Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Мигрантларни айблашдан “cамосуд”ни ёқлашга қадар. Баҳсли чиқишлари cабаб лавозимидан бўшатилган имомлар


Исоқжон Бегматовнинг “ижтимоий тармоқлардаги бир қатор баҳс-мунозарали, ҳиссиётли кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида низо ва қарама-қаршиликлар”ни юзага келтирган.
Исоқжон Бегматовнинг “ижтимоий тармоқлардаги бир қатор баҳс-мунозарали, ҳиссиётли кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида низо ва қарама-қаршиликлар”ни юзага келтирган.

25 август куни Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов вазифасидан озод этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, И.Бегматов “ижтимоий тармоқлардаги бир қатор баҳс-мунозарали, ҳиссиётли кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида низо ва қарама-қаршиликлар”ни юзага келтирган.

Халқ орасида “Исҳоқжон домла” дея танилган имом сўнгги чиқишида “Кешбэк”ни ўйлаб топганлар халққа, савдогарларга зулм қиляпти”, деб айтган эди. Унинг солиқларга доир фикри ҳам мунозараларга сабаб бўлган.

“Йиғилишда Исоқжон Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди”, дейилади расмий билдиргида.

Маълумот ўрнида, муқаддам Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидига имом-хатиблик қилган Исҳоқжон домла 2017 йилда Наврўз байрами ва унинг теграсидаги урф-одатларни кескин танқид қилгани сабаб ишдан бўшатилган эди.

Сўнгги вақтларда имом-хатибларнинг ўз мақом-рутбасига тўғри келмайдиган чиқишлари сабаб лавозимидан бўшатилиши кўп кузатилмоқда.

2023 йил май ойида Мусулмонлар идораси халқ орасида Шукрулло домла номи билан танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми

Шукрулло Эгамбердиевни вазифасидан озод қилди. Унинг хориждаги меҳнат муҳожирларига нисбатан беписанд фикрлари кучли эътироз уйғотган эди.

2023 йил январь ойида Тошкент вилоятидаги “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовнинг ёш қизчага таҳдид ва ҳақорат ёғдиргани аудиоси ижтимоий тармоқни жунбишга келтирди. А.Баҳромов 16 ёшда экани айтилган қизга “бошини аквариумга тиқиш”, “cўйиб ташлаш”, “юрагини суғуриб олиш” билан таҳдид қилади. Ўрганишлардан кейин у имомликдан бўшатилди ва 3 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2022 йил сентябрь ойида пойтахтдаги “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби Мирсобит Воҳидов уламолар шаънини тўкаётганларнинг бармоғини синдиришга ундаган.

“Самосуд”га чорлов ислом таълимоти ва мамлакат қонунларига зид эканини урғулаган Мусулмонлар идораси М.Воҳидов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган.

2022 йил февраль ойида ўша кезлар Ўзбекистон адлия вазири бўлиб ишлаган Русланбек Давлетов ва Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўртасида диний сиёсат талқини борасида зиддият юзага келди.

Р.Давлетов имомларнинг “ўз қарашларидан келиб чиқиб жамиятдаги ўлчовларни белгилаши”га қарши огоҳлантириш билдирган. Раҳматуллоҳ Сайфутдинов бунга жавобан “амри маъруф”ни тақиқлаш Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зид деган фикрни илгари сурган.

Пировардида Диний қўмита айрим “диний соҳа вакиллари”нинг мунозарали шахсий фикрини жамоатчиликка сингдириш ҳаракати “дунёвий, ҳуқуқий демократик” Ўзбекистон қонунчилигига зид экани ҳақида баёнот берган.

Р.Сайфутдинов аввал ҳам турли мавзулардаги зиддиятли маърузалари билан муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

2022 йил январь ойида Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом ноиби Солихон Ортиқхўжаев ишдан олинди. Солихон домланинг интернетдаги кескин чиқишлари, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларни камситгани жиддий эътироз уйғотган эди.

2018 йилда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов вазифасидан озод этилган. Мусулмон идораси бунга вилоятда 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

Сиёсий сабабларга кўра имомликдан бўшатилганлар ҳам бор.
2018 йил сентябрь ойида Тошкентдаги “Омина” жоме масжиди имом-хатиби Фазлиддин Парпиев президент Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқиб, ҳуқуқ-тартибот органларини фуқаролар диний эркинликларини поймол этаётганликда айблаган ва бир кун ўтиб ишсиз қолган эди.


2018 йил март ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти истеъфосини талаб қилган Тошкентдаги “Дўмбиробод” масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) лавозимига нолойиқ деб топилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, биргина 2022 йилда иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилган, 56 нафар имом-хатиб ва ноибга “ҳайфсан” берилган.

Форум

XS
SM
MD
LG