилишича, улар Молдова ҳамда Тожикистон фуқаролари паспортларидан ҳам фойдаланган.

Бу икки россиялик – 2018 йилда Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида ота-бола Сергей ва Юлия Скрипалларни заҳарлаганликда гумон қилинаётганди.

Улар Россия ҳарбий разведкаси ходимлари бўлиб, ҳақиқий исм-фамилиялари Анатолий Чепига ва Александр Мишкин экани айтилади.

“Bellingcat” гуруҳи тадқиқотчиси Христо Грозев ўша пайтларда Чехияда Россия ҳарбий разведкасининг бошқа ходимлари ҳам бўлгани ҳақида ёзди.

“Bellingcat” тез орада шу мавзуда олиб борган тадқиқоти натижаларини эълон қилмоқчи.

XS
SM
MD
LG