Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:36

БМТ Бош Ассамблеяси Россияни Қримдан чиқиб кетишга чақирди


Украиналик фаолларнинг Харьковдаги Россия бош консуллиги ташқарисидаги намойиши - Харьков, 28 август, 2014
Украиналик фаолларнинг Харьковдаги Россия бош консуллиги ташқарисидаги намойиши - Харьков, 28 август, 2014

БМТ Бош Ассамблеяси Россияни Қримдаги «вақтинча оккупацияси»ни тугатиш ҳамда Украинага қурол юборишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.

Бажариш мажбурий бўлмаган резолюция «Россия Федерациясини ишғол этувчи давлат сифатида зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз ўз ҳарбий кучларини Қримдан олиб чиқиб кетишга ҳамда Украина ҳудудидаги вақтинча оккупациясини кечиктирмасдан тўхтатишга» ундади.

Шунингдек, резолюция Россияни «Украина ҳудудига» ривожланган қурол тизимларини, шу жумладан, ядровий қурол ташишга қодир самолёт ва ракета, қурол, ўқ-дори ва ҳарбий хизматчиларни юборишни тўхтатишга чақирди.

7 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида 63 мамлакат резолюцияни қўллаб-қувватлади. 17 мамлакат қарши овоз берди, 62 мамлакат эса бетараф қолди.

Резолюция 40 мамлакат, жумладан, Британия, Франция, Германия, АҚШ, Австралия, Канада, Туркия ва Болтиқбўйи давлатлари ташаббуси билан ёзилган эди.

Россия, Арманистон, Беларусь, Камбоджа, Хитой, Куба, Шимолий Корея, Эрон, Қирғизистон, Лаос, Мьянма, Никарагуа, Сербия, Судан, Сурия, Венесуэла ва Зимбабве мамлакатлари эса резолюцияга қарши овоз берди.

Бош Ассамблея Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиб олиниши борасида бошқа резолюцияларни ҳам қабул қилган. Ташкилот ўтган йили ярим оролда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилган эди.

Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жеппар ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясининг Қрим ҳарбийлаштирилишга бағишланган виртуал тадбирида қатнашиб, «Қрим ярим оролида Россия босқинчи давлат сифатида олиб бораётган ҳарбий фаолияти туфайли юзага келган катта таҳдидлар» ҳақида гапирди.

Москва 2014 йилнинг март ойида Қрим ярим оролини босиб олди. Натижада Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа мамлакатлар Россияга қарши санкция жорий қилди. Шунингдек, Россия Шарқий Украинадаги россияпараст бўлгинчиларни дастаклаб келади. 2014 йилнинг апрелидан бери Украина шарқидаги тўқнашувларда 13200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида юзага келган зиддият сақланиб қолмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат Котибининг ўринбосари Стивен Биган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) йиғилишида Россияни аъзо давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишда айблади.

XS
SM
MD
LG