Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Манбалар: Отабек Муродов ҳибсга олиниши ортидан Бош прокуратурада янги "тозалаш" бошланди


Ўзбекистоннинг собиқ уч Бош прокурори - Рашитжон Қодиров¸ Ихтиëр Абдуллаев ва Отабек Муродовларнинг учаласи ҳам бугун қамоқда.
Ўзбекистоннинг собиқ уч Бош прокурори - Рашитжон Қодиров¸ Ихтиëр Абдуллаев ва Отабек Муродовларнинг учаласи ҳам бугун қамоқда.

Отабек Муродов 20 июнь куни президент фармони билан Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан олингани ортидан тизимдаги ўнлаб юқори лавозимли мулозим ишдан олинган.

Бу мулозимларнинг кўпчилиги¸ гувоҳ ëки жиноят иши фигуранти сифатида сўроқ қилинмоқда. Ҳибсда қолаëтган Отабек Муродов эса¸ жараëнга яқин расмийнинг айтишича¸ адвокат билан учраштирилмаяпти.

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги бир-биридан мустақил иккита мулозим иддаосига кўра¸ собиқ Бош прокурорга яқин бўлган прокуратура ходимларидан каттагина қисми ишдан олинган. Улардан ўнга яқини жиноят иши фигуранти сифатида терговга тортилган.

Бораëтган тергов¸ шунингдек кадрлар алмашинувига оид матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис¸ бу мулозимлар шахси сир қолишини сўради.

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими расмийсига кўра¸ вилоят прокурорларининг 70 фоизидан ишдан кетиш ҳақида ариза олинган ва бу аризалар қондирилган. Ҳозирча бу маълумот Бош прокуратура томонидан расман тасдиқланмади.

Озодлик гаплашган бу мулозимлар ишдан четлаштирилган прокуратура ходимлари ўз собиқ раҳбари Муродов устидан кўрсатма ëзиб беришганини билдирди. Суҳбатдош иддаосича¸ бу ходимлар ўз кўрсатмасида Бош прокурорга катта суммада пора беришга мажбурланганини ëзиб берган.

Прокуратурадаги кадр ўзгаришлардан хабардор мулозим Озодликка Отабек Муродов қамалиши ортидан лавозимидан ажраган амалдорлар рўйхатини тақдим қилди.

Бу рўйхатда Бош прокуратуранинг Ички ишлар вазирлиги органларидаги қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Баҳром Тоштемиров¸ Қорақалпоғистон прокурори Хидир Каримов¸ Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафоев номлари бор.

Озодликка тақдим этилган маълумотларда шунингдек¸ Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси¸ Суд қарорларини ижро этишда ва қамоққа олинганларни сақлашда қонунларга риоя этилиши устидан назорат бошқармаси¸ Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими¸ Жиноятларни тергов қилиш бўлими раҳбарларининг лавозимидан олингани айтилади

Бош прокуратурада бошланган янги тозалаш тўлқинидан хабардор иккинчи Тошкент мулозими¸ аксарият бошқарма ва бўлим раҳбарлари¸ шунингдек вилоят прокурорларининг ишдан кетишини тасдиқлади.

Озодлик ҳозирча бу маълумотларни расман тасдиқлатишга муваффақ бўла олмади.

Икки собиқ Бош прокурор - Рашитжон Қодиров ва Ихтиëр Абдуллаевлар қамоққа олиниб¸ улар коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айблангани ортидан¸ прокуратура тизимида тозалаш жараëни бошланган эди.

Бош прокуратура жорий йилнинг апрелига қадар¸ “сўнгги бир йил ичида тизимдаги барча раҳбарлик лавозимларининг 66 фоизга янгилангани¸ 2016-2019 йиллар ичида эса раҳбар кадрларни янгилашнинг 97 фоизни ташкил этгани”ни маълум қилган эди.

Кўрсатма берилаëтган Отабек Муродов қаерда?

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимлари ҳибсда сақланаëтган Отабек Муродовнинг айнан қаерда экани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасликларини билдирди.

Мулозимлардан бири¸ Муродовнинг собиқ МХХ биноси ертўласидан махсус қўриқланадиган бошқа объектга кўчирилганини айтди.

"Муродовнинг вазияти Қодировникига ўхшаш. Унинг олдига адвокат киритилмаяпти. Унинг яқинларига ҳам Муродовни қамоққа олиш ҳақидаги қарор тақдим этилмаган"¸ деди жараëнга яқин мулозим.

Отабек Муродовнинг Озодлик гаплашган яқинларига кўра¸ унинг "суд тизимида ишлаган онаси Дилбар опа Шаҳрисабздан Тошкентга келиб адолат талаб қилган".

20 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси биносида прокуратура раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган мажлисда мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов вазифасидан бўшатилган бош прокурор Отабек Муродовни 3- даражали адлия давлат маслаҳатчиси рутбаси ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этган эди.

Прокуратура биносида бўлиб ўтган мажлисда иштирок этган прокуратура ходимларининг Озодликка маълум қилишича , 44 яшар Отабек Муродов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) да айбланмоқда.

21 июнь куни Ўзбекистон Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Бешинчи Бош прокурорнинг қамоқдаги беш куни

2018 йилнинг 31 январида Отабек Муродов Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори этиб тайинланган эди. Муродов мустақил Ўзбекистон тарихидаги бешинчи ва энг ëш Бош прокурор бўлди. Бунгача ушбу лавозимда Бўритош Мустафоев, Усмон Худойқулов, Рашитжон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев фаолият кўрсатган.

Отабек Муродовнинг исми сир қолишни истаган ҳамкасбларидан бири¸ “учинчи ва тўртинчилар бешинчини ҳам қамоққа тортиб кетгани”ни айтади.

- Муродовнинг қамалишини¸ ундан олдин ҳибс қилинган икки собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев жиноят иши билан бир купеда эканини таъкидлаш лозим. Муродов Ихтиëр Абдуллаевнинг яқин ҳамкори сифатида исталмаган шахсга айланди. Айни пайтда Муродовнинг собиқ Бош прокурор Қодировни қамоқдан озод қилиш борасидаги таклифи тепага ëқмади¸ дейди суҳбатдош.

Мулозим иддаосига кўра¸ “Отабек Муродовнинг ўзига қўйилган барча айбларни тан олиши учун Мустақиллик майдонидаги собиқ СНБ ертўласида беш кунлик тергов кифоя қилган”.

Айни пайтда бу иддаонинг расмий тасдиғи Озодликда йўқ.

43 ёшида Республика Бош прокурори бўлган Муродов ким эди?

Отабек Муродовнинг шаҳрисабзлик қариндоши Озодлик билан суҳбатда “у софдил ва ҳалол одам эди¸ шу сифатларини халққа етказинг“¸ дея зорланди.

Уни яқиндан билган мулозимнинг айтишича¸ Муродов ўзбек, рус ва инглиз тилида бирдек сўзлаша олган:

- Муродовда прокурорча дўқ-пўписадан кўра¸ дипломатик маҳорат ва инсоний жозиба устувор эди. Ҳоким оиласида йўқчилик кўрмай ўсган бой йигит. Отаси бир муддат Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб, сўнг Муборак газни қайта ишлаш корхонасида ўринбосар лавозимида ишлаган. Онаси эса 20 йил Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси бўлиб ишлаган.

Муродовни шахсан таниган суҳбатдошга кўра¸ Муродовнинг отаси Бахриддин Муродов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан Қашқадарëда бирга ишлаб¸ яқин бўлиб қолган:

- Марҳум Ислом Абдуғаниевич Отабекка дўстининг ўғли сифатида мехр кўрсатди. 1997 йили Юрфакни битирган ëшгина Отабек Бош прокуратуранинг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси лавозимига тайинланди. Албатта¸ ўз навбатида¸ Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг эътиборини қозонди. Бугун унга ўз собиқ раҳбарлари билан яқинлик ҳам айб сифатида қўйилмоқда.

Биринчи зарба

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ Қашқадарë элитасига мансуб бўлган Муродовлар оиласининг душманлари ҳам кўп бўлган:

- Президентнинг эътиборига тушган оила эди бу. Муродовнинг акаси Улуғбек Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Озод Фармоновнинг куёви эди. Унинг ҳам мансабдан кўтарилиши кутилаëтган эди. Аммо Улуғбек Китоб довонида ўта сирли тарзда юз берган автомобиль ҳалокатига учраб¸ оламдан ўтди. Криминалистикани ўқиган Отабек бунинг суиқасд эканини билди¸ аммо ҳеч нарса қила олмади. Бу Отабек йўлиққан илк зарба эди¸ дея эслайди суҳбатдош.

Бу зарбадан кейин¸ Муродовни билганларга кўра¸ унинг эҳтиëткор бўлиб қолгани кузатилган.

“Муродов Президент девонида етакчи консультант, бош консультант бўлиб ишлаганида Адлия вазири ўринбосари, давлат маслаҳатчиси бўлган даврларида ҳам уни эҳтиëткорлик тарк этмади”¸ дейди суҳбатдош.

Муродов янги президент Шавкат Мирзиёевнинг назарига тушди. 2017 йилнинг 1 мартида президент Муродовнинг ваколатини янада кенгайтириб, сиёсий йўналишларни ҳам қўшиб берди ва президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинлади.

Отабек Муродов мансаб зиналаридан юқорига кўтарилаверди. Бу эса, суҳбатдош назарида¸ хатарли эди:

- Бир эртак борку¸ битта одам қанот ясаб қуëшга яқинлашганда¸ куйиб ўлади. Отабек ҳам президентга яқинлиги боис куйиб кетди¸ дейди суҳбатдош.

Ишдан олинишидан олти ой муқаддам Отабек Муродов президент Шавкат Мирзиёевнинг кескин танқидига учради.

Эй прокурор, эшит¸ агар жиноят камаймаса, Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда."

Бу гапни президент Мирзиёев шу йилнинг 10 январида Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган селектор йиғилишида жиноятлар сони кўпайганидан норози бўлиб айтганди.

Муродовга навбатдаги зарба 26 февраль куни юз берди. Ўғлининг мансаб зиналаридан кўтарилишини таъминлаб келган Баҳриддин Муродов оламдан ўтди.

Озодлик гаплашган мулозимларнинг муштарак фикрига кўра¸ айнан шу жаноза боис Муродовнинг ишдан олиниши кечиккан.

Жорий йил 22 февралида ижтимоий тармоқларга сиздирилган “Қўғирчоқбозлар соясида” деган мақоланинг исмсиз муаллифи “50 минг доллар пора оладиган кашалот Отабек Муродов қамалишига оз қолганини” ëзиб чиқди.

Бу мақолага кўпчилик жиддий қарамади. Аммо орадан 4 ой ўтиб, 21 июнь кунги Сенат йиғилишида нутқ қилган Мирзиëев айни мақолада келтирилганидек - Муродовни 50 минг доллар пора олишда айблади.

Расман 20 июнь куни ишдан олинган Муродов ўрнига Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланди.

Шу тариқа Ўзбекистоннинг бешинчи Бош прокурори Отабек Муродовнинг йўли қайрилди.

Мен унга ишонч билдирган эдим¸ ишончимни оқламади”¸ деди президент.

Озодликнинг ҳуқуқ тизимидаги манбаларнинг айтишича, Бош прокуратурани ислоҳ қилиш¸ Ниғматилла Йўлдошевга ундан бу тизимда қандай ўзгариш қилиш кутилаëтганини обдон тушунтириш вазифаси Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ Транспорт вазири Очилбой Раматовга топширилган.

Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги қонунининг 6-моддасига кўра¸ "Прокуратура фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси назоратида бўлади ва прокуратуранинг қонунлар ижро этилишини назорат қилиш, жиноий ишларни тергов қилиш, шикоятлар, аризалар ва хабарларни текшириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасидаги фаолиятига давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идоралари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг ҳамда улар вакилларининг, шунингдек мансабдор шахсларнинг аралашиши таъқиқланади".

XS
SM
MD
LG