Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Ҳукумат ўзбек пахтаси бойкотини қандай бекор қилмоқчи?


22 февралда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан халқаро бойкот асоссиз эканини айтди. Вазир бу билан нима демоқчи?

2005 йилдан бери Ўзбекистонда мажбурий меҳнат сиёсати ва амалиётинини бартараф қилиш учун курашиб келаётган Cotton Campaign (Пахта кампанияси) халқаро коалицияси яна бир марта расмий Тошкентнинг қаттиқ босимига учради.

Ўзбекистон ҳукумати бу билан нимана эришмоқчи? «Пахта кампанияси»нинг мажбурий меҳнат эвазига етиштирилаётган ўзбек пахтасини бойкот қилиш даъватини қайтариб олишига, албатта. 300 га яқин компания ушбу даъватга қўшилиб, пахта қуллиги тизими бекор қилинмагунча уни харид қилмаслик мажбуриятини олди.

Хўш, «Пахта кампанияси» Ўзбекистон ҳукуматидан нимани кутаяпти? Ҳукумат ушбу шармандали амалиётга сўзда эмас, амалда барҳам беришини кутмоқда. Расмий Тошкент ушбу амалиётга чиндан ҳам барҳам беришини текшириш учун «Пахта кампанияси» тизимни ислоҳ қилиш учун йўл харитасини таклиф этган эди.

Йўл харитасининг моҳияти нимадан иборат? Афсуски, Ўзбекистон аҳолиси у билан танишиш имконига эга эмас, чунки йўл харитаси эълон қилинган «Пахта кампанияси» ва Инсон ҳуқуқи ҳимояси бўйича Ўзбекистон-Германия форуми вебсайтларига Ўзбекистон ҳудудидан кириб бўлмайди. Шундан ҳам ушбу мамлакатдаги сўз эркинлиги қай аҳволда эканини ва жаноб Умурзоқовнинг «Пахта кампанияси»ни шерик деб билаётгани ҳақида гапи қанчалик ишонарли эканини билиб олса бўлади.

Хуллас, йўл харитаси уч қисмдан иборат:

1) Ҳукумат, вилоят ва туман ҳокимлари ташкилотларга ходимларини пахта теримига юбориш бўйича кўрсатма беришни бас қилади, ушбу ташкилотлар раҳбарлари эса ходимлардан мардикор ёллаш учун қўрқитиб пул олмайди; бир сўз билан айтганда, одамларни пахта теримига мажбурий сафарбар қилиш у ёки бу кўринишда бутунлай барҳам топади. Бу – йўл харитасининг биринчи талаби.

2) Ҳукумат пахта топшириш бўйича барча фермерлар бажариши мажбурий бўлган марказлаштирилган ҳолда тепадан туширилган давлат буюртмалари тизимини бекор қилади; фермерларнинг ердан қандай фойдаланиш, унга нима экиш ҳамда кимга ва қанақа нархда сотиш бўйича мустақил қарор қабул қилишга ҳаққи бўлиши керак.

3) Фуқаролик жамияти фаоллари эркин бўлиши, ҳокимият жазолашидан қўрқмай пахта терими вақтида мониторинг ўтказиши, бунинг учун эса фуқаролик жамиятини жазолаш бутунлай бекор этилиши зарур. Жаноб Умурзоқовнинг иддаосича, ҳукумат мажбурий меҳнат амалиётини йўқ қилиш йўлида инқилобий ўзгаришларга эришди, гўё энди ўзбек пахтасига қўлланган санкцияларни бекор қилса ҳам бўлаверади. Ўша инқилобий ўзгаришлар чиндан ҳам рўй бердими?

Айрим ўзгаришлар юз бергани бор гап. Ҳамма гап айнан қандай ўзгаришлар рўй берганида ва улар мажбурий меҳнат амалиётини бекор қилган-қилмаганида. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун йўл харитаси бандларини кўриб чиқиб, уларни воқелик билан солиштирамиз.

1) Аҳолини сафарбар қилиш ва ҳокимият идораларининг бундаги роли. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида мамлакатида мажбурий меҳнат мавжудлигини эътироф этган ва уни йўқ қилиш мажбуриятини олган эди. Шундан сўнг чиндан ҳам муайян қадамлар қўйилди. Ўша йили ОТМ ва коллежлар талабалари, бир йил ўтиб эса, шифокорлар ва ўқитувчилар оммавий тарзда пахта теримига жўнатилмади.

Бироқ кўплаб мақолалар, айниқса, Озодлик хабарларидан, шунингдек, Инсон ҳуқуқи ҳимояси бўйича Ўзбекистон-Германия форумининг мустақил мониторинги натижаларидан маълум бўлишича, 2019 йилги мавсумда мажбурий меҳнат амалиётини йўқ қилиш бўйича жиддий олға силжиш кўзга ташланмади. Илгаригидай ҳокимлар пахта топшириш режаси бажаралишига масъул қилиб қўйилди, улар эса пахта теримига қанча одам жўнатиш бўйича ташкилотларга яна топшириқ туширишдан бошқа илож топмади.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), мажбурий меҳнат тизимли бўлмай қолди, дея баёнот берди. Ушбу баёнотнинг бемаънилиги шундаки, унинг ўзи ҳам ўтган мавсумда далаларга юз минглаб одам жўнатилганини тан олди. Юз минг рақами мажбурий меҳнатнинг тизимли ва оммавий тарзда давом этаётганини англатмайдими? Нацистлар режими ҳар ойда концлагерларнинг минглаб маҳбусини газ камераларига жўнатганини бир тасаввур қилиб кўрайлик. Лекин қайсидир ойда ўша камераларга 200 киши кам жўнатилди. Нацистлар режими инсон ҳуқуқи масаласида олға силжишга эришди ва одамларни газ камераларига жўнатиш энди тизимли характерга эга эмас, деган шоввоз ҳам топила қолди дейлик. Бемаъни гапми? Бироқ ушбу ҳурматли ташкилот Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳақида тахминан шундай баёнот берди-ку.

Лекин ХМТ келтирган юз минг рақами ҳам ўта паст қилиб кўрсатилган ва Ўзбекистон-Германия форуми маълумотларига мос келмайди. Бу форум қатор йиллар давомида ва ҳар йили мониторинг олиб боради. ХМТ мардикор ёллаш учун одамлардан қўрқитиб пул йиғиш амалиётини ҳисобга олмагани аниқ. Ушбу ташкилот вакиллари далаларга чиқиб, теримчилардан, ўз ихтиёрингниз билан пахта тераяпсизми, деб сўрайди. Ўша мардикорлар, ҳа, деб жавоб беради, чунки улар пул учун ёлланиб ишлаётган бўлади. Бу ҳам мажбурий меҳнат таърифига мос келади.

2. Пахта топшириш бўйича мажбурий режа. Гарчи ҳукумат вакиллари “Пахта кампанияси”ни пахта топшириш бўйича мажбурий режани бекор қилишни қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича йўл харитасига киритишга ишонтирмоқчи бўлган эса-да, бу иш Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрида Нью-Йоркдаги чиқишидан бери бажарилгани йўқ. Дарҳақиқат, йўл харитасининг ўтган йили муҳокама учун эълон қилинган лойиҳасида мажбурий давлат буюртмасини бекор этиш кўзда тутилган эди, аммо у тасдиқланган ҳужжатга кирмай қолди. Бу кузатувчиларни чалғитиш, уларни ғафлатда қолдириш, “Пахта кампанияси”ни ён беришга мажбур қилиш учун ўйлаб топилган ўзига хос ҳийла эди. Вақтдан ютиш, пахта етиштирши соҳасидаги ҳақиқий ислоҳотларни номаълум вақтга кечиктириш йўлида жаҳон жамоатчилигини алдаш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматининг пиар-кампаниялар захирасида бундай ҳийлалар истаганча топилади.

Жаноб Умурзоқов пахта етиштириш соҳасида хусусий мулк ва унинг эгалари ҳукмрон, гўё давлатнинг бунга дахли йўқ, деб ишонтирмоқчи бўлади. Лекин вазир бу ўринда қувлик қилмоқда. У “хусусий мулк” деганда ҳукумат тепадан мажбурлаб ташкил этаётган пахта ва тўқимачилик кластерларини назарда тутаётган бўлса керак. Бу ҳам – ўзига яраша ҳийла, чунки аслида ушбу кластерлар туман даражасидаги монопол тузилмалардир, улар фермерларни алоҳида пахта етиштириладиган кластерга ипсиз-арқонсиз боғлаб қўяди, шу йўл билан уни ўз ери, етиштирган маҳсулотини тасарруф этишидаги эркинликдан маҳрум қилади. Шу билан бирга, монополия туман ва вилоят ҳокимликлари ваколатлари билан мустаҳкамланади. Ахир, ҳар бир кластер кенгашига фермерларни ушбу кластерлар билан шартлари ўта оғир бўлган шартномалар тузишга мажбурлайдиган ҳокимлар ҳам киради-да. Илгари фермерларга ўз ҳукмини ҳоким кўмагида ўтказадиган монопол ташкилот маҳаллий пахта заводи эди. Энди унинг ўрнини кластер эгалламоқда ёки иккови бир бўлиб ҳаракат қилмоқда.

