Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Булғанган тупроқ, сув ва ҳаво: Хитойнинг Тожикистондаги тилла бизнеси


Хитой ширкатлари Тожикистонда улкан фойдали қазилма захираларини ўзлаштирмоқда ва айни чоғда атроф-муҳитни булғамоқда.

Конларга яқин қишлоқлар аҳолисининг соғлиғи ёмонлашяпти, тоза ичимлик суви танқислашган.

Озодлик радиоси тожик хизмати суриштирувига кўра, Душанбе Хитой инвестицияларига қарамлиги сабабли бу ширкатларнинг экологик қонунбузарликларига кўз юмаётир.

Тожикистоннинг Хумгарон қишлоғида атиги 150 жон яшайди. Хитой ширкати қишлоқ яқинида олтин қазишни бошлаганида маҳаллий аҳоли ҳар нени кутса ҳам, ҳозиргидек, қишлоқ яшаб бўлмас ҳолга келишини ўйламаганди.

“Ҳаво билан сув заҳарланган бўлса, бу ерда қандоқ яшайлик?! – куюнади қишлоқ турғунларидан бири. – Соғлиқни йўқотгандан кейин яшашдан нима маъни?”

“Зарафшон” олтин кони туфайли сув ва ҳаво ифлосланишига тоқат қилиб бўлмай қолгач, ўтган йили бир гуруҳ аёл бутун қишлоқ номидан расмий шикоят топшириш учун Панжикент шаҳрига боради.

Бироқ ҳукумат мулозимлари муаммо билан шуғулланиш ўрнига уларни милиция бўлимига олиб бориб, пўписа қилишади: “Хитой тоғ-кон корхонасини танқид қилишни тўхтатмасанглар оқибати ёмон бўлади!”

Озодлик билан анонимлик шартларида суҳбатлашган аёллар ўшандан бери қишлоқ одамлари тилла кони борасида норозилик билдиришга чўчиб қолганини айтишади.

Тожикистон ғарбидаги олтин конини хитойлар 2007 йилдан бери ишлатадилар. Атроф-музофотдаги қишлоқлар аҳолиси ўшандан бери ҳаво, сув, ер кун сайин булғанаётганини ва мулозимлар бунга кўз юмиб келаётганидан, боз устига ширкат уларга тегишли ерлардан рухсатсиз фойдаланаётганидан нолийди.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимоли-ғарбий чегараси яқинидаги ҳудудда юзага келган вазият Душанбенинг Хитой инвестицияларига иқтисодий тобелиги оқибатларини яқиндан кўриш имконини беради: хитой ширкатлари мамлакатнинг улкан табиий бойликларини ўзлаштираркан, қонунбузарлиги учун мутлақо жазоланмаяпти, устига-устак ҳукуматнинг турли имтиёзларидан баҳраманд бўлмоқда.

Озодлик Хитойнинг Тожикистондаги тўрт лойиҳаси, жумладан учта кончилик корхонаси фаолиятини ўрганиб, бунга ишонч ҳосил қилди.

Ўғирланган ерлар

Кон яқинидаги қишлоқлардан бирида яшовчи аёл, исми сир қолиши шарти билан, Озодликка ҳужжатларни кўрсатди: ҳужжатларда Хитой тоғ-кон ширкати аффинаж (ювиш) заводларини қурган қишлоқ хўжалиги ерлари унинг мулки экани қайд қилинган эди.

Аёлнинг сўзларига кўра, завод унинг рухсатисиз қурилган, аёлга на компенсация тўлаганлар, на ҳукумат унинг қайта-қайта йўллаган ариза ва шикоятларига расмий жавоб берган. Қишлоқдаги бошқа одамларнинг ҳам шу мазмундаги ҳикоялари бор.

Кўп миллионли инвестициялар билан ёнма-ён яшаётган маҳаллий аҳоли конларда ишлатилаётган химикатлар туфайли келиб чиқаётган касалликлардан азият чекмоқда, тожик мулозимлари эса хитой ширкатларини жамоатчилик танқидларидан ҳимоя қилишаётир. Бунинг сабаби оддий: Хитой Тожикистонда асосий ажнабий инвестор ҳисобланади.

Тожикистонда қазиб олинаётган барча олтиннинг 70 фоизи “Зарафшон” кони ҳиссасига тўғри келади ва Озодлик суҳбатлашган барча даражадаги ҳукумат мулозимлари, ҳатто Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг юқори мартабали ходими ҳам Хитой ширкатини мақтаб, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Улар мамлакат инвестицияларга муҳтожлигини, шу боис Хитой тоғ-кон ширкатлари Тожикистон учун иқтисодий қадрли эканини айтиб, атроф-муҳит ифлосланаётгани ҳақидаги шикоятларни инкор этишди.

Президент Эмомали Раҳмон 2023 йил июлда “Зарафшон” конига келганида ширкат фаолиятидан мамнун бўлиб, бу ерда ўз рамзий муҳрини қолдирган эди.

“Кетиб қолмасалар бўлгани”

Озодлик билан аноним шартларда суҳбатлашган Тожикистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг юқори мақомли мулозимига кўра, қўмитага “Зарафшон” кони билан боғлиқ ҳар қандай экологик ёки тиббий муаммоларга кўз юмиш буюрилган.

“Сув билан ҳаво булғаняпти, деган мазмундаги шикоятлар бизга ҳам келади, лекин агар “Зарафшон”га қаттиқроқ босим қилсак ёки тафтиш ва жарималарни кўпайтирсак, хитой инвестор Тожикистондан кетиб қолиши мумкин. Бундан иқтисодиётимиз зарар кўради, чунки мазкур ширкат 2023 йилнинг 6 ойида 2,2 миллиард сомоний (201 млн доллар) баҳосида олтин қазиб чиқарган”, дейди у.

Мулозим айтишича, ушбу даврда Тожикистон ЯИМ 54 млрд сомоний (4,9 млрд доллар)ни ташкил қилган. “Ширкатнинг инқирози мамлакат иқтисодиётига қанча зарар етказишини шундан тасаввур қилаверинг”, қўшимча қилади Озодлик суҳбатдоши.

Мулозимнинг сўзларига кўра, олтин қазиб олишдан тушадиган солиқлар кон жойлашган Сўғд вилояти бюджетининг катта қисмини ташкил этади, шу боис ҳукумат атроф-муҳит ифлослангани учун жарималар ёзиш ёки жамоатчилик танқидига йўл очиб бериш билан ушбу муҳим даромад манбаини хавф остига қўйишни хоҳламайдилар.

“Табиий бойликларни қазиб олишни тўхтатиб қўйсак, бюджет миллионлаб доллар йўқотади”, дейди у.

Айни ҳолат Хитой ширкатларининг Озодлик суриштирув ўтказган бошқа лойиҳалари, жумладан “Покруд” олтин кони, Зарнисор қўрғошин, рух ва мис кони ҳамда Тожикистон ғарбидаги пахта етиштириш корхонасида ҳам кузатилмоқда.

“Айни пайтда ушбу вазиятга [хитой ширкатлари атроф-муҳитни булғаётганига] кўнишдан бошқа чорамиз йўқ”, хулоса қилади экология идораси мулозими.

Янги қарамлик

Марказий Осиёдаги энг камбағал мамлакат бўлмиш Тожикистон иқтисодиёти 90-йиллардаги фуқаролар уруши оқибатлари билан курашар экан, кўп қийинчиликларга дуч келди, савдо, инвестициялар ва кредит масалаларида Россияга суянишга мажбур бўлди.

Иш ўринлари жуда кам бўлгани учун тожик эркаклари оммавий Россияга меҳнат миграциясига кетадилар, улар уйларига жўнатадиган пуллар эса, Жаҳон банки маълумотига кўра, Тожикистон ЯИМнинг камида 40 фоизини ташкил қилади.

Бироқ Тожикистонни 1994 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқариб келаётган авторитар президент Эмомали Раҳмон мамлакатни Хитой билан яқинлаштирди ва унинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида иштирок этмоқда.

2010 йилдан бошлаб Хитой Тожикистоннинг энг йирик савдо ҳамкори, энг катта инвестори ва қарз берувчисидир – Душанбе ташқи қарзининг ярмидан кўпи Пекинга тегишли.

Ўтган йиллар мобайнида Хитой Тожикистонда янги йўллар қуриш, телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати каби соҳаларга инвестициялар киритиш билан мамлакат иқтисодиётида устун мавқени эгаллади. Мамлакат айниқса табиий бойликларни ўзлаштириш учун зарур инфратузилмани яратишда чет эл сармоясига жуда муҳтож эди.

Хитой қурилиш ширкатлари пойтахт Душанбе марказида бир нечта муҳим ҳукумат биноларини, жумладан, янги парламент биносини қурди.

5 июл куни Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Душанбега расмий ташрифи чоғида Эмомали Раҳмон 2007–2023-йилларда Хитой Тожикистон иқтисодиётига 4 млрд доллардан зиёд инвестиция киритганини ва мамлакатда Хитой сармояси қўшилган 700 дан ортиқ ширкат ишлаб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Тожикистон президенти “Зарафшон” конидаги ишларни “икки мамлакат ўртасидаги самарали инвестициявий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси” деб атади.

Ҳаддан ортиқ иқтисодий таъсир сиёсий таъсирга айланган: Раҳмон ва унинг оиласи Хитойга тез-тез қатнаб туради. Пекин терроризмга қарши кураш бўйича қўшма машғулотлар ўтказиш, ИИВлар ўртасида маълумот алмашиш ва Афғонистон билан чегарадаги бир қанча постлардан фойдаланишга рухсат олиш билан мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам тобора муҳим ўрин эгалламоқда.

Тожикистоннинг шарқий қўшнисига тобелиги ортаётгани, хусусан, Хитой инвестицияларининг катта қисми кредит сифатида келаётгани жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки жамоатчилик ҳукумат бу қарзларни тўлай олишига амин эмас.

Мамлакат қарздорликнинг аччиқ аламини тотиб кўрган: 2011 йилда қарзи эвазига ўз ҳудудининг 1000 квадрат километрдан зиёд бўлагини Хитойга берган эди. Қизиғи, ўша қарз суммаси ҳануз очиқланган эмас.

Айни ҳолат Тожикистон тоғ-кон саноатида ҳам кузатилмоқда. Мамлакатда қазиб олинадиган йиллик олтин ҳажмининг 84 фоизи Хитой ширкатлари ишлатаётган “Зарафшон” ва “Покруд” конлари ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилда “Зарафшон” конининг ўзи солиқлар кўринишида давлатга 40 млн доллар тўлаган эди, ўша йили мамлакат бюджети қарийб 3,9 млрд долларни ташкил қилган.

2016 йилда Тожикистон ҳукумати олтин қазиб олишга доир расмий статистикани эълон қилишни тақиқлаб қўйган, бироқ, вазирларнинг 2019 ва 2023 йилдаги баёнотларига кўра, олтин қазиб олиш йилига 10 фоиздан зиёд ҳажмда ортиб бормоқда, Хитойнинг Zijin ширкати эса “Зарафшон”да ўз фаолиятини кенгайтиришда давом этяпти. Хитой кончилик ширкатларининг Тожикистондаги даромадлари ҳам сир тутилади.

Тожикистон ҳукумати тоғ-кон саноатида янги хитой инвестицияларига яшил чироқ ёқаркан, кўп ҳолларда бу тўғридаги қарорларни жамоатчилик муҳокамасига қўймайди.

Масалан, 2019 йилда парламент қисқагина муҳокамадан сўнг, Kashgar Xinyi Dadi Mining Investment Company инвестиция ширкати билан Якчилва кумуш конидан фойдаланиш бўйича шартномани маъқуллаб берган эди.

Ҳукумат Хитойнинг тоғ-кон секторидаги нуфузи тобора ортаётганини хаспўшлар экан, Хитой корхоналари бу каби йирик лойиҳаларда қатнашишга розилик бераётган ягона чет эл ширкатлари эканини иддао қилади.

“Фақат хитойлар бизнинг шахталаримизга сармоя киритишга ва уларни ишлатишга тайёр”, деган эди 2019 йилда саноат ва янги технологиялар вазири Заробиддин Файзуллозода (кончилик соҳасини айнан шу вазирлик назорат қилади).

Яшил помидорлар

Хумгаронлик 62 ёшли фермер Асадулло Раҳмонов “Зарафшон” кони фаолияти кенгайгани сайин мева-сабзавот сифати бузилаётганини айтади.

“Помидорлар аввалгидек қизариб пишмаяпти, бодрингни эса уч йилдан бери экмай қўйдим, чунки палак найчага кирмасдан гули тўкилиб кетяпти. Шафтоли эса ҳали пишиб етилмасдан тўкиладиган бўлди. Бир неча йил олдин бунақа бўлмасди”, дейди фермер.

Хитой лойиҳаларини танқид қилгани учун ҳукумат ғазабига йўлиқишдан қўрқиб Озодлик билан анонимлик шартларида суҳбатлашган беш нафар маҳаллий фермер қишлоқ яқинида қурилган аффинаж заводи ҳосилга ва умуман атроф-муҳитга салбий таъсир қилаётганини айтишди. Хусусан, улар ариқлар бўйига ва экин майдонларига ўтириб қолаётган қорамтир чанг ҳақида гапиришди.

Олтин қазиб чиқарувчи “Зарафшон” ҚК 1994 йилдан бери фаолият юритади. Хитойнинг Zijin ширкати 2007 йилда 70 фоиз акцияларни сотиб олгунга қадар конни Британияга қарашли Commonwealth and British Mineral ширкати бошқарган. Қолган 30 фоиз акция эса Тожикистон ҳукуматига тегишли, фойда улуш миқдорига қараб тақсимланади.

Ҳозирда конда 2800 нафарга яқин киши ишлайди, “Зарафшон” директори муовини Бобохон Бобохоновга кўра, ишчиларнинг 98 фоизи Тожикистон фуқаролари экан. Мулозим Zijin ширкати яқинда ердан фойдаланиш ҳуқуқини 20 йилга узайтирганини ва бу аҳоли бандлигини таъминлашда яхши кафолат бўлишини айтиб, мақтанди.

Қазиб олинган олтин шу атрофдаги ҳамда Панжикент шаҳри яқинидаги аффинаж заводларида ювиб тозаланади. Маҳаллий аҳоли сув ва ҳаво булғанишига энг аввало шу аффинаж корхоналари айбдор деб билади.

Олтинни тозалашнинг дунёда кенг тарқалган усулида юқори токсик кимёвий модда – цианиддан фойдаланилади, цианид эса инсон саломатлиги учун ўта хавфли.

Экология муаммолари билан шуғулланувчи Source International ноҳукумат ташкилоти директори Флавиано Бянкини айтишича, цианид қаттиқ назорат қилинадиган шароитда қўлланиши лозим, зеро ундан озгинаси ҳам бутун атрофдаги ҳудудларнинг заҳарланишига олиб келиши мумкин.

“Бир килограмм цианид водопроводга тушса, бу 200 кишини осонгина ўлдириши ёки атроф-муҳитни ҳалок қилиши ҳеч гап эмас”, дейди у Озодликка берган изоҳида.

Майдаланган руда шахталардан аффинаж заводига келтирилиб, у ерда цианид билан ишлов бериш орқали тоғ жинсидан олтин ажратиб олинади. Иқтисодий самарадорлигига қарамай, ушбу усул табиат учун жуда зарарли саналади. Тоғ-кон саноатида цианид қўлланиши дунё бўйича юз минглаб одамларнинг мажбурий кўчишига олиб келган.

Аксар олимлар цианид қуёш нури таъсирида парчаланади ва, агар кўп сув билан аралаштирилса, хавфли бўлмайди, деган фикрда якдил. Бироқ ундан фойдаланиш тоғ жинсидаги зарарли металларнинг ажралиб чиқишига олиб келиши ҳам мумкин.

Қатор илмий тадқиқотлар цианид бошқа токсик шаклга ўтиши мумкинлигини ва айниқса совуқ иқлимда сақланиб қолишини кўрсатмоқда.

Олтин қазиб олишнинг ўзи кўп миқдорда чиқинди чиқадиган жараён. Айрим баҳоларга кўра, бир тонна тоғ жинсидан 10-15 грамм олтин топиш мумкин, қолган 999 килограммдан зиёд масса эса зарарли чанг шаклига ўтиши мумкин бўлган чиқиндига айланади.

Ўлик туғилган болалар

Озодлик билан гаплашган Хумгарон қишлоғи одамлари фикрича, конда кўп миқдорда ва тартибсиз қўлланаётган цианид атроф-муҳитни булғаб, мева-сабзавот ҳосилига зарар етказмоқда, турли хасталикларни келтириб чиқармоқда.

2022 йилда хумгаронликлар кончилик ширкати фаолияти туфайли соғлиқлари ёмонлашгани ҳақида шикоятнома битиб, Тожикистон президенти маъмуриятига жўнатишган эди.
“Қишлоқ аҳолиси тез-тез касалга чалинадиган бўлиб қолди, чақалоқлар ўлик туғилаётгани сабабли фарзандсиз ёш оилалар сони ортмоқда”, дейилади мактубда.

Одамлар “Зарафшон” конидан ва оҳак ишлаб чиқариш заводидан ҳавога заҳарли чиқиндилар чиқаётганидан, қишлоқда тоза ҳаво йўқлигидан нолийдилар. Уларнинг айтишларича, шамол заводлар тарафдан сассиқ ҳидни ҳайдаб келади. Панжикентнинг Шинги қишлоғи аҳолиси ҳам сўнгги йилларда нафас қисиши касалликларига чалинган беморлар сони ортганини маълум қилди.

