Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Аграр университети 12 июлдан ҳужжат қабул қилиш тартибини кескинлаштирди


Тошкент Давлат аграр университетига ҳужжат топшириш учун узоқ вилоятлардан келганлар янги тўсиққа учрамоқда. Қабул комиссияси аъзолари ҳужжат топшираëтганларнинг хорижга чиққан-чиқмаганини текширмоқда. Хорижга чиққанлардан милиция ёки МХХдан справка олиб келиш талаб қилинмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманидан Тошкент Давлат аграр университетига ҳужжат топширгани келган Ҳасанжон (исми ўзгартирилган – таҳририят) ҳужжатларини топшира олмай¸ қишлоғига қайтишга мажбур бўлди.

Ҳасанжоннинг Озодликка айтишича, ҳужжатларни қабул қилиш учун белгиланган муддат тугашига саноқли кун қолганда комиссия томонидан ҳужжатлар рўйхатининг ўзгартирилиши, хорижга чиқиб келган вилоятликларни уйига қайтишга мажбур қилмоқда:

- Мен 13 июль куни ҳужжат топширгани Узун туманидан келган эдим. Қабул комиссияси аъзоси паспортимни варақлаб, сиз хорижга чиқиб келган экансиз, шунинг учун нима мақсадда чиқиб келганингиз ҳақида ички ишлардан ёки СНБдан справка олиб келмасангиз, ҳужжатларингизни қабул қилмаймиз, деди. Мен “ахир бу ҳақда илгари эълон бўлмаганку, мен харажат қилиб келдим, яна 700 километр масофага қачон бориб келаман”, десам 12 июлдан шундай тартиб жорий қилинган деди. Қашқадарё, Хоразм каби узоқ вилоятдан келганлар ҳам қайтиб кетишди, мен ҳам мана қайтиб кетаяпман, деди Ҳасанжон 14 июль куни Озодлик билан суҳбатда.

Ҳасанжонга кўра¸ бундай қўшимча справка тақдим қилиш ҳақида на университет расмий сайтида¸ на қабул комиссиясининг эълонлар тахтасида билдириш берилган.

Унга кўра, агар диплом иловасидаги “5” ёки “4” баҳолар ортидан “аъло” ёки “яхши” деб ёзилмаган бўлса ҳам¸ ҳужжат қабул қилинмаяпти.

Тошкент Давлат аграр университети қабул комиссиясининг ўзини Дилмурод деб таништирган мулозими 12 июлдан бошлаб хорижга чиқиб келганлардан қўшимча маълумотнома олиб келиш талаби жорий этилганини тасдиқлади. Қабул комиссияси расмийси бундай янгилик сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Яқинда бизда ички ишлар ходимлари томонидан назорат ўтказилди. Хорижга чиқиб келганига бир йилдан ошганларга сўралмаяптию, яқинда чиқиб келганлардан “нима мақсадда чиққансан” деб, сўранглар деяпти. Шунинг учун ички ишларданми, маҳалладанми тасдиқлатиб маълумотнома олиб келишсин, дейилаяпти. Биз ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан, шуни 12 июлдан бошлаб жорий қилдик. Агар хорижга бир-икки кун тўй-пўйга чиққан бўлса эътибор бермаймиз, агар узоқ юрган бўлса нима мақсадда юрганини билмаймизку! Лекин узоқ вилоятдан келганларга, ота-онаси шундай справкани олиб факс орқали жўнатса ҳам бўлади, деб айтдик, деди қабул комиссияси мулозими.

Айни пайтда¸ Озодлик боғланган Ўзбекистон Миллий университети¸ Техника университети ва ТАТУ қабул комиссияси вакиллари хорижга чиқиб келганлардан бундай қўшимча справка талаб қилинмаëтганини билдирди:

“Биз фақат тўртта ҳужжат талаб қилаяпмиз. Паспорт, диплом, 086 форма ва прописной. Бошқа ҳеч нарса сўраётганимиз йўқ”, деди Тошкент Техника университети қабул комиссияси вакили.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш жараëни 20 июндан 20 июлгача давом этади.

Ўтган йили 550 минг нафар ўзбекистонлик олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган бўлса¸ 2014 йилда бу кўрсаткич 543 минг нафарни ташкил қилган эди.

Олий таълим вазирлиги режасига кўра, жорий йили бакалавр йўналиши бўйича олий ўқув юртларига 57 907 нафар талаба қабул қилинади.

Давлат грантлари бўйича қабул қилинадиганлар сони 19 120 нафарни, тўлов-контракт бўйича ўқувчилар сони эса 38 787 нафарни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG