Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:44

"Яна дори бермоқчи". Ўзбекистонда болалар гижжага қарши оммавий дориланади   


ССВ "Вермокс" таблеткалари Ўзбекистонга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси билан олиб келинганини айтмоқда.
ССВ "Вермокс" таблеткалари Ўзбекистонга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси билан олиб келинганини айтмоқда.

Ўзбекистон Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакилининг Озодликка айтишича, тадбир доирасида 2−10 ёшдаги жами 6,5 млн болани гельминтоз паразит чувалчанглар (гижжалар) га қарши дорилаш кўзда тутилган.

Чустда болаларнинг оммавий заҳарланиш ҳодисаси ортидан амалга оширилаётган дегельминтизация жараёни ота-оналар тарафидан хавотир билан қаршиланмоқда.

Баъзи ота-оналар ўзларининг рухсатисиз болаларга дори бермасликни талаб қилмоқда.

YouTubeдаги энг машҳур тиббиёт каналларидан бирининг муаллифи, шифокор Нодирбек Исчанов ўзининг Телеграм-каналида қуртга қарши дорилардан огоҳ бўлишга чақирди:

“Яна дори бермоқчи, қуртга қарши дориларни. Ота-оналар диққат бўлинг! Қандай дори, нимага қарши дори, қаерда ишлаб чиқарилган, таркиби нима, қандай ножўя таъсири бор, қанча доза бермоқчи, қайси қуртларга қарши, шуларни билиб кейин хулоса қилинг!”

"Хавотирлар асоссиз"

Ўзбекистон Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Мафтуна Саидова Озодлик билан суҳбатда хавотирлар “асоссиз” эканини айтди.

“Белгияда ишлаб чиқарилан “Вермокс” дориси, таблеткали дорилар. Ҳар йили республикамизда шу дори қўлланилади. Шу пайтгача дорини ножўя таъсирини кузатмадик. Бу дорини қабул қилиш мажбурий эмас, ихтиёрий. Бола организмидаги зараркунандаларга қарши муҳим воситадир. Паразит инсон организмида 5 мингдан 150 минггача тухум қўяди. Уларнинг хавфлилиги шундаки, зараркунандалар тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалиб, ички аъзолар ва тизимларни шикастлайди”, - деди Ўзбекистон Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Мафтуна Саидова.

Ўтган ой Ўзбекистонда "Ёрқин миллат" дастури бўйича вояга етмаган болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш ишлари бошланган эди.

3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига профилактик дозада йод таблеткалари берилган.

Наманган вилояти Чуст туманида ўнлаб бола шу йодли таблеткалардан заҳарлангани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Мафтуна Саидованинг Озодликка айтишича, “Вермокс” дорилари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси асосида Ўзбекистонга олиб келинган.

“Ҳозир Чустдаги ҳолатдан кейин ота-оналарнинг хавотирини тушунамиз. Лекин, дегельминтизация қилиш учун ишлатилаётган “Вермокс” дориси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси билан Americare ташкилоти томонидан олиб келинган. Яна бир бор айтаман, мажбурий эмас, ихтиёрий”, дейди Ўзбекистон Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Мафтуна Саидова.

“Вермокс” таблеткалари таркиби қандай?

Medu.uz портали маълумотига кўра, “Вермокс” таблеткалари, патентланмаган номи мебендазол. Ҳар бир таблетка 100 мг дан иборат ва таркибида мебендазол, лактоза моногидрати бор.

Бу таблеткалардан катта думалоқ чувалчанглар, қил бошли гижжалар, тасмасимон чувалчанглар чақирадиган моно- ёки аралаш инфекцияларни даволаш учун қўлланилади.

Катталар: 3 кун давомида 400 мг (2 таблетка эрталаб ва 2 таблетка кечқурун), болалар:3 кун давомида 200 мг (1 таблетка эрталаб ва 1 таблетка кечқурун) қўлланади.

“Вермокс”ни 2 ёшдан кичик болаларни даволаш учун қўллаш тавсия этилмайди.

“Вермокс” кенг таъсир доирасига эга бўлган синтетик антигельминт препаратдир. Дори воситаси гельминт хужайраларида тубулинни ҳосил бўлишига таъсир қилади, бу гельминтда глюкозани қамраб олиниши ва нормал овқат ҳазм қилиш фаолиятини шундай даражада бузилишига олиб келадики, хатто аутолитик жараёнлар бошланади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидаги клиникалардан бирининг номи очиқланишини истамаган шифокори Озодлик билан суҳбатда гижжага қарши дори воситаларининг самарали эканини савол остига олди.

“Ҳар бир таблеткада аллергияни қўзғатувчи модда бўлади. Жигарга таъсири бўлади. Агарда болада бирон нарсага аллергия бўлса, яхшиси бундай таблеткадан тийилган маъқул. Ўзи қуртларга қарши дори ичган билан бир неча ҳафта ўтиб яна пайдо бўлаверади. Ундан кўра, гигиенага риоя қилиниши керак. Бутун дунёда болаларга ҳар-хил дорилар берилавермайди. Ўйлаб кўриш керак, зарурми шу, кейин қарор қабул қилиш керак. Ундан кўра, болаларга бериладиган овқат сифатини яхшилаш, сув сифатини яхшилаш керак”, - дейди шифокор.

Ўтган ой охирида президент Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчиларига йод препаратларини бепул тарқатиш бўйича топшириқ берган.

“Антиструмин” жанжали

20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланди.

21 сентябрдан эса йоддан заҳарланиш белгилари билан болалар касалхоналарга туша бошлади.

22 сентябрда тарқатилган барча йодлар йиғиштириб олинди.

Ўзбекистон расмийлари болаларга берилган “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган SAMO МЧЖ да текширувлар бошланганини маълум қилишган. Аммо оммавий заҳарланиш ҳодисасидан икки ҳафта ўтиб, ҳануз заҳарланиш сабаби ҳақида расмий хулоса эълон қилингани йўқ.

OzodNazar: Заҳарланишга дорининг алоқаси йўқ деган вазирлик Антиструминни тақиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:47 0:00

Ҳодиса борасида жамоатчилик кўтарган кўплаб саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Жумладан, давлат дастури доирасида кўп миллиард сўмлик шартнома қандай асосда айнан SAMO МЧЖ га берилгани изоҳланмаяпти.

SAMO МЧЖ вакиллари ҳам заҳарланиш ҳодисаси юзасидан бирон шарҳ бергани йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда қўлланиши вақтинча тўхтатилган дори текшириш учун лабораторияга юборилганини айтган, аммо дори нима учун ҳозиргача лаборатория текширувидан ўтказилмагани ҳақида лом-мим дейилмаяпти.

Форум

XS
SM
MD
LG