Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

Андижон ҳокими "ўзи" учун фермерларга алоҳида буғдой солиғи солгани иддао қилинди


Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минерал ўғитлар омбори
Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минерал ўғитлар омбори

Андижон вилояти, Андижон туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг иддао қилишича, улар режани бажарган бўлса-да, туман ҳокими “унинг ўзи учун 2-3 тоннадан” буғдой беришни талаб қилмоқда.

Фермерларнинг айтишича, бу буғдой қабул пунктига топширилмасдан, ҳоким айтган жойга олиб бориб тўкиляпти.

Бу буғдойни қабул қилиб олингани ҳақида фермерларга ҳеч қандай ҳужжат берилмаган.

Туман фермерлар кенгашининг раиси бундан хабари йўқлигини айтди.

Андижон туманининг “Ўзбекистон” массивида ишлайдиган, ҳоким томонидан тазйиқ бўлиши мумкинлигидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, у буғдой режасини ортиғи билан бажарган бўлса ҳам, туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов яна унинг ўзига 3 тонна буғдой беришга мажбур қилган:

“Туман ҳокими буғдой штабида ҳамма фермерларга наглий, очиқ айтди. Уч тоннадан яна берасан, деди. Мана, “Ҳақиқат” ҳам олиб бориб тўкяпти, “Ўзбекистон”, “Ойдин булоқ” массивларидаги фермерлар ҳам олиб боряпти. Мажбурий. Ўзи ҳар гектарига 37 центнердан мажбурий шартнома қилдирган эди. Кейин 45 центнердан топширасан деди. Буни ҳам топширдик. Энди эса, “мен учун, туман учун 2-3тоннадан берасан”, деди. Фермерларни қақшатяпти, мажбур олиб бориб тўкяпмиз”.

Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минераль ўғитлар омбори
Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минераль ўғитлар омбори

​Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, ҳокимга аталган буғдой дон қабул қилиш пунктига эмас, бошқа омборга тўкиляпти:

“Хравек” қишлоғида “Гулистон” кимёвий дори тарқатиш шохобчаси бор. Унинг бўш складига буғдой олиб бориб тўкиляпти. Бу буғдойга ҳеч қандай накладной ҳам, ҳеч қандай ҳужжат ҳам фермерга берилмаяпти. Агар бу буғдой туман учун бўлса, қабул пунктига тўкилиши керак эди. Бу фермер ва давлат мулкини очиқ ўғирлаш эмасми? Ҳоким ҳеч қаерда қайд қилинмаган бунча буғдойни нима қилади? Қани прокуратура мулозимлари, қани ички ишлар, ҳозир келиб текширсин, бунча буғдой қаердан келди, қани ҳужжати, деб сўрасин, ўғрилик эканлиги намоён бўлади?”

Фермер улардан олинган буғдой тўкилган омборнинг расмларини ҳам Озодликка тақдим қилди.

Суратларда доридан тозаланмаган омборга истеъмол учун етиштирилган буғдой тўкиб чиққани кўринади.

Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минерал ўғитлар омбори
Андижон туманидаги қишлоқ хўжалиги минерал ўғитлар омбори

Озодлик Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг мобиль телефонига боғланди. Қўнғироққа жавоб берган шахс ҳокимнинг йиғилишда эканлигини айтиб, алоқани узди. Ҳоким билан қайта боғланиш имкони бўлмади.

Андижон тумани фермерлар кенгаши раиси Нурбек Қосимов, Озодлик билан суҳбатда бу ишлардан хабари йўқлигини айтди.

29 июнь куни Озодлик билан боғланган фермерлардан бири, бу омборхонада, қарийб 200 тонна буғдой борлигига гувоҳ бўлганини айтди.

Озодлик Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг оғзаки буйруғи билан фермерлар ўзлари олмаган солярка (дизел ёнилғиси) нинг “юк хати”га имзо қўйиб беришга мажбурлангани ҳақида ҳам ёзган эди.

Ўшанда Озодликка арз қилган фермерларга кўра, туман ҳокими президент Шавкат Мирзиëев Андижонга борганда ўтиши кутилаëтган магистраль йўл ва унинг атрофини ободонлаштириш жараëнида ишлатилган 10 тонна солярка харажатини фермерларга бўлиб ташлаган эди.

Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов фермерлар билан 2018 йил 25 январда ўтказилган йиғилишда чигит экишда қўлланиладиган “плёнкага” пул ўтказмагани учун фермерларни "гадай, ҳайвон, тварь, мараз" деб ҳақорат қилган эди.

XS
SM
MD
LG