Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

ЕОИИ ва Ўзбекистон. Путиннинг иттифоқ ичидаги “иттифоқи” кимга керак?


Тоқаев, Жапаров ва Путин Бишкекдаги ЕОИИ саммитида. 9 декабрь, 2022
Тоқаев, Жапаров ва Путин Бишкекдаги ЕОИИ саммитида. 9 декабрь, 2022

Россияга қарши қўлланган санкциялар оқибатлари, Марказий Осиёдаги газ тақчиллиги ва “газ иттифоқи”. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Олий иқтисодий кенгашининг Бишкек саммити кун тартибидан ана шу мавзулар ўрин олган эди. Озодлик қозоқ хизмати суҳбатлашган экспертлар Ўзбекистон “газ иттифоқи”ни рад этиш билан саммит кайфиятини белгилаганига эътибор қаратишган.

8 декабрь куни Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Олий иқтисодий кенгаши саммити бўлиб ўтди. Унда иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари, шунингдек кузатувчи мақомига эга Ўзбекистоннинг бош вазири иштирок этди.

Саммитда товарлар ва сармоянинг эркин ҳаракатланиши йўлидаги “ғовлар”, ишчи кучига нисбатан чекловлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида газ бозорини яратиш масаласи кўтарилди.

Украинадаги уруш ҳақида тўғридан-тўғри гапирилгани йўқ, бироқ санкциялар оқибатлари муҳокама қилинди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги эркин тижорат қилишга халал бераётган тўсиқларни олиб ташлаш масаласини ўртага ташлади, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев эса Қозоғистон ташкилот фаолиятини ривожлантиришдан манфаатдорлигини айтди. У Россияга қарши жорий этилган санкцияларга шама қилиб, уларни “ЕОИИ мамлакатлари иқтисодиётига босим” деб атади. Александр Лукашенко ҳам Ғарбдан аламзада эканини яшириб ўтирмади, саммит кун тартибидан сўз очганидан кейин эса ташкилот молия тизимини “соғломлаштириш” заруратидан баҳс этди.

Энергетика вазири: метан газ, свет ўчиши ва АЭС ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:48 0:00

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ЕОИИ Россияга қарши қўлланган халқаро санкциялар юзага келтирган вазиятга йўл қўймаслик мақсадида ташқи иқтисодий ҳамкорликка катта аҳамият беришини таъкидлади. Унинг айтишича, ташкилот эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиш бўйича Эрон ва Индонезия билан музокара бошлаган. Қолаверса, ушбу йўналишда Бирлашган Араб Амирликлари билан музокаралар ҳам давом эттирилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Москва ЕОИИ доирасида умумий газ бозорини яратишга тайёрлигини айтди. Унга кўра, ЕОИИ билан ЕИ ўртасидаги газ нархлари тафовути ўн баравардан ортиқ, яъни ЕОИИ учун газ арзонроқ бўлади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ЕОИИ доирасида умумий бозорни шакллантиришга доир битим лойиҳасини тайёрлашга ҳозирлигини билдирди.

Мазкур учрашувда иттифоққа вақтинча раислик қилиш ваколати Россияга берилди. Москва ЕОИИга 2023 йилда раислик қилади.

Саммитда ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари аксари техник характерда бўлган ўндан зиёд ҳужжатни имзоладилар.

Тузилмасидан барбод бўлган “иттифоқ”

Бу Россия президенти Владимир Путиннинг Марказий Осиёга жорий йилдаги бешинчи ташрифидир. Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли Путин чет элга сафарларни камайтирган. Шу боис Россия президентининг бу йил энг кўп қадами теккан жой айнан Марказий Осиё бўлди.

ЕОИИда кузатувчи мақомига эга Ўзбекистон даставвал Бишкек саммитида президент даражасида иштирок этишга ваъда берган эди, аммо бош вазирини жўнатди. Иттифоқдаги яна бир кузатувчи давлат – Куба президенти Мигел Диас-Канел Бермудес ҳам учрашувда қатнашмади, видеомурожаат йўллади холос.

Маълумки, Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев президент сайловидан сўнг биринчи бўлиб расмий ташриф билан Россияга борган эди. Ўшанда Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишдан манфаатдорлигини билдирган. ОАВлар унга “учлик газ иттифоқи” ёки “учлик иттифоқи” деб ном қўйиб олди. Қозоғистон мазкур таклифга рўйхушлик бергандек бўлди, Ўзбекистон эса рад этди. Мамлакат энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Ўзбекистон сиёсий шартлар билан газ олишга асло рози бўлмайди, газ импорт қиладиган бўлсак, бу фақат тижорат асосида бўлади”, деб айтди.

Бу воқеалар Европа мамлакатлари халқаро санкциялар муносабати билан Россия газини харид қилишдан бош тортаётгани манзарасида рўй бераётир. Марказий Осиё мамлакатлари эса иситиш мавсумида ўзини газ билан етарлича таъминлай олмайди.

Ушбу вазиятда Тошкент газ олди-сотдиси сиёсийлаштирилишидан хавфсираяпти. Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси Москвага айнан газ масаласида боргани хабар қилинган эди.