Масаланинг шу ўриндаги ўзига хос жиҳати шуки, ушбу монопол тузилмага энди тўқимачилик корхонаси ҳам қўшилди. Гарчи ўша тўқимачилик корхонаси хусусий бўлса-да, у ҳам барибир фермерлар ва ҳеч нарсага ҳаққи йўқ аҳолини эксплуатация қилишга қаратилган маъмурий-буйруқбозлик тизимига мос тушади.

У ҳолда ким ва нима ҳисоб-китоб билан ушбу кластерларга сармоя ётқизмоқда? Бу ерда ола-қуроқ манзарани кўрамиз. Тўқимачилик бизнесининг ҳақиқий сармоядорлари ҳам, лекин мулкчилик тузилмаси шаффоф бўлмаган кўплаб шубҳали фирмалар ҳам бор. Давлат аппарати ва уларга яқин шахслар кластерларнинг фойда олувчи мулкдорлари бўлса ажаб эмас, улар манфаатлар зиддиятини, у ёки бу давлат лавозимини эгаллаб турганини ошкор қилмайди, аммо давлат ҳомийлик қилаётган бизнесдан бойлик орттиради. Улар барчасини кластерлардаги ўша туманлик фермерга нисбатан монопол ҳолат жалб этишини юқорида айтиб ўтдик. Бунинг қаторига хомашёни пасайтирилган нархлар билан кафолатланган тарзда етказиб бериш, ниҳоят, ушбу кластерларга берилган солиқ имтиёзлари ҳам қўшилади.

Улар аслида қанақа калстерлар экани хусусида биринчи огоҳлантириш қўнғироғи ҳам янгради: Озодлик ўша кластерларнинг фермерларга етказиб берилган хомашё учун ўн миллон сўмлаб пулни тўламаëтгани ҳақида материаллар эълон қилди.

Бундай сохта ислоҳот натижасида мажбурий меҳнат амалиётидан унинг яширин шаклларига ўтилиши мумкин. Халқаро кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари ушбу мамлакатнинг пахта етиштириш соҳасида мажбурий меҳнат бартараф қилинди, дея хулоса қилишдан аввал айни хавфни эътиборга олиши ва у амалда қандай пайдо бўлаётганини ўрганиши шарт.

Мабодо ушбу хавотирлар тасдиқланса, президент Мирзиёевнинг яқинда (13 февралда) келаси йилдан бошлаб пахта топшириш бўйича мажбурий буюртма босқичма-босқич бекор қилиниши тўғрисидаги баёнотининг қиммати бир пул бўлади. У ҳолда олдинги кўринишдаги давлат буюртмаси бекор қилинган тақдирда ҳам мажбурлаш тизими бошқа, яширин шаклларга кўчиб ўтади.

Мирзиёев ўша мажлисда ҳокимлар зиммасидан масъулият соқит қилинмайди, аксинча, ошади, деб айтган эди. Улар мажбурияти соҳасига, бир тарафдан, кластернинг ўз туманидаги монопол ҳолатини ҳамда уни арзон хомашё ва иш кучи билан таъминлаш, бошқа тарафдан эса, давлатнинг ушбу жараёндаги ролини яшириш киради.

3. Маҳаллий фуқаролик жамияти роли. Ушбу соҳада олға силжиш деярли кўзга ташланмаяпти. Ҳа, мажбурий меҳнат мониторингини олиб борган айрим фуқаролик жамияти фаоллари билан ҳокимият идоралари гаплаша бошлади, мулоқот қилишга ўтди. Лекин бошқалари жазоланмоқда ва бу кучайиб ҳам бормоқда. Масалан, 2019 йилда шубҳали ҳолатда маҳаллий журналист Давлатназар Рўзметов ўлдирилди, унинг қотили оқлангани ушбу қотиллик ортида сиёсий сабаблар турганини англатади. Бошқа ҳолатда эса маҳаллий блогер Шабнам Оллошукурова ижтимоий позицияси учун руҳий касаллик шифохонасига олиб бориб тиқилди, шу тариқа фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан жазоловчи психиатрияни қўллаш амалиёти тикланди.

Бунга мамлакатда йиғинлар ўтказиш эркинлиги чеклаш бўйича ҳамон ўта қаттиқ жазо чоралари сақланиб қолаётганини ҳам қўшиш керак бўлади. Ташаббус гуруҳлари, жумладан, мажбурий меҳнатни мониторинг қилаётганлар, шунингдек, меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган мустақил касаба уюшмалари на рўйхатдан ўта олади ва на юридик шахс мақомида иш бошлай олади.

Шу тариқа, зикр этилган учта йўналиш бўйича вазиятни ҳисобга олиб, жаҳон компанияларидан ўзбек пахтаси ва ундан тўқилган буюмларни бойкот қилишни бекор этишни тезлаштиришни талаб қилиш учун мажбурий меҳнат тизимини йўқ қилиш соҳасидаги олға силжишлар етарли эмас, деб хулоса қилиш мумкин.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG