Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:43

АҚШ: “Путиннинг ошпази” Бахмутдаги конларга кўз тикмоқда


Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси, президент Путинга яқин деб кўрилган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин.
Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси, президент Путинга яқин деб кўрилган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин.

Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси, президент Путинга яқин деб кўрилган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин Украинанинг Донецк вилоятидаги туз ва гипс конлари устидан назорат ўрнатишни кўзламоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги АҚШ президенти маъмуриятидаги манбага таяниб хабар берди.

“Вагнер” ширкати ёлланма жангчилари Бахмут шаҳри қамалида фаол иштирок этаётгани Пригожиннинг моддий манфаатдорлик истаги билан изоҳланади.

Бахмут яқинидаги Артёмовск туз кони нафақат Украина, балки Европада ҳам энг йирик захирага эга экани айтилади.

Оқ уй вакили “Вагнер” ширкатининг йўқотишлари ҳақида ҳам маълумот берган. Унга кўра, хусусий ширкатнинг 50 минг ёлланма жангчисидан 4000 нафари ўлдирилган, 10000 нафари яраланган. Биргина Бахмут учун жангда 1000 дан зиёд “вагнер”чи ҳалок бўлган.

АҚШ аввалроқ “Вагнер” раҳбариятини Украина урушини молиялаштириш учун МАР, Мали, Судан каби Африка давлатларидаги табиий бойликлардан ноқонуний фойдаланишда айблаган эди.

Россия армияси салкам ярим йилдан буён Бахмут шаҳрини эгаллашга уринмоқда. Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, рус қўшини шаҳарнинг 60 фоиздан кўпроқ қисмини вайронага айлантирган.

Е.Пригожин Бахмут конларига кўз тиккани хусусидаги айбловга муносабат билдирганича йўқ. Аммо у аввалроқ мазкур шаҳар учун жангни Куликово, Бородино каби тарихий муҳорабаларга менгзаган эди.

Ғарб разведкасининг ишонишича, сўнгги вақтларда “Путиннинг ошпази” лақаби билан танилган Пригожиннинг Кремлда мавқеи ошиб бормоқда.

2022 йил якунида Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш халқаро маркази Пригожинни “уюшган жиноятчилик ва коррупция” номинацияси бўйича “йил одами” деб эълон қилар экан, унга “қора ишларнинг энг кўзга кўринган тимсоли” дея таъриф берган.

XS
SM
MD
LG