Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:58

Байден ва Путиннинг баёнотлари Украина масаласи янада чуқурлашишига ишора қилмоқда


Сешанба куни Украина бўйича Шарқ ва Ғарб қарама-қаршилиги кескин авж олди. Россиялик қонунчилар Владимир Путинга ўз мамлакатидан ташқарида ҳарбий куч ишлатишга рухсат берди. Жо Байден ва Европа етакчилари бунга жавобан Россия олигархлари ва банкларига қарши қатор санкциялар киритди.

“Associated Press” мақоласида келтирилишича, иккала етакчининг ҳам сўзлари олдинда бундан ҳам катта қарама-қаршилик бўлиши мумкинлигига ишора қилади. Путин ҳали Украинанинг уч томонида тўпланган 150 000 ҳарбийни ортга силжитгани йўқ, Байден эса Россия учун иқтисодий нотинчликлар олиб келиши мумкин бўлган янада қаттиқроқ санкциялардан ўзини тийиб турибди. Аммо босқин бўлса, кучайтирилган иқтисодий зарбалар ҳам давом этишини истисно қилмаяпти.

Бу жавоб чоралари НАТОнинг Россия билан чегарадош шарқий қанотидаги Болтиқбўйи давлатларига қўшимча АҚШ қўшинларини жойлаштириш билан бирга амалга оширилмоқда.

Байден Кремль халқаро қонунларни қўпол равишда бузганини айтиб, буни “Россиянинг Украинага босқинининг бошланиши” деб атади. У Путин агрессияда давом этса, яна санкциялар бўлишидан огоҳлантирди.

"Биз Украинани қўллаб-қувватлаш учун бирлашамиз. Россия агрессиясига қаршимиз” дея ундан иқтибос келтиради “Associated Press”.

Россиянинг босқинчилик учун баҳоналарига тўхталар экан, Байден шундай деди: "Ҳеч биримиз алданмаслигимиз керак. Ҳеч биримиз алданиб қолмаймиз. Ҳеч қандай сабаб йўқ”.

АҚШнинг масалага дипломатик ечим топишга умидлари барбод бўлди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен россиялик ҳамкасби билан пайшанба куни Женевада бўлиб ўтадиган учрашувни бекор қилди. У Россиянинг ҳаракатлари инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш борасида жиддий эмаслигини кўрсатаётганини айтди.

Ғарб давлатлари ва Европа Иттифоқининг йигирмадан ортиқ аъзолари бир овоздан Россия расмийларига қарши дастлабки санкцияларни маъқуллади. Германия “Шимолий оқим 2” газ қувурини сертификатлаш жараёнини тўхтатишини маълум қилди. Бу Москва узоқ вақтдан бери ҳаракат қилиб келаётган Кремль учун манфаатли лойиҳа эди.

Қўшма Штатлар Россияни Ғарб молиясидан узиб қўйди. Россиянинг иккита банки ва қатор шахсларга санкция киритди. Юқоридаги банкларнинг Америка ва Европа бозорларидаги фаолияти чекланиб, АҚШдаги активлари музлатилган.

Бироқ Байден ҳозирча Россияга саноат ва ҳарбий соҳалар учун юқори технологиялар экспортини тақиқлаш ва Россиянинг бутун дунё билан савдосига путур етказадиган кенг қамровли тақиқлар қўйишдан ўзини тийиб турибди.

АҚШ Болтиқбўйидаги қўшинларини у фақат “мудофаа” мақсадида деб атади ва Россияга қарши жанг қилиш ниятида эмаслигини билдирди. НАТОнинг шарқий қанотига АҚШдан 800 га яқин пиёда аскарлар ва 40 та ҳужумкор самолётлар юборилмоқда. Шунингдек, F-35 қирувчи самолётлари ва AH-64 Apache ҳужум вертолётлари ҳам жойлаштирилади.

Сешанба куни Россия юқори палатаси аъзолари бир овоздан Путинга мамлакат ташқарисида ҳарбий куч ишлатишга рухсат берганидан сўнг, Путин бутун қитъада энергия танқислиги ва глобал иқтисодий бетартибликни келтириб чиқарадиган инқирозни тугатиш учун учта шарт қўйди.

Путинга кўра, инқироз ҳал бўлиши учун Киев Россиянинг Қрим устидан суверенитетини тан олиши; НАТОга қўшилиш ташаббусидан воз кечиши ва қисман демилитаризация қилиши керак.

Украинага рус ҳарбийлари юборгани ёки йўқлиги ҳақидаги саволга Путин шундай жавоб берди: “Мен қўшинлар ҳозир у ерга юборилади демадим”. Унинг қўшимча қилишича, "воқеалар ривожини олдиндан башорат қилишнинг иложи йўқ. Бу минтақада шаклланаётган вазиятга боғлиқ бўлади".

Европа Иттифоқи Украинадаги икки бўлгинчи минтақани тан олиш учун овоз берган 351 нафар россиялик депутатга, мудофаа ва банк секторидаги 27 нафар Россия расмийларига қарши дастлабки санкцияларни эълон қилди. Шунингдек, Москванинг Европа Иттифоқи капитали ва молиявий бозорларига киришини чеклаш мақсад қилинган.

АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Жон Финер "Бизнинг фикримизча, бу Россиянинг Украинага босқинининг бошланиши", деди.

Россиянинг ҳаракатлари бутун дунё бўйлаб қораланди. Вашингтонда Конгресс АҚШни Украинани қўллашни давом эттиришга чақирган. Сенаторлар санкциялар пакетини кўриб чиқди, бироқ Оқ уй шошмаяпти.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан дипломатик алоқаларни узиши мумкинлиги ҳақида гапирди ва Киев Москвадаги элчисини чақиртириб олди.

НАТО раҳбари Йенс Столтенбергнинг таъкидлашича, агар Путин Украинага бостириб кирса, Ғарб ҳам бунга ҳамоҳанг тарзда ҳаракат қилади. У "Агар Россия яна Украинага қарши куч ишлатишга қарор қилса, санкциялар янада оғирроқ бўлади ва анчагина қимматга тушади", дея огоҳлантирди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россиянинг бешта банки ва учта бадавлат шахсига нисбатан санкциялар киритишини айтди. У ҳам "янада қаттиқроқ санкциялар" ҳақида огоҳлантирди.

Зеленский халққа қилган мурожаатида заҳирадаги ҳарбий хизматчилар чақирилаётганига тўхталди ва буни ҳарбий ҳаракатлар пайтида маълум вақтга тузиладиган тезкор резерв эканлигини айтди.

“Ҳозир тўлиқ сафарбарликка эҳтиёж йўқ. Биз Украина армияси ва ҳарбий тузилмаларни тезда қўшимча тўлдиришимиз керак”, деди у.

XS
SM
MD
LG