Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Андижонда снос: қурувчи ширкат 3 марта алмашди, кўчишга мажбурланаётган оилалар хавотирда


Андижон шаҳрининг Чўлпон проспектида бузилаётган уй, 3 март, 2020
Андижон шаҳрининг Чўлпон проспектида бузилаётган уй, 3 март, 2020

Андижон шаҳри марказидаги Чўлпон шоҳкўчаси бўйидаги кўпқаватли уйлар бузилмоқда. Бир чеккадан бузилаётган 12- ва 14-уйларда яшовчи оилалар 10 кунда уйини бўшатишга мажбурланаётганидан арз қилмоқда.

Аҳоли қурувчи ширкат ваъдаларига ишонмаётир. Боиси, сўнгги 2 йилда қурувчи 3 марта алмашди – бири ғойиб бўлган, бири қамоққа олинган. Ҳозир учинчиси ишлаяпти.

Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси аҳолининг хавотирлари ўринсиз, оилалар бошпанасиз қолдирилмайди, деб ваъда қилди.

Ўтган асрнинг 60- йилларида қурилган бу уйларнинг ҳар бирида 28 тадан хонадон бор. Айримларида 2-3 тадан оила яшайди.

Озодликка йўлланган видеомурожаатида уйлар аҳолиси вакиллари бузиладиган уйи эвазига берилаётган таклифдан қониқмаётганини айтган.

12-уйда - бувисига тегишли хонадонда яшашини айтган Гуласал Муҳаммаджонова уларга ижарага чиқиш таклиф қилинаётганидан норози эканини айтади:

- Уй бувимники - бувим 85 ёшга кирган аёл. Бизга бошқа уй беришнинг ўрнига квартирага чиқишни таклиф қилишяпти. Биз бунга норозимиз, бувим ҳам йиғлаяпти. Шу ёшида (квартирага) чиқиши тўғри келмайди. Шунинг учун, бу уйни ҳеч қанақа асосда бўшатмайман - президентимиз қарорига мувофиқ бизга уй ўрнига уй берилишини сўрайман.

Айни уйда яшовчи Эдуард Мурудов эса, "уйим бузилиши ҳақида аввалдан қонуний тартибда расман огоҳлантирилмадим", деб арз қилмоқда.

Бундан ташқари, унинг айтишича, бир чеккадан бузилаётган уйда қолган оилаларни кўчириш асносида қонунда белгилаб қўйилган нормаларнинг ярми ҳам бажарилмаган:

- Барчамизнинг умумий талабимиз – аҳоли уйлари бузилиши бўйича мавжуд қонунчиликка амал қилишсин. Биз сносга тушдик. Лекин, биз қанча талаб қилмайлик, ҳали ҳам бизга қонунчиликда белгиланган тартибда расмий огоҳлантириш беришмади. Бундан ташқари, қонунда кўчириш бўйича белгиланган тартибнинг ярми ҳам бажарилмади.

Озодликка маълум бўлишича, бу икки уйда яшаган бир неча оилага шаҳарнинг бошқа қисмида кўпқаватли уйдан квартиралар олиб берилган.

Лекин айрим оилалар вақтинча ижарага чиқариб юборилган, уларга эски уйлар (12- ва 14- уйлар) ўрнида қурилиши режаланган кўпқаватли уйдан хонадон ваъда қилинган.

Айтилишича, қурувчи ширкатлар бу уйлар ўрнида 12 қаватли замонавий турар-жой қурмоқчи.

12-уйда яшайдиган оилалар тақдим қилган сурат, Андижон
12-уйда яшайдиган оилалар тақдим қилган сурат, Андижон

Ҳозирга келиб, шаҳар марказидаги эски уйидан кўчиб чиқишдан бош тораётганларнинг яна бир жиддий хавотири қурувчи ширкат ваъдасига ишонмаётганидир.

Боиси, сўнгги 2 йилда қурувчи 3 марта алмашди – бири ғойиб бўлган, бири қамоққа олинган. Учинчи ширкат эса, бузилаётган уйларда қолган 10 дан ортиқ хонадон эгаларини ижарага чиқишга ундамоқда.

Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси Чўлпон проспектидаги бу вазият бўйича Озодликка изоҳ берди.

Шаҳар ҳокими матбуот котиби Гулшаной Қўчқарова қурувчиларнинг алмашавериши аҳолини чўчитиб қўйганини эътироф этди.

- Аввалги икки ширкат билан шундай вазият бор ва бу ҳозир терговдаги иш. Шунинг учун мен бу борада маълумот беролмайман. Лекин, учинчи қурувчи ширкат ишонса бўладиган, шаҳарда бошқа уйларни қурган ширкат, - деди Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси.

Бу уйларнинг бузилиши ҳақидаги қарорни Андижон шаҳрининг аввалги ҳокими Дилшод Раҳматуллаев 2019 йилнинг апрелида имзолаган.

Ҳоким қарори билан янги уйни қуриш имконияти эса Azia Maks ширкатига берилган.

Уйи бузиладиган оилалар бу ширкат номидан келган раҳбар шахслар ҳозир "ғойиб бўлганини" иддао қилмоқда. Озодлик ҳам номи тилга олинган ширкат вакиллари билан ҳозирча боғлана олмади.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими имзолаган қарор
Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими имзолаган қарор

2019 йилдаги қарорда бузилган уйлар ўрнидаги 3 минг квадрат метр майдонда 7 қаватдан кам бўлмаган кўп қаватли уй қурилиши айтилган.

Шаҳар ҳокими матбуот котиби Гулшаной Қўчқарованинг Озодликка билдиришича, шу кунда кўчирилаётган оилалар янги уйдан хонадон олишини ваъда қилди.

Айтишича, ҳозир уларнинг уйсиз қолмаслигини кафолатлайдиган далолатнома тайёрланмоқда.

- Мен буларнинг аҳволини жуда яхши тушунаман. Нима бўлганда ҳам, бу уларнинг уйи - эртага одам уйсиз қолишни истамайди. Ҳозир қонуний равишда бу одамлар ишонадиган қилиб, ҳокимлик кафолат берадиган қилиб, юристлар билан далолатномани тузаяпмиз. Ҳар биттасининг қўлига керакли ҳужжат берилади - квадрат метрига квадрат метр бериладиган қилинади. Кейин, квартирага олиб чиқиб қўйилиб, қурилиш ишлари бошланиб, битирилиб, кейин булар қайта кўчириб олиб кирилади, - деб ваъда қилди Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси.

Қуйида матбуот котиби билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:18 0:00
Бевосита линк


Расмий маълумотга кўра, Чўлпон проспектида бузилаётган уйлар ўрнида қуриладиган 12 қаватли уйни шу йилнинг сентябрига – Мустақиллик байрамига битириш режаланган.

2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати, аҳолига қонунда белгиланган тартибда товон пули берилмагунича, уйларни бузишни тақиқлаган.

Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йилнинг 27 июлдан мамлакатда бузилиши режаланган, аммо товон пули тўланмаган аҳоли уйларини бузишни тақиқлаган эди.

Ўтган йили Урганчда уйи бузилган юзлаб одам норозилиги ва Яккабоғда эса дўкони бузилишидан норози тадбиркорнинг ҳокимият вакилини ёқиб юбориши ортидан Бош вазир шундай кўрсатма берганди.

Абдулла Арипов мамлакат бўйлаб бораётган бузилишлар масаласи шахсан президент назоратида турганини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG