Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Андижонда ўғирланган паспортларни қидиришга ҳарбийлар ҳам жалб этилди


Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ички ишлар автомобилидан ўғирлаб кетилган паспорт ва махфий ҳужжатларни қидириш учун юзлаб ҳарбийлар жалб қилинди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, паспортларнинг бир қисми топилган Андижон каналининг суви тўсиб қўйилган ва аскарлар канал тубини текшириб чиқмоқда.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги Олимбек қишлоғида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири 12 ноябрь куни эрталабдан юзлаб ҳарбийлар ўтган шанба куни ўғирланган паспортларни қидиришга сафарбар этилганига гувоҳ бўлганини айтади:

“Ўғирланган паспортларнинг бир қисми Андижон каналининг қирғоғидан топилган эди. 12 ноябрь куни каналнинг суви унинг боши, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидан тўсилди. Каналда сув қуриганидан сўнг юзлаб аскарлар каналнинг тубини қидиришга тушдилар. Улар ҳар километрга бир гуруҳдан бўлиниб, каналнинг ичини текширмоқдалар”, деди маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, кеча 11 ноябрь куни каналнинг Ғайрат маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмидан беш-олтита паспорт топилган:

“Қидирув жуда кучайди. Дамаслар юрмаяпти. ГАИ ходимлари ҳар бир мошинани тўхтатиб текширмоқда. Бир қараганда худда фавқулодда ҳолат юз бергандек”, деди маҳалла фаоли.

Балиқчи тумани ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси фақат паспортлар эмас, балки бошқа бир қимматбаҳо техник жиҳоз ҳам ўғирланганини ва шунинг учун ҳам ҳарбийлар оёққа турганини тахмин қилади:

“Менинг эшитишимча фақат паспорт ва ҳужжатлар эмас, балки паспорт ясаш билан боғлиқ қанақадир жиҳоз ҳам ўғирланган. Бу гапни милицияда ишлайдиган танишларимдан бири айтди. Лекин унинг нима эканлигини ҳеч ким билмайди, қаттиқ сир тутишяпти”, деди манба.

Балиқчи тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда ҳеч қандай ўғирлик содир этилмаганини, қидирувга ҳарбийлар ҳам чақирилмаганини айтди.

Кеча хабар берганимиздек, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ички ишлар бошқармасига қарашли автомобилдан биометрик паспортлар ва бир қанча махфий ҳужжатлар ўғирлангани ҳақида Озодликнинг бир биридан мустақил икки манбаси хабар берган эди.

Балиқчи тумани ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбасининг милиционер танишининг гапига таяниб айтишича, 5-ноябрь куни тушдан кейин туман ички ишлар бўлими олдида турган Дамас автомобилидан жуда кўп биометрик паспорт ва махфий ҳужжатлар ўғирланган эди:

“Милиция ходимининг айтишича, воқеа шанба куни соат тўртларда содир бўлган. Номаълум шахс Балиқчи тумани ички ишлар биноси рўпарасида турган Дамас автомобилининг орқа эшик ва ойналарини очиб, бир қанча паспорт ва ИИБга тегишли махфий ҳужжатларни ўғирлаб кетган. Дамас машинасининг эгаси вилоят туманларига доимий ҳужжатларни тарқатувчи курьер вазифасини бажарувчи милиция ходими бўлган. У ички ишлар бўлимига кирган пайтда шу воқеа содир бўлган”, деди манба.

Айни пайтда балиқчи туманида ИИБга тегишли автомобилдан ўғирланган паспортлар ва ҳужжатларни қидириш ишлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG