Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:43

BahsOnline: Ўзбекистонда порахўрга олий жазо бериш керакми?


Хитой Олий суди катта миқдорда пора олган амалдорга олий жазо бериш мумкин, деган қарорни чиқарди. Хўш, энг коррупциялашган Ўзбекистонда порахўрликни ўлим жазоси билан енгиш мумкинми? Бу савол 21 апрель куни Тошкент вақти билан соат 19.05да бошланадиган BahsOnline эшиттиришининг навбатдаги сони мавзуси бўлади.

Шу ҳафта бошида Хитой коррупцияда айбланган амалдорларни ўлим билан жазолашга доир қонунга ўзгартиш киритди. Хитой Халқ Республикаси Олий Суди душанба куни қабул қилган қарор коррупционер амалдор қай ҳолатда ўлимга маҳкум этилишини аниқ белгилаб берди.

Янги қонунга кўра, бундан кейин амалдор содир этган порахўрлик, давлат маблағларини талон-торолж қилиш, ваколатини суиистеъмол қилиш натижасида келтирилган зарар жами 3 миллион юань, ёки тахминан 460 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган бўлса, олий жазога ҳукм этилиши мумкин бўлади.

Шу пайтгача Хитойда коррупционер амалдор олган пораси жами 15 минг доллар бўлган тақдирда ўлимга ҳукм этилиши мумкин эди. Лекин бунда гап фақат пора олиш ҳақида борар эди.

Янги қонун эса амалдорнинг кенг маънодаги коррупцион ҳаракатларига тааллуқли бўлади. Бунда Хитой Олий суди қонунбузарни албатта ўлимга ҳукм этиш мажбурий эмаслиги, унинг айбини юмшатиши мумкин бўлган муайан вазиятда жазо юмшатилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Лекин ўзгартиш шундоқ ҳам ўлим жазосини энг кўп қўлловчи Хитойда олий жазога ҳукм этиш ҳолатлари кўпайишига олиб келиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда ҳуқуқ ҳимоячилари. Amnesty International ташкилоти Хитойда ҳар йили қатл этиладиган одамлар сони аниқ бўлмаса-да, бу мамлакатда дунёнинг қолган давлатларида ижро қилинадиган жами ўлим ҳукмларидан кўпроқ одам ўлимга ҳукм этилишини тахмин қилади.

Бошқа томондан Хитой қарорини қўллаб-қувватловчилар ҳам бор. Бундайларнинг фикрича коррупция авж олган жамиятларда унга қарши курашнинг ягона самарали йўли ўлим ҳукмини жорий этишди.

Ўзбекистон энг коррупциялашган давлатлардан бири сифатида эътироф этилади. Transparency International каби халқаро ташкилотлар йиллардан бери Ўзбекистон коррупция рейтингида “ёмонларнинг ёмони” қаторига қўйиб келади. Бунда вазият йилдан йилга ёмонлашаётгани айтилади.

Ўзбекистонда 2008 йилда олий жазо бекор қилинган.

Хўш, Ўзбекистондаги каби кўламдаги коррупцияни енгиш учун олий жазони қайтариб, порахўрларни ўлимга ҳукм этиш билан курашиш самара бериши мумкинми?

Ё порахўрлик учун қатл этиш ҳаддан ортиқ жазоми?

Сиз нима деб ўйлайсиз? BahsOnline дастурининг навбатдаги сонида ана шу ҳақда баҳс қиламиз.

BahsOnline жонли мулоқотининг навбатдаги сони 21 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 19:05 да бошланади!

Марҳамат, сиз ҳам боғланинг:

IMO: +420 724 971 539

WhatsApp: + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER: + 420 602 612 713

SKYPE: Ozodskype, Ozodlikonline, Ozodovoz

XS
SM
MD
LG