“Ўзбекистоннинг “газ иттифоқи”дан юз ўгириши бошқаларга таъсир қилади”

Россиянинг Украинадаги уруши ўнинчи ойга кирди. Марказий Осиё мамлакатлари босқинни қўлламади. Бироқ Москвага иқтисодий қарам бўлмиш Қозоғистон ва Ўзбекистон урушни очиқ қораламади ҳам. Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари минтақа мамлакатларига ҳам салбий таъсир этаётгани сир эмас.

Қирғиз сиёсатшуноси Эмилбек Жороев фикрича, ЕОИИнинг Бишкек саммитида бирон муҳим воқеа бўлмаган. Имзоланган ҳужжатлар асосан рамзий тусга эга, баёнотлар эса расмиятчилик ва мулозамат йўсинида айтилган.

“Путин “мана, кўриб қўйинглар, Москвада ўтириб қолганим йўқ, халқаро саҳнага чиқиб турибман, Россия ва ҳамкорларининг ишлари беш, иқтисодиётимиз соғлом”, деб мақтанмоқчи бўлганди. Яъни уруш Россия учун фожиа ёки инқироз эмаслигини ва бундан қайтага Ғарб мамлакатлари ташвиш чекиши кераклигини айтишни хоҳлаганди”, дейди эксперт Озодлик билан суҳбатда.

Унинг айтишича, Россия билан бунақа учрашувлар Марказий Осиё мамлакатлари учун ўз ишларини юритишда алланечук мажбурий ва бирмунча ноқулай форматдир. Минтақа давлатлари Россиядан, у билан алоқалардан ва унинг таъсиридан қандай воз кечиш имконини ҳозирча кўраётгани йўқ. Улар урушга нисбатан аввалбошдан бетараф бўлиб келаётган бўлса-да, воқеалар ривожлангани сайин бу позицияни тутиш тобора қийинлашади.

“Сўнгги ойларда Марказий Осиё мамлакатлари ўз нейтраллигини сақлаш ва Россия олиб бораётган урушга аралашиб қолмаслик учун манёвр қилишаётгандек туюлмоқда”, дейди Эмилбек Жороев.

Эксперт “учлик газ иттифоқи” масаласида “муайян амалий иш” қилинганини кўрмаётганини айтади. У бу ерда ҳар бир мамлакатнинг ўз манфаатлари борлигини урғулар экан, “газ иттифоқи” яқин орада пайдо бўлмаслигини башорат қилади.

“Бу ерда зарур ҳозирлик йўқ. Россия учун муаммо анчагина долзарб, чунки ғарбий бозор кескин қисқариб кетди. Ўзбекистоннинг Россия томонидан тиқиштирилаётган учтомонлама иттифоқ ғоясини рад этгани эса бошқалар ҳам буни қабул қилмаслигини англатади”, дея хулоса қилади Эмилбек Жороев.

Марказий Осиё Россия билан алоқаларини чеклай оладими?

Қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жобаев Россия билан алоқалар Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳануз муҳимлигини таъкидлайди. Унга кўра, европалик эмиссарларнинг яқинда Марказий Осиёга ташрифи чоғида ЕОИИ доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам тилга олинган.

“Минтақа мамлакатларида Россия молларининг сотилишига чеклов қўйилмаяпти. Ғарб Россия билан банк соҳасига доир алоқаларга қарши эмас, тўлов тизимида ҳам жиддий тўсиқлар йўқ. Ғарб оддий одамлар жабр кўрмаслиги учун айрим ҳолатларни ойдинлаштирди. Марказий Осиё иккиламчи санкциялар хавфи пайдо бўлганидагина Россия билан ҳамкорликни чеклаши мумкин”, деди Сапарбой Жобаев Озодликка берган изоҳида.

Унинг айтишича, учинчи мамлакатларнинг айрим товарлар Марказий Осиё орқали Россияга реэкспорт қилинмоқда.

Иқтисодчи бу масалани эътиборга лойиқ деб ҳисоблайди. Хитой, Эрон ва Африка мамлакатлари санкцияларга қарамай Россия молларини сотиб олмоқда. Айни вазиятда Россия билан чегарадош Марказий Осиё ҳам ҳамкорликнинг бу шаклидан воз кечмасликка ҳаракат қиляпти.

“Газ иттифоқи”дан сўз очаркан, иқтисодчи Ўзбекистон газ тижоратининг қандайдир иттифоқ доирасида эмас, балки мустақил юритилишини афзал кўришини айтади.

“Агар Ўзбекистон ўзига етишмаётган газни Россиядан сотиб оладиган бўлса, бу халқаро савдо ҳуқуқига хилоф иш бўлмайди. Ўзбекистон Россиядан газ олишга қарши деган гап йўқ, бироқ Тошкент газ тижоратида ўз шартларига кўра икки томонлама ҳамкорликка тайёрлигини билдирмоқда”, дейди иқтисодчи.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2014 йилда Беларус, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган эди. 2015 йилда унга Қирғизистон билан Арманистон қўшилган. Ўзбекистон ва Куба ЕОИИда 2020 йилдан бери кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Экспертлар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмаганидаёқ ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. ЕОИИ фақат Россия фойдасига хизмат қиларди. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида иттифоқдан чиқиш тарафдорлари янада кўпайди.

Форум

XS
SM
MD
LG