Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:03

Ўзбек–қирғиз чегарасидаги автоҳалокатда бир ўзбекистонлик дохил 8 киши қурбон бўлди


Воқеа жойига ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам етиб келган.
Воқеа жойига ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам етиб келган.

Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Ҳайдаркон шаҳарчаси яқинидаги Чечме қишлоқлари туташадиган чегара ҳудудида 21 май куни содир бўлган автоҳалокатда 8 одам вафот этди, 9 одам тан жароҳати олди.

Ҳалок бўлганлардан бир нафари ва жабрланганлардан бири Ўзбекистон фуқароси.

Ўзбекистон билан чегарадаги “Чечма” назорат-ўтказиш пунктидаги бино ва тўхтаб турган бир нечта автомобилни Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли бўлган оғир юк ташувчи автомашина уриб ўтган.

21 май соат 16.00 атрофида Қирғизистоннинг Қадамжой тумани таркибидаги Ҳайдаркон шаҳарчаси яқинидаги Чечме қишлоғида катта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Расман билдирилишича, устига оғир ер сурувчи трактор юклаб кетаётган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли “HOWO” русумидаги машина назорат-ўтказиш пункти тўсмаларини бузиб, назорат постида навбат кутиб турган одамлар ва бир нечта автомашинани уриб кетган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юк машинаси Боткен вилоятининг Бўжўй қишлоғига сел оқибатларини олдини олиш мақсадида кетаётганлигини маълум қилди. Авария натижасида 8 киши ҳалок бўлган. Улардан икки нафари автомашинада кетаётган вазирлик ходими, бири Ўзбекистон фуқароси, қолган беш киши Қадамжой тумани яшовчилари бўлган.

Воқеа жойига борган Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Бўўбек Ажикеев маҳаллий нашрларга берган суҳбатида, бу ерга Ўзбекистон қутқарувчилари ҳам келганини айтди:

“Ўзбекистон қутқарувчилари билан бизнинг қутқарувчилар биргалашиб барча керакли ишларни қилишяпти. Ўзбекистондан бир трал, биздан бир манипулятор келди. Воқеани кўрган гувоҳ ва чегарачиларнинг айтишларича, юк машинаси ҳайдовчиси қўллари билан ишора қилиб, “қочинглар-қочинглар”, деб бақириб келибди. Тормозни босиб, рулни у ёқ - бу ёққа бурса ҳам машина устидаги юки билан бу ерга келиб, 16 машинани уриб кетган. Натижада 8 одам вафот этган, 9 одам яраланган”.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси раҳбари Илҳомжон Қўчқоровнинг айтишича, ёрдам бериш учун воқеа жойига Ўзбекистондан икки махсус техника ва махсус экипаж жалб этилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати матбуот хизматининг маълум қилишича, фожиадан ўтказиш пункти биноси зарарланган, бироқ чегарачиларга жароҳат етмаган.

Боткен вилоят милицияси тергов хизмати раҳбари Нурғази Эргебаев дастлабки тергов натижаси тўғрисидаги қуйидагиларни айтди:

“Вафот этганлардан бир нафари Ўзбекистон фуқароси қолган 7 киши Қирғизистон фуқароси. Жароҳат олганлардан бири ҳам Ўзбекистон фуқароси. Ҳозирда йўл ҳалокати сабабларини аниқлаш бўйича текширув ишлари кетяпти”.

Бундан ташқари, зарар етказилган автомашиналардан 2 таси Ўзбекистон фуқароларига тегишли экани аниқланган.

Расмийнинг айтишича, мазкур ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 312-моддаси 3-қисми (Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда эксплуатация хавфсизлиги қоидаларини бузиш ва бунинг оқибатида эҳтиётсизлик сабабли ўта катта зарар келтириш) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари жароҳат олганлар суд-тиббиёт экспертизасидан ва зарар етган автомобиллар суд-автотехник экспертизадан ўтказилиб, уларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Боткен вилояти бўйича мувофиқлаштирувчиси Арзибек Бўрубеков жароҳат олган 8 одам шифокорларга мурожат қилгани, улардан 3 нафари амбулатор ёрдамдан кейин уйига кетгани, яна 5 одам ҳозир Ҳайдаркон касалхонасига ётқизилганини билдирди.

Ҳалок бўлган 8 фуқаро 22 май куни тегишли экспертизалардан кейин яқинларига топширилди ва дафн этилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2022 йилнинг уч ойида мамлакатда 1366 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бу ҳодисаларда 110 киши ҳалок бўлган ва 2079 киши жароҳатланган.

Ички ишлар вазирлигининг расман қайд этишича, автоаварияларнинг 95 фоизи ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмагани ортидан содир бўлмоқда.

Қирғизистонда кунига камида уч киши йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлаётгани айтилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, бир йилда дунёда камида 1 миллион 350 минг киши йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлади.

XS
SM
MD
LG