Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Нукус воқеаларини ўрганаётган қозоқ фаоли Тошкент учоғига қўйилмади


 Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Ғалим Агелеуов
Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Ғалим Агелеуов

Қорақалпоғистонда ўтган йил ёзида содир бўлган қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказаётган қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Ғалим Агелеуов 22 май куни Бишкек-Тошкент йўналиши бўйлаб парвоз қилиши керак бўлган учоққа чиқарилмади. Бу маълумотни Агелеуовнинг ўзи Озодликнинг қирғиз хизматига тасдиқлаган.

Ҳуқуқ фаоли шу пайтгача Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида икки марта бўлгани, бу сафар Бишкекда ишлари билан юрган Агелеуов Uzbekistan Airways авиаширкатининг душанба кунги рейсига қўйилмаганини маълум қилган.

Биз воқеа содир бўлган, одамлар ўққа тутилган барча жойларга бориб, ҳужжатлаштирганмиз. Ҳалок бўлганларнинг яқинларидан ҳамда қийноқлар бўйича интервью олганмиз, уникал маълумотлар тўплаганмиз. Икки марта бир ҳафтадан бориб, ишлаб келганмиз”, деган қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли.

Ғалим Агелеуов бу гал Қорақалпоғистон воқеалари бўйича Тошкентда бўлиб ўтаётган маҳкамага йўл олгани, бироқ Бишкекдаги “Манас” аэропортида унга ҳуқуқ фаолини Ўзбекистонга киритмасликка оид Тошкент аэропорти қарори борлиги тўғрисида қоғоз кўрсатилганини айтган.

Агелеуов Нукус воқеалари бўйича Freedom for Eurasia ташкилотининг мустақил суриштирув лойиҳасида иштирок этмоқда.

Uzbekistan Airways авиаширкати расмийлари ва Ўзбекистон расмийлари бу хабарга ҳали муносабат билдирганларича йўқ.

Жорий йилнинг 5 май куни Тошкентда Нукус воқеаларида айбланган 16 нафар судланувчининг апелляция маҳкамаси бошланган.

Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган.

Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.

Аввалроқ Даулетмурат Тажимуратов Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги биносида бўлиб ўтган тергов жараёнида қийноққа солинганини айтган. 6 май куни Зангиота туманидаги 1-сон тергов ҳибсхонасида Тажимуратов билан учрашган омбудсман вакиллари унинг қийноқларга оид иддаоси бўйича Бош прокуратурага назорат хати киритган.

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳам 16 май кунги йиғилиш якунига кўра қийноқ иддаолари юзасидан ички экспертиза ўтказиш учун Бош прокуратурага хат юборган.

Нукус воқеалари бўйича суд ҳукми: Тажимуратов 16 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00

Нукус воқеалари бўйича жиноят иши юзасидан яна 39 нафар судланувчига нисбатан иккинчи суд ҳукми шу йилнинг 17 март куни эълон қилинган. Ўшанда суд судланувчилардан 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бергани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани очиқланган.

2022 йилнинг 1-2 июлида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда бошланиб кетган норозиликлар чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо Нукус воқеалари бўйича шу кунгача ўтказилган судларда айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG