Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Тақчиллик иқтисодиёти. Путиннинг Украинадаги уруши Россияга қанчага тушяпти?


Президент Владимир Путин "Уралвагонзавод"да. 15 февраль, 2024.
Президент Владимир Путин "Уралвагонзавод"да. 15 февраль, 2024.

Россия иқтисодиёти Украинага босқиннинг биринчи йилида шок ва қулашни бошидан кечирган бўлса, иккинчи йилда ўзини тиклаб, ҳатто урушдан олдинги 2021 йилга қиёсан бирмунча “семирди” ҳам. Бироқ бунга рубл девалвацияси, қолаверса саратон мисол ўсиб, иқтисодиётнинг фуқаровий тармоқларини тобора домига тортаётган ҳарбий-саноат комплексини бюджет пулларига “кўмиб ташлаш” ҳисобига эришилди.

Расмий талқин

"Росстат" маълумотига кўра, 2023 йилда Россия иқтисодиёти 3,6 фоизга ўсиб, нафақат 2022 йилги (ўшанда ЯИМ 1,2 фоизга камайган эди) йўқотишларни тўлдирган, балки дунё бўйича ўртача ўсиш суръатидан ҳам ортиқ натижа қайд этган. Владимир Путин 12 феврал куни иқтисодий масалаларга бағишланган йиғилишда бу ҳақда мақтаниб гапирган эди.

Расмий талқинга ишонилса, ушбу кутилмаган муваффақиятнинг икки омили бор: иқтисодий блок (аввало – Молия вазирлиги ва Марказий банк) мулозимларининг оқилона хатти-ҳаракатлари ва... халқаро санкциялар. Мулозимлар рағбат ва чекловлардан заргарона фойдаланган, санкциялар эса импортни қисқартириб, Россия ишлаб чиқарувчиларининг бўш қолган бозорни эгаллашига имкон берган эмиш.

Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина муомалага киритган “Россия иқтисодиётининг тузилмавий эврилиши” деган ибора бор: у импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, импортга қарамликни камайтиришни ва хомашё моделидан секин-аста чекинишни назарда тутади. Рақамларга қараганда ишлов бериш саноати жадаллаб, иқтисодиётни ҳатто “ортиқча қиздириб юборгандек” ва бир қарашда расмийларнинг керилишлари бежиз эмасдек.

Украинадаги уруш: Ғалабалар, мағлубиятлар ва бетарафлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:46 0:00

"Росстат" нималарни ҳисобга олади?

Саноат ишлаб чиқаришидаги умумий ўсиш 3,5 фоиз бўлса, қайта ишловнинг ўзи нақд 7,5 фоизга катталашгани айтилмоқда. Айрим йўналишлар эса ҳатто икки хонали рақамда ўсиш қайд этганки, Путин ҳукумат машваратида бунга тўхталмай ўтолмади: Компьютерлар, авиация техникаси, кемалар, мебел, электр жиҳозлари ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришда икки хонали ўсиш суръати кузатилди. Маълумот учун: компьютерлар ва ташқи жиҳозлар – плюс 32,8 фоиз, транспорт воситалари, аввало авиация техникаси, кемасозлик – плюс 25,5 фоиз, мебел – плюс 20,7 фоиз”.

Бироқ воқелик у айтганчалик ажойиб эмас. Босиброқ қаралса, умуман иқтисодиётда ва хусусан саноатда ўсиш қурол-яроғ, ўқ-дори, анжомлар ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий буюртма сифатида сотиб оладиган бошқа нарсаларни ишлаб чиқариш бир неча баравар оширилгани ҳисобига таъминлангани аён бўлади.

Масалан, Россия расмий статистикаси “компьютерлар” деганда айнан нималарни тушунишига эътибор қилсангиз, ажабланмай қолмайсиз. Росстат “Компьютерлар, электрон ва оптик буюмлар” тоифасига, чунончи, “лампалар ва электрон-вакуумли ёки газ тўлдирилган трубкалар, жумладан электрон-нурли трубкалар”ни қўшади. Бу ХХ аср ўрталарига мансуб технология бўлиб, лампали радиоприёмниклар ва кинескопли телевизорлар, шунингдек лампали “электрон ҳисоблаш машиналари” ишлаб чиқаришда қўлланган. Улар совет даврининг “энг илғор” қуролларига ҳам ўрнатиларди. Шунақа лампалар ва электрон-нурли трубкалар ишлаб чиқариш салкам 45 фоизга ошибди.

“Компьютер” тоифасига оид яна бир товарлар гуруҳи “Радиолокация, радионавигация аппаратлари ва масофадан бошқариш аппаратлари” деб аталади. Уларни ишлаб чиқариш тахминан 30 фоизга ошган. Мазкур тоифада энг кўп ўсиш “дурбинлар, монокуляр ва бошқа оптик телескоплар” ҳиссасига тўғри келади. Россия саноати шунақа “компьютерлар”дан 2023 йилга қиёсан 71,6 фоизга кўп ишлаб чиқарибди.

У ёки бу буюм мисолида ишлаб чиқариш ҳажми қанчалик ортганини баҳолаш имкони йўқ, айниқса, ҳарбий корхоналар маҳсулотлари ҳақида гап кетганда. Чунки кўп ҳолларда маълумотлар ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдорини эмас, миллион ва миллиард рублларни акс эттиради ва ҳар бир бандда “Ўсиш (пасайиш) суръати тегишли даврдаги фактик нархларга кўра ҳисобланган”, дея изоҳ берилган. Бошқача айтганда, расмий статистикадан иқтисодий самарадорлик эмас, балки ҳарбий харажатлар ошгани англашилади.

Ўсиш манбалари

Расмий статистикага шу кўз билан қаралса, ҳаммаси жой-жойига тушади. Молия вазирлигининг ниҳоятда некбин ҳисоботдаги ҳиссасини билиб олиш учун Давлат Думаси 2021 йилда қабул қилган 2022-2024 йиллар бюджетини урушнинг икки йилидаги реал харажатлар билан таққосласангиз кифоя. 2021 йилги бюджет тўғрисидаги қонунда ҳукумат харажатлари 2022 йилда – 23,7 трн рублни, 2023 йилда эса 25,2 трлн рублни ташкил этиши назарда тутилганди. Амалда эса 2022 йилда – 31,1 трлн, 2023 йилда эса 32,4 трлн рубл сарфланди. Урушдан олдин 2024 йилда 26,3 трлн харжлаш кўзда тутилган бўлса, бюджет тўғрисидаги қонуннинг ҳозирги версиясида 36,7 трлн рубл кўрсатилган.

Қўшимча триллионларнинг каттагина қисми ҳарбий саноатга ва урушга ишлаётган фуқаровий корхоналарга бериляпти. Қўшимча бюджет харажатларининг иккинчи муҳим йўналиши – урушаётган армияни пул билан таъминлаш, ярадорларга ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ижтимоий нафақалар тўлаш. Бу ҳам бир дунё пул бўлади. Бюджет коллапси рўй беришидан Россияни бир неча омил қутқариб қолди.

Энг аввало, уруш бошланганидан сўнг нефт-газ даромадларининг бир қисмини Миллий фаровонлик фондига ўтказиш тўхтатилди. Фондга янги маблағлар келиши у ёқда турсин, қайтага, ундан пул ола бошладилар. Иккинчидан, “Газпром” шарофати билан 2021 йил охирида Европада бошланган энергетика инқирози Россиянинг Украинага босқинидан сўнг бадтар авж олди.

Нефт ва газ нархининг осмонга сапчиши 2022 йил бюджетидаги “туйнук”ни қисман ёпди. 2023 йилда эса рубл девалвацияси ҳисобига бюджетни “чидаса бўладиган” дефицит билан ижро қилишди. Халқаро санкцияларнинг нефт-газ даромадларига зарбаси қисман Россия валютаси кучсизланиши ҳисобига компенсация қилинди. Булар бари жамики статистик кўрсаткичларга таъсир қилди, кўрсаткичлар эса, маълумингизким, рублда ҳисобланади.

“Ҳар иккинчи реклама уруш ҳақида”. Россияда муҳожирлар Украинадаги урушга яна ҳам фаол жалб қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:23 0:00

Саратон ўсмаси

Ҳарбий саноат комплексини бюджетдан мўл-кўл озиқлантириш Россия иқтисодиётидаги кейинги воқеаларни белгилаб берди. Ҳарбий буюртмалар насиб қилган заводлар ва корхоналарнинг бели бақувватлашиб, нафақат меҳнат бозоридаги бўш ишчи кучини, балки фуқаровий соҳаларда ишлаб турганларни ҳам ўзига торта бошлади. Мазкур ҳодиса кўламини Путиннинг ўзи тасвирлаб берди: февраль бошида у сайловчилар билан учрашиш учун Тулага борганида мудофаа саноати бир ярим йилда 520 мингта янги иш ўрни яратганини айтди.

Федерал бюджетдан ажратилган қўшимча маблағнинг каттагина қисми тез орада истеъмол бозорига кирди. Танк ёки авиация заводи ишчиси ойлик олганидан сўнг уни сарфлашга киришади. Бироқ унинг меҳнати маҳсули истеъмол бозорига тушмайди. Экспортга ҳам кетмайди, кетганида – ўрнига валюта келиб, унга истеъмол молларини сотиб олиш мумкин бўларди.

Бундан ҳам ёмони шуки, мудофаа корхоналари давлат пулини қанчалик муваффақиятли “ўзлаштирса”, иқтисодиётга шунча муаммо туғдиради. Ахир, ҳарбий заводлар маҳсулотлари вайрон қилган нарсаларни эртами кечми тиклаш керак бўлади-да. Украинанинг босиб олинган ҳудудларини тиклашга Россия федерал бюджети ва регионал бюджетлардан аллақачон юзлаб миллиард рубл сарфланмоқда.

Боз устига Ғарб музлатилган Россия захираларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш йўлидаги сўнгги юридик тўсиқларни бартараф этиш арафасида. Россия регионлари ўз хўжаликлари зарарига “янги регионлар”га ёрдам бермоқда. Натижада бу йил қишда мамлакат бўйлаб кетма-кет авариялар юз бериб, -30 даража аёзда одамлар иссиқликсиз қолиб кетишди.

Мудофаа саноатининг иқтисодиётга таъсирига қайтадиган бўлсак, Россия шундай вазиятдаки, истеъмол моллари ишлаб чиқаришни оширадиган ҳеч ким қолмаган: ишчи-ходимларни ҳарбий корхоналар “сотиб олиб бўлди”. Ошиб бораётган харид қобилиятини тезда қондиришнинг ягона чораси – истеъмол маҳсулотларини кўпроқ импорт қилиш. Бироқ бунақа импортга валютада ҳақ тўлаш керак. Ишчи кучи танқислигига валюта танқислиги қўшилиб, рубл заифлашишига олиб келди.

2023 йилнинг апрелидаёқ доллар курси 80 рублдан ошган эди, май ойида бир муддат тартибга солинганидан сўнг Россия валютаси янада тез қадрсизлана бошлади. Июлда Россия банки ставкаларни кўтариб, қайтага бадтар қилди. Импортга талаб яратган (яратаётган) ва инфляцияни кучайтираётган қўшимча пуллар, яъни ҳарбий-саноат сектори ходимларининг ойликлари, шунингдек ҳарбий ва ижтимоий тўловларнинг ставкаларга боғлиқлиги минимал. Чунки мудофаа буюртмаларини бажарадиганлар тўловни олдиндан олиш шарти билан ишлайди.

Фуқаровий саноат корхоналарини ривожлантириш шарт-шароити эса кескин ёмонлашди. Ярим йилдан камроқ вақт ичида Россия банкининг асосий ставкаси йилига 7,5 фоиздан 16 фоизга чиқди. Шунга яраша кредитлар ҳам қимматлашди, жумладан истеъмол ва корпоратив кредитлари ҳам. Бунақа вазиятда ишлаб чиқарувчилар ойликларни ошириш ва модернизация учун банкдан қарз олишга журъат қила олмайдилар. Бинобарин, мудофаа саноати фуқаровий ишлаб чиқариш зарарига ўз экспансиясини муваффақият билан давом эттиради.

Экспортга зарба

Ҳукумат доллар курсини “хунук кўриниб турган” 100 рубллик нуқтадан пастга тушириш қасдида экспортчилар учун оғриқли бўлган чора-тадбирларга қўл урди. 1 октябрдан эътиборан экспорт божлари миқдори доллар курсига боғлаб қўйилди, октябрнинг ўрталарида эса Путин ҳануз махфий қолаётган 43 импортчи ширкатдан иборат рўйхатга кирмайдиган барчага валюта тушумини сотиш мажбуриятини юкловчи қонунга имзо чекди. Буларнинг бари қисқа муддатли эффект бериб, доллар курсини уч хоналик рақамдан пастга туширишга имкон берди.

Бироқ инфляция босими пасаймади, боз устига экспорт камая бошлади. 2024 йил 19 январда Россия банки 2023 йилнинг декабридаги тўлов балансига доир дастлабки маълумотларни эълон қилди. Ноябр ойидаёқ экспорт ҳажми октябрга қиёсан 3 фоизга камайибди. Декабрда у ўсган, лекин бу мавсумийлик билан изоҳланади. 2023 йилнинг ноябрь ва декабри 2022 йилнинг шу ойлари билан солиштирилса, экспорт қисқариши мос равишда чорак ва учдан бир ҳиссага камайганлиги аён бўлади.

Тақчиллик иқтисодиёти

Ўган йилнинг ўрталаридан дам у, дам бу ерда танқислик вужудга келиб, нарх-наво кескин кўтарилиши кузатилмоқда. Бензин ва дизел йўқолиб қолганида ҳукумат аҳволни бир ой деганда эпақага келтирган эди. Сўнгра бирдан товуқ гўшти баҳоси осмонга чиқиб кетди. Ундан кейин тухумга навбат келди. Мулозимлар иқтисодиётдаги тешикларни жон-жаҳди билан ёпиб, дарҳол тепага ахборот бераётган бўлса-да, янги муаммоларнинг пайдо бўлиш частотаси жуда хавотирли. Қолаверса, ҳукуматнинг шошилинч қарорлари кўпинча ишлаб чиқарувчилар зарарига бўляпти.

Бу ҳарбий саноат комплекси ресурслар, биринчи галда меҳнат ресурслари учун рақобатда қўшимча устунликка эга бўляпти, деганидир. Ҳарбий ишлаб чиқаришнинг Россия иқтисодиётидаги улуши борган сари ортмоқда. Буни трансформация деб аташ ҳам мумкин, лекин юз бераётган воқеаларга “деформация” сўзи кўпроқ мос тушади. Мазкур жараённинг мантиқий давоми истеъмол бозорининг алоҳида сегментларини ҳукуматга яқин ширкатлар монополиясига айлантириш бўлади. Қолган эҳтиёжлар Хитойдан импорт қилиш орқали қондирилади, лекин шунда ҳам Россия хомашёси нархлари импорт учун ҳақ тўлашга етадиган даражада юқори бўлиши шарти билан.

Урушаётган армия ва шиширилган ҳарбий саноат сектори меҳнат бозоридаги ишчи қўлларини ютишда давом этаётир. Владимир Путин феврал ойи бошларида ўтказилган “Биринчилар ҳаракати” съездида ушбу “уруш чангютари”нинг кўлами ҳақида фахрланиб гапирди.

Бутун 2023 йил мобайнида Россия иқтисодиёти сифат ўзгаришларини бошидан кечирди. Ушбу ўзгаришларни бир тарафдан – уруш ва урушаётган армия эҳтиёжлари, бошқа томондан эса халқаро санкциялар шарт-шароитига мослашишга уринишлар белгилаб берди. Шаклланиши охирига етмаган мазкур моделни “тақчиллик иқтисодиёти” деб аташ мумкин. У рақобатни хушламайди ва тинчликдан кўра урушни афзал кўради.

Форум

XS
SM
MD
LG