Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Косонда кам таъминланган оилаларга атаб қурилган уй ҳокимлик мулозимларига тегди


Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 3 ойда қуриб битказилган намунали арзон уйлар моғорлаб кетмоқда
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 3 ойда қуриб битказилган намунали арзон уйлар моғорлаб кетмоқда

Давлат дастури асосида Қашқадарё вилояти Косон туманининг қишлоқ жойларида қурилган 38та арзон уйнинг бештаси ҳокимлик мулозимларига тегди.

Бу ҳақда Озодликка арзон уй рўйхатига киритилмаган косонликлардан бири маълум қилди.

Косон тумани ҳокими Озодликка ҳокимлик мулозимларига арзон уй берилгани ҳақидаги бу иддаони инкор этди.

Аммо, косонлик депутат ҳокимлик мулозимлари рўйхатда борлигини шахсан кўрганини билдирди.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Қорабайир МФЙнинг Насаф массивида, Бойғунди МФЙнинг Бойғунди-2 массивида 38та арзон нархдаги уй-жой 2017 йилдан буён қурилмоқда ва уларнинг бир қисми фойдаланишга топширилди.

Арзон уй олиш рўйхатига киритилмаган, исми сир қолишини сўраган косонлик ногиронлардан бирининг иддао қилишича, уйга "ҳақиқий муҳтож қанчадан-қанча оилалар қолиб", бу уйларнинг бештасини ҳокимлик мулозимлари ва уларнинг яқин қариндошлари олган:

Мана, мен сизга бир рўйхат жўнатяпман. Бу рўйхатдаги бир аёл туман ҳокимлиги бош ҳисобчисининг синглиси. Унинг оиласи кам таъминланганлардан эмас, ўзига тўқ оила. Бундан ташқари яна тўртта уйни ҳокимлик мулозимлари ўзларига олишган. Лекин уларнинг ким эканлигини билмайман”, деди косонлик ногирон.

У ўз сўзлари исботи сифатида Озодликка рўйхатни йўллади.

Арзон уй-жой рўйхати
Арзон уй-жой рўйхати

Озодлик суриштируви жараёнида уйларнинг кимларга текканини мониторинг қилган Халқ депутатлари Косон туман кенгашининг депутатларидан бири билан боғланди.

Ҳозирча исми сир қолишини сўраган депутат, арзон уй-жойларнинг тўрттасини ҳокимлик мулозимлари ўзларига олганлигини тасдиқлади:

“Мана биринчиси, туман ҳокимининг ёрдамчиси Шерали Жўраев. Бу йигит нимага муҳтож, ана сизга савол? Агар ҳоким ёрдамчиси муҳтож оила десак, кулгули бўлади. Қолаверса, бу йигит косонлик эмас, Касби туманидан. Ёки иккинчиси, туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи. У нимага муҳтож, бир эмас, иккита ўғлига уй олиб беряпти. Ёки ободонлаштириш бошқармасининг бош муҳандиси, нимага муҳтож? У ҳам уй олганлар рўйхатида турибди. Хуллас, 38 та уйнинг 5 тасини ҳокимлик мулозимлари ўзларига ёки яқин қариндошлари номига олган. Наҳотки, 265 минг аҳоли яшайдиган туманда 38та кам таъминланган оила чиқмаса?” деди депутат.

Косон тумани ҳокимининг ёрдамчиси Шерали Жўраев Озодлик билан суҳбатда кам таъминланган оилаларга атаб қурилган уйни олганини инкор қилмади, лекин бу ишлардан бехабарлигини айтди:

“Менинг бу гаплардан хабарим йўқ”, деган Шерали Жўраев алоқани узиб қўйди.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов арзон уй-жойлар ҳокимлик мулозимларига берилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди:

- Ким айтган бўлса ҳам, бекор айтибди. Бу арзон уйлар фақат кам таъминланган оилаларга берилади. Бошқа мансабдор одамларга берилмайди. Бешта-бешта эмас, бир дона ҳам мумкин эмас. Бу ерда жонажон Ўзбекистон учун ишлайди ҳамма. Бунақа тентак одамларни информацияси учун ишламайди, - деди туман ҳокими Бахтиёр Ражабов.

Косон туманида қурилаётган икки сотихли арзон уйлар уч хонали бўлиб, нархи 85 миллион сўм эканлиги айтилади.

Озодлик суҳбатлашган косонликлар сўзларига кўра, уйнинг бошланғич тўлови 12 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳокимликлар бошланғич тўлови бўлмаган муҳтож оилаларга ҳомийлик ёрдами ташкил этиши назарда тутилган.

Озодлик ўтган йилнинг 24 ноябрь куни пойтахтнинг Сергели туманида президент топшириғига мувофиқ кам таъминланган оилалар учун махсус қурилган уйлар турли алдов схемалари орқали бу имтиëзли уйларга ҳаққи бўлмаганларга берилгани ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳақдаги шикоятлар президентга етиб бориши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси Сергелидаги уйларнинг кимларга ажратилгани¸ қандай ажратилгани бўйича махсус текширув бошлаган.

Арзон уй-жойни ким олишга ҳақли?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 - 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастуридаги Низомга кўра, аҳолининг қуйидаги табақаси бундай уй олиш ҳуқуқига эга:

а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

б) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) яшаши;

в) кўп болали;

г) оиланинг кам таъминланганлиги;

д) бир ёки ундан кўп бола ота-оналардан бири (тўлиқ бўлмаган оила) томонидан тарбияланиши ва боқилиши;

е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

ж) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

з) уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги, дейилади низомда.

XS
SM
MD
LG