Панжикент соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Озодлик билан суҳбатда Хумгарон қишлоғи аҳолисининг соғлиғидаги муаммоларга доир яхлит статистика йўқлигини баҳона қилиб, вазирликка мурожаат қилишни маслаҳат берди. Панжикент марказий шифохонаси ва санитария-эпидемиология идорасида ҳам шундай дейишди.

Тожикистон ССВ эса 2023 йил ноябрда расмий сўров йўлланганига ва вазирлик вакили билан тўғридан-тўғри музокара бўлганига қарамай, ҳеч қанақа маълумот тақдим этмади.
“Зарафшон” кони вакиллари Озодликка интервью беришга розилик беришмади, изоҳ сўраб йўлланган ёзма мурожаатларни эса жавобсиз қолдиришди.

Ҳукумат “Зарафшон” конига қаратилган танқидларни, аҳолининг арзу шикоятларини инкор этаркан, ўтган бир неча йил мобайнида Хитой ширкатига нисбатан бир нечта рамзий жарима қўллаган.
2019 йилда корхона оҳак ишлаб чиқариш заводи чиқиндиларини дарёга оқизгани учун жаримага тортилган.

Ўшанда тожик ҳукумати бу дарёда балиқлар қирилишига сабаб бўлганини айтган эди. Шунчалик жиддий айбловга қарамай, ширкатдан тахминан 1100 АҚШ долларига тенг жарима ундирилган, холос.

Аммо 2023 йил апрелда Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон “Зарафшон” кони операторлари атроф-муҳитга қарийб 14,6 млн долларлик зарар етказишгани учун 1,7 млн долларга тенг миқдорда жаримага тортилишини маълум қилди. Зарар тафсилотлари очиқланмади, лекин Панжикент экология бошқармаси бошлиғига кўра, жаримага корхона ҳудудидаги аффинаж заводларидан бири рухсатсиз қурилгани сабаб бўлган.

Чала бажарилган ваъдалар

Хумгаронликларнинг кўпйиллик шикоятларидан сўнг, 2021 йилда тоғ-кон ширкати аҳоли билан иш олиб бориш дастурини бошлади ва 4 километрлик янги йўл қуришга, қишлоқ мактабини таъмирлашга (90 минг долларга) ва водопровод ўтказишга ваъда берди.

Ширкат, шунингдек, қишлоқликларга ҳар ой 13 700 доллар – жон бошига тахминан 90 доллардан тўлашга рози бўлди, пуллар “Тожикистон ҳукумати 47 нафар фермер ва уларнинг оилаларига ер участкалари ажратгунга қадар” мунтазам тўланиши айтилди.
Бироқ, хумгаронликларга кўра, ширкат пул тўловларидан бошқа оламшумул ваъдаларини бажармаган.

Ҳукуматнинг конлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия муддатини узайтиришга доир талабларида ширкатлар маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, масалан, мактаблар, касалхоналар ва йўллар қуриб бериш талаби мавжуд.

2018 йили индустрия ва янги технологиялар вазири Шавкат Бобозода матбуот анжумани бераётиб, кутилмаганда Zijin ширкатини танқид қилган, хусусан, уни ўз мажбуриятларидан ҳеч бирини бажармаганликда айблаганди.

“Улар шу пайтгача 20 тонна олтин қазиб олишди, аммо эртага кетишса, у ерда нима қолади?!” дея хитоб қилганди вазир.
2023 йилда Озодлик мухбирлари қишлоққа боришганида қурилиш лойиҳаларидан ҳеч бири ҳатто бошланмаган ҳам, асосий йўл эса ҳануз хароб аҳволда эди. Аҳоли айтишича, конга қатновчи оғир юк машиналари йўлни тобора ишдан чиқармоқда.

“Бу одамларни ўлдириши мумкин”

Хумгарондан ва “Зарафшон” олтин конидан чамаси 350 километр масофада Хитойнинг яна бир йирик тоғ-кон лойиҳаси – “Покруд” кони жойлашган. Маҳаллий аҳоли уни дарёлар ва атрофдаги ерлар ифлосланишининг бош сабабчиси деб билади.

Бу ерда China Nonferrous Gold (CNG) ширкати олтин қазиб олишга 100 фоизлик концессия асосида ишлайди. Озодлик CNGнинг 2021 йилга доир ички ҳисоботлари билан танишиб чиқди: унда ширкат “Тожикистон ҳукумати билан мустаҳкам алоқаларга эга”лиги урғуланган.

Шунингдек, CNG ўз экологик стандартларини мақтаб, маҳаллий аҳоли билан яхши муносабатда эканини иддао қилган.
Тожикистоннинг Ромит дарасида жойлашган қишлоқлар аҳолиси айтишича, олтин қазишнинг ягона фойдаси шуки, ширкат ўз конларига олиб борувчи йўл қурган ва ундан тоғли ҳудудларда яшовчилар ҳам фойдаланишмоқда.

Айни чоғда улар Хитойга қарашли коннинг зарари тобора ортаётганини таъкидлайдилар.

Оқим юқорисида жойлашган бир неча қишлоқ одамлари Озодликка ширкат аффинаж заводларининг кир сувларини тўғри Ромит дарёсига оқизиши ҳақида сўзлаб беришди. Турғунларга кўра, бир неча киши хасталикка чалинганидан сўнг аҳоли дарёдан сув ичмай қўйган.

Озодлик мухбирлари 2023 йилда Ромит дарёси бўйлаб “Покруд” кони яқинигача бориб, аффинаж заводининг оқава сувлари махсус қувур орқали дарёга қуйилишига амин бўлишди.

Source International раҳбари ва кончилик бўйича эксперт бўлмиш Бянкини бунақа амалиёт жуда хавфли эканини айтади.

“Қайта ишлов жараёнида қўлланган сув заҳарланган бўлади. Бу сувни ичиб бўлмайди. У шунчаки дарёни ифлосламайди, балки одамларни ўлдириши мумкин”, дейди у.

Ушбу жиддий хавотирларга қарамай, хитой ширкати тожик ҳукумати назоратидан деярли четда қолаётир. Боз устига, унинг фаолияти энг юқори даражада сиёсий дастакланади.

2016 йилда кондан қазиб олинган олтиндан ёмби қуйиш бошланганида президент Раҳмон икки ёмби олтинни қўлида ушлаганча гердайиб телевизорда чиққан ва 256 млн доллар инвестиция киритган хитойларни оғзидан бол томиб мақтаган эди.

Тожикистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Озодликка билдиришича, мухбирлар CNG аффинаж заводининг оқава сувлари дарёга қуйилишини кўрганларидан сўнг 2023 йилнинг ёзида қўмита аҳволни ўрганиб, “қатор камчиликларни, жумладан қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ тартиб-таомилларга риоя қилинмагани ва атмосферага ҳаддан ортиқ чиқиндилар чиқарилганини аниқлаган”.

Бироқ қўмита оқава сувлар дарёга қуйилаётгани акс этган видеоёзувга изоҳ беришни истамади.

Сув танқислиги манзарасида катта ваъдалар

Тожикистон шимолида, Хўжанддан шимолга томон 60 чақирим масофада жойлашган ва қарийб 5 минг киши яшайдиган Зарнисор шаҳар типидаги посёлкасида Хитойнинг атрофдаги аҳоли масканларига зарар етказаётган яна бир йирик тоғ-кон лойиҳаси мавжуд.

2007 йилда Хитойнинг Tibet Everest Resources давлат ширкати шуъба корхонаси сифатида ташкил қилинган “Тожик-Хитой тоғ-кон ширкати” (TCMIC) бу ерда қўрғошин, рух ва мис қазиб олади. Мазкур минералларни қазиб чиқариш жараёни жуда кўп миқдорда сув талаб қиладики, аҳолига кўра, бу сув танқислигига сабаб бўлаётир.

Зарнисорлик пенсионер Идибой Фозилов хитойлар иш бошлаганидан бери ичимлик суви атиги бир соатга берилаётганини ва одамлар уни бочкаларда ғамлашга мажбур бўлишаётганини айтади.

Сув танқислиги етмагандек, ширкат маҳаллий инфратузилмага сармоя киритиш ваъдасини ҳам бажармаётган экан.
TCMIC болалар боғчасини ва маҳаллий йўлларни таъмирлаб бериш, посёлка кўчаларини ёритишни ўз зиммасига олган эди. Аммо ширкатнинг бош офисига элтувчи кўчадан бошқа барча йўллар хароблигича қолаётир, болалар боғчаси эса тўкилай-тўкилай деб турибди.

Озодлик Зарнисордаги йўллар, мактаб ва боғча биноларининг аянчли аҳволи ҳақида аввал ҳам хабар берган, шунингдек, Хитой ширкати марказий офиси ҳамда хитойлик ишчилар ётоқхонасига элтувчи йўл асфалт қилинганини ҳам эслатган.

Кончилик соҳасида фаолият юритувчи бошқа хитой ширкатлари каби, TCMIC ҳам Тожикистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.
2022 йил июлда унинг она ширкати – Tibet Everest Resources Тожикистонда 10 мингта ишчи ўрни яратиладиган индустриал парк қуришга ваъда берган эди. Лекин, икки йил ўтди ҳамки, лойиҳадан дом-дарак йўқ.

Tibet Everest Resources эълон қилган кўп рақамлар бир-бирига қовушмайди. TCMIC раҳбарлари ўз интервьюларида ва очиқ баёнотларида Тожикистонда 4 мингдан зиёд киши ишлашини айтган бўлсалар, бошқа ҳолларда штатда 3 мингга яқин ходим мавжуд, деб кўрсатишган.

Ширкат давлат бюджетига тўлайдиган солиқ ва йиғимлар миқдорларида ҳам шу каби чалкашликлар бор.

2022 йилда “Азия-Плюс” мустақил ахборот агентлиги TCMIC раҳбари Ли Яохуидан иқтибос келтириб, ширкат мамлакатда ўз фаолиятини бошлаган 2009 йилдан бери 33 млрд сомоний (қарийб 3,1 млрд доллар) солиқ ва йиғимлар тўлагани ҳақида ёзган эди.

Бироқ Лининг ўзи 2021 йилда берган изоҳларида ширкат асос солинганидан бери бюджетга атиги 4,2 млрд сомоний (тахминан 383 млн доллар) тўлаганини айтган.

TCMIC ширкати Озодликка берган изоҳида Зарнисордаги мактабни таъмирлаганини, шунингдек 50 минг аҳоли яшайдиган Гулистон шаҳрида мэрия биносини қургани ва касалхонани таъмирлаб берганини айтиб ўзини оқлади. Шунингдек, Бўстон билан Зарнигорни боғловчи 38 километрлик йўл реконструкциясини молиялаганини ва бу тахминан 100 миллион сомоний (9,1 млн доллар)га тушганини билдирди.

Гулистон шаҳри маъмурияти вакили эса TCMIC томонидан шаҳар ва унинг теварагидаги аҳоли масканларини ичимлик суви билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.
Мулозимга кўра, Гулистоннинг баъзи ҳудудларида сув куннинг маълум вақтларидагина бериляпти, аммо хитой ширкати ишчилари турадиган Рафоқат кўчасидаги тўрт қаватли уйларда сув умуман узилмайди.

Озодлик мухбири ушбу маълумотни тасдиқлаш учун ширкат бош офисига ва хитойлик ишчилар ётоқхоналарига борганида тожик кучишлатар ходимлари уни киритишмади. Дарвоқе, ушбу биноларга элтувчи йўллар жуда равон эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, шикоятлар кўпайганидан сўнг Рафоқат кўчасидаги қолган уйларга бир кунда 12 соат ичимлик суви бериладиган бўлибди.

Бебилиска ишлатилаётган ўғит ва пестицидлар

Хитой ширкатларининг сердаромад кончилик соҳасига кириб келиши оқибатлари атроф-муҳит ифлосланиши ва одамлар соғлиғидаги муаммоларда акс этмоқда. Душанбенинг шундоққина биқинидаги Ёвон туманида пахта етиштираётган хитойлик фермерлар ҳам кончи юртдошларидан қолишмаяпти.

Ёвон тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Мирзоали Азизов 2023 йил июнда Озодлик сўровига жавобан, хитой фермерлари туманда 960 гектар суғориладиган ерни ижарага олишганини маълум қилган эди. 2000-йилларда давлат ерлари қишлоқ хўжалиги экинлари учун ажратила бошлаганида аксар тожик фермерларида уруғ, техника ва ўғитлар сотиб олиш учун маблағ йўқ эди, шу боис кўпчилик иш излаб Россияга кетади.
Одамлар айтишича, хитойлар вазиятдан фойдаланиб қолиб, 2014 йилдан ерларни ижарага ола бошлаганлар.

Ёвон тумани қишлоқ хўжалиги мулозимларига кўра, хитой фермерларининг молиявий имкониятлари кўпроқ, шу боис улар тожикфермерларидан фарқли ўлароқ, қиммат ва сифатли ўғитлар ҳамда техникалардан фойдаланадилар.

Натижа ҳам шунга яраша: маҳаллий фермерлар пахтадан гектаридан ўртача 4 тонна ҳосил кўтарсалар, хитойлар салкам 7,5 тонна ҳосил олишмоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли хитойлар айрим ўғитларни бебилиска ишлатаётганидан ва қайси кимёвий ўғитлар қачон қанча миқдорда қўлланишига доир қоидалар йўқлигидан ташвишга тушган.

Хитойнинг “Тожикистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги тараққиёти” ширкати Ёвон туманида қарийб 1000 гектар, “Хунтай-Хатлон-Син Силу” ширкати эса Хатлон вилоятининг Дўстий туманида 3 365 гектар ерга эгалик қилади.

Тожикистон Демократик партияси раиси, хитой фермерларга ерларни ижарага бериш масаласи парламентда кўрилган 2019 йилда депутат бўлган Саиджаъфар Усмонзода Озодлик билан суҳбатда ўшанда хитойлик фермерлар қанақа ўғитлардан фойдаланиши ҳақида савол берганини, лекин ҳукумат битимни тасдиқлаб бўлганига қарамай, унинг саволи жавобсиз қолганини айтади.

“Узоқ йиллар зўриқтириб, кучи сўриб олингач ерларимиз биёбонга айланиб қолмайдими?” – ўшанда берган саволини хотирлайди у.

Усмонзода ва маҳаллий фермерларнинг хавотирларига қарамай, Озодлик суҳбатлашган экспертларга кўра, ҳукумат хитой фермерлар қўллаётган ўғитлар ва кимёвий моддалар турлари, уларнинг ерга зарарли таъсири бўйича бирон бир мустақил тадқиқот ўтказмаган. Ёвон туманининг қишлоқ хўжалигига масъул мулозимлари эса Озодликнинг шу хусусдаги саволига туманда бунақа тадқиқотлар учун зарур лаборатория йўқ, дея жавоб беришди.

Душанбедаги Тожикистон аграр университетининг агрокимё ва тупроқшунослик кафедраси доценти Рўзимурод Боймуродов ўғит ва пестицидлардан ҳаддан ортиқ фойдаланиш жиддий хавотир келтириб чиқаради, чунки экин ўғитнинг бир қисмини сўриб олмайди ва у тупроқда қолиб кетиб, унинг сифатини бузади.

“Бу қолдиқ моддалар келгусида тупроқ таркиби, сифати ва унумдорлигига, шунингдек экинлар ўсишига салбий таъсир қилмай қолмайди”, дейди у Озодликка изоҳ бераркан.

“Фарзандларимизга хавфсиз келажак истаймиз”

Боймуродов ўз тадқиқотларига кўра, тожик фермерлари одатда ҳар гектарга 450-600 кг азотли ва 200-260 кг фосфорли ўғитлар ишлатишини айтади.

Тожикистонда пахта етиштираётган хитой фермерлар эса, Ёвон тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси ходими Усмон Ятимов берган маълумотга кўра, ҳар гектар ерга 1 500-1 600 кг.дан азотли ва фосфорли ўғитлар солишади.

Ўғит ва пестицидларни ҳаддан зиёд қўллаш Хитойнинг ўзида ҳам анчадан бери жиддий муаммога айланган: бу йўл билан мўл ҳосил олиш мумкин, лекин бора-бора тупроқ сифати пасаяди. Сўнгги йилларда Хитойда фермерлар ўғитдан фойдаланишни камайтиришди, бироқ уларда бу кўрсаткич дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан ҳамон баланд.

Тожикистон аҳолиси хитой ширкатлари фаолияти натижасида ер, ҳаво ва дарёлар ифлосланаётганидан, конлар теварагидаги аҳоли масканларига инвестиция етиб бормаётганидан шунча шикоят қилса-да, ҳукумат ушбу ширкатларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Хитойлар ишлаётган ҳудудларнинг аксар аҳолиси бу ширкатларга қарши эмаслигини урғулайди: “Биз улар экология ҳақида ўйлашини ва атрофдаги аҳоли масканларини ободонлаштириш учун етарлича маблағ ажратишини истаймиз, холос. Фаолиятини бошлаган пайтларида берган ваъдаларини бажаришсин”, дейишмоқда тожикистонликлар.

Бироқ, афсуски, иқтисодиёти фалаж ва аҳоли турмуш даражаси паст бўлган Тожикистон Хитойга иқтисодий қарам экан, хитой ширкатлари ўзлари хоҳлагандек ишлашда давом этади.

Хитойлар олтин қазиб олаётган Хумгарон қишлоғи турғунларидан бири кўпчиликнинг кўнглидаги бир гапни айтди: “Бизга хитойларнинг пули керак эмас – биз ўз фарзандларимизга хавфсиз келажак истаймиз, холос”.

Форум

XS
SM
MD
LG