Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:35

Яқин келажакда Ўзбекистонда "Лукойл" заправкалар тармоғи пайдо бўлиши мумкин


"Лукойл"нинг 22 давлат ҳудудида 5500 га яқин АЁҚШ борлиги айтилади.
"Лукойл"нинг 22 давлат ҳудудида 5500 га яқин АЁҚШ борлиги айтилади.

Россиянинг “Лукойл” ширкати Тошкентда ўзининг биринчи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини қуришга киришди. Озодлик манбаларига кўра, яқин келажакда Ўзбекистонда “Лукойл” бренди остидаги автозаправкалар тармоғи вужудга келиши мумкин.

“Лукойл”нинг биринчи автозаправкаси Тошкентда қурилмоқда

Ўзбекистон маҳаллий матбуотида Тошкентда "Лукойл" шохобчасини қуриш бошланганига оид хабарни “Лукойл”нинг Москвадаги бош идораси ва Тошкентдаги шўъбаси матбуот хизмати на тасдиқлади ва на инкор қилди:

- Биз ҳозирда бу масалани расман изоҳламаяпмиз, дея гапни қисқа қилди “Лукойл Узбекистан” ширкати матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда¸ "Лукойл"даги Озодлик манбаси¸ шахси сир тутулиши шарти билан¸ Тошкент шаҳрининг Қорасув массивида жойлашган собиқ авиация заводи яқинида Россиянинг “Лукойл” нефть компаниясининг автомобилларга ëнилғи қуриш шохобчаси (АЁҚШ) қурилиши бошланганини тасдиқлади.

Бу манбага кўра¸ қурилиш икки ой ичида битирилади ва январь ойи охирларидан шохобчада Россиядан келтириладиган бензин сотила бошланади:

- Ҳақиқатан, Тошкентда “Лукойл” нефт компаниясининг биринчи автозаправкаси қурилмоқда. Қурилиш ташкилотнинг мустақил бизнес ширкатларидан бирига топширилган. Кейинги йилнинг январь ойида ҳозирча битта шохобча ишга туширилади. Билишимча, қанчалик муваффақиятли ишлашига қараб¸ у тармоққа айлантирилиши мумкин. Қолгани бизнес сири ва биз уни ошкор қилмаймиз, деди суҳбатдош.

Озодликнинг бу манбаси “Лукойл” автозаправкаларининг пайдо бўлиши Ўзбекистон, хусусан¸ пойтахт Тошкент ëнилғи бозорида рақобатни вужудга келтириши ва бензин тақчиллиги вазиятини яхши томонга ўзгартириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда "Лукойл" брендининг пайдо бўлиши ширкат Литва, Латвия, Эстония, Польша, Чехиядаги шохобчаларини сотиб¸ бу мамлакатлардан чиқиб кетиши ортидан юз бермоқда. Шарқий Европа мамлакатларидаги ўз фаолияти қисқартирилишини компания раҳбари Вагит Алекперов бу мамлакатларда 2014 йилдан кейин Россияга қарши кайфиятларнинг кучайиши билан изоҳлаган эди.

2012 йилда “Лукойл” дунё бўйлаб 6,5 минг АËҚШга эга бўлган. Ҳозирда Европа, АҚШ ва постсовет ҳудудида ширкатнинг 5,5 мингга яқин АËҚШ ишламоқда. Улардан 2000 дан кўпроғи Россиянинг ўз ҳудудида жойлашган.

Вагит Алекперов 1993 йилдан буён "Лукойл"ни бошқариб келади
Вагит Алекперов 1993 йилдан буён "Лукойл"ни бошқариб келади

“Лукойл” бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқда

Жорий йил сентябрида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Бухорода “Лукойл” президенти Вагит Алекперов билан учрашиб¸ нефть ва газ соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.

15 ноябрь куни ширкатнинг Ўзбекистонда янги газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларига 500 миллион доллар сармоя ётқизиши хабар қилинди.

Айтилишича, "Лукойл" Люксембург, Франция, Япония, Италия, Германия, Ҳолландия, Россия ва Австриядаги бир қатор банклардан қарз олиб ëтқизиладиган бу сармоя Ҳисор комплексини ўзлаштириш учун сарфланади.

“Лукойл” Ўзбекистоннинг Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот участкалари ҳамда Қандим конлар гуруҳида геология-қидирув ишлари ўтказиб келмоқда. Ҳисор ҳудуди конларида олиб борилган ишлар натижасида шу пайтгача "Лукойл" 368,5 минг тонна нефть ва 2 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.

2016 йил бошларида“Лукойл” ширкатининг Қандим конидаги лойиҳаси доирасида ERIELL компанияси билан ҳамкорликда Бухорода МДҲдаги энг улкан қуёш электр станцияси ишга туширилган эди. Қурилган станция кундузи 5000 кВтгача, тунги пайтда 1000 кВт энергия ишлаб чиқариш имконига эга. Бу қувватдаги энергия билан 1,5 минг аҳолиси бўлган кичик шаҳарчани доимий таъминлаш мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 2007 да Ўзбекистонда фаолият бошлаган “Лукойл” мамлакат иқтисодиётига 3,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизган.

XS
SM
MD
LG