Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Тошкентлик ëлғиз она “самосуд” қурбони бўлганини иддао қилди


“Самосуд” қурбони бўлганини иддао қилган Шаҳзода Ҳусанованинг сочи олингунга қадар ва олинганидан кейинги сурати.(Суратларни Ҳусанованинг ўзи тақдим қилган ва ўзининг розилиги билан чоп қилинди)
“Самосуд” қурбони бўлганини иддао қилган Шаҳзода Ҳусанованинг сочи олингунга қадар ва олинганидан кейинги сурати.(Суратларни Ҳусанованинг ўзи тақдим қилган ва ўзининг розилиги билан чоп қилинди)

Икки фарзанд онаси, тошкентлик 28 яшар Шаҳзода Ҳусанова “самосуд” қурбони бўлгани, уни таҳқирлаган аëллар жазосиз қолаётгани ва улар ҳануз таҳдид қилаëтганидан шикоят қилди. Ҳусанованинг 19 декабрь куни Озодликка айтишича¸ 4 октябрь куни унинг уйига уч аëл бостириб кириб, калтаклаб, сочини кал қилиб олишган.

Республика Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, "Мазкур иш жорий йил 4 декабрида назорат тартибида ўрганилиб, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган".

Ҳусанованинг иддаосига кўра¸ таҳқирлаш икки фарзанди кўз ўнгида бўлган ва бу манзара болалар руҳиятига салбий таъсир қилган.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган Суд-тиббий экспертиза Бош бюросининг Бахтиëр Абдахатов имзолаган 5457 рақамли хулосасида Ҳусановага “енгил жароҳат етказилгани” қайд қилинган.

Ҳусанованинг калтакланганига оид ИИБ иш жилдидаги ҳужжат
Ҳусанованинг калтакланганига оид ИИБ иш жилдидаги ҳужжат

Ҳужжатда ëзилишича¸ Ҳусанованинг сочи машинкада олинган ва тирсак¸ елка, билак ҳамда иккала сонида қонталаш¸ шилинма ва тиш излари бор.

Шаҳзода Ҳусанова воқеа юзасидан Юнусобод туман ИИБга ариза билан мурожаат қилгани аммо "иш атайлаб пайсалга солиб чора кўрилмаëтганини" иддао қилиб, Озодликка бундай деди:

- Шунча кундан бери бу иш эътиборсиз ëтибди. Мени калтаклаган аëллар эса телефон қилиб яна таҳдид қилишмоқда.

ИИБ иш жилдидаги ҳужжатлардан бири
ИИБ иш жилдидаги ҳужжатлардан бири

Юнусобод туман ИИБ вакили Озодлик билан суҳбатда Ҳусанованинг уйига уч аëл кириб калтаклагани бўйича ариза рўйхатга олинганлигини айтиш билан кифояланди.

- Иш профилактика инспектори Достон Мажидов иш юритувида. Аммо бу юзадан жиноят иши очилмади.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Умид Давлетов, Ҳусанованинг иши тафсилотларини эшитгач, Озодликка айтишича, бу ҳолатда ИИБ вакилининг ишни пайсалга солиши ëки жиноят ишини қўзғатишни рад қилишга асоси йўқ:

- Агар бировнинг уйига бостириб кириб, унга тан жароҳат етказиб, мол-мулки талон-тарож қилинган бўлса¸ бундай ҳолатда жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинади. Яъни босқинчилик жинояти. Бу ҳолатда босқинчилик қилганлар учун эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланилиши лозим.

Республика Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича "Мазкур иш жорий йил 4 декабрида назорат тартибида ўрганилиб, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган".

Нега тошкентлик аëлнинг сочини олишди?

Озодликда Шаҳзода Ҳусанованинг уйига бостириб кирган уч нафар аëл ҳақида батафсил маълумотлар бор. Айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб уларнинг исми ошкор қилинмайди.

Ëлғиз она мақомида яшаëтган Шаҳзода Ҳусанованинг айтишича¸ у Telegram каналида Т. Ш. исмли йигит билан ëзишган.

Бу ëзишмалардан хабар топган Т.Ш. нинг хотини М.Н. ва яна икки аëл Ҳусанованинг уйига бостириб кирган.

Озодликда нусхаси бўлган Юнусобод ИИБ Ф-2 иш жилдига тикилган баëнномага кўра¸ бостириб кирган уч аëл Ҳусановани уриб, ерга ëтқизган. Ўзлари билан олиб келган механик соч олиш машинкасида Ҳусанованинг сочини олишган. Ҳусанова калтак зарбидан хушсиз бўлиб қолганидан кейин олтин тақинчоқларни олиб, уйдан чиқиб кетишган.

Ҳусанованинг Озодликка айтишича¸ у калтак асносида хушидан кетиб йиқилган:

- Хушимга келгач 02 га телефон қилдим. Саидазим деган инспектор келиб аризамни расмийлаштирди¸ дейди ўзини “самосуд” қурбони бўлганини иддао қилган Хусанова.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Умид Давлетовга кўра¸ Ўзбекистон қонунчилигида “самосуд” жинояти назарда тутилмаган:

- Қонунчиликда “самосуд” жинояти айнан малакаланмаган. Агар бирор киши бошқа кишига жазо қўлласа бу босқичма- босқич малакаланади. Тан жароҳати етказиш¸ босқинчилик ва ҳоказо.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник А. Алламурадов жорий йилнинг ноябрида маҳаллий матбуотга берган суҳбатида мамлакатда “самосуд” – ватандошларнинг ўзбошимчалик билан жазога тортилиши ҳолати кўпайиб бораётганини салбий баҳолаган эди.

ИИВ вакилига кўра, айби бор ёки йўқлигини билмасдан, ўзбошимчалик билан шахсларни жазолаш ҳаракатлари Жиноят кодексининг 229-моддасига (Ўзбошимчалик) кўра таъқиб этилади.

ИИВ вакили “самосуд” қилаётганлар жазосиз қолмаслигига мисол сифатида бир неча ой аввал Фарғона шаҳрида юз берган воқеани келтирган. Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда тўрт-беш нафар йигит бошқа бир йигитни гейликда айблаб жазолаётгани акс этган видео тарқалган эди.

Подполковник А. Алламуродовга кўра, ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга очилган тергов яқинда якунланган ва жиноий иш судга топширилган.

XS
SM
MD
LG