Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Ўзбек-қирғиз чегараси бўйича келишув: Икки давлат расмийларининг талқини


Кампиробод сув омбори.
Кампиробод сув омбори.

17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти Ўзбекистон билан қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкалари делимитацияси бўйича имзоланган шартномани ратификация қилди.

Парламентдаги муҳокамада 64 нафар депутат қонун лойиҳасини маъқуллаган, 19 нафар депутат эса қарши овоз берган.

Қирғиз депутатлари, шунингдек, Кампиробод сув омборидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон билан тузилган шартномани дастаклашган.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси Қирғизистон билан шартномани 14 ноябрь куни ратификация қилган ва ҳужжат тасдиқлаш учун Сенатга юборилганди.

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

Қирғизистонга ўтаётган ерлар

Озодлик Қирғиз хизматининг Давлат ер ресурслари агентлиги директори Абдулат Мирзаевга таяниб хабар беришича, шартнома кучга кирганидан сўнг Қирғизистонга ўтадиган участкалари қуйидагилар:

“Ўзбекистон Кампиробод сув омбори сўл қирғоғидан канал қазиб бермагани учун Қирғизистон компенсация сифатида Ғовасой участкасидан 12 849 гектар ерни Олабуға туманига қўшиб олади. Ўша тумандаги Кўк серек деган жойда 105 гектар Қирғизистонга ўтади. У ерда Қирғизистон фуқаролари яшайдиган қишлоқ ва экин майдонлари жойлашган.

Учинчи участка – Бойистон. У Олабуға туманининг Оққўрғон қишлоқ кенгаши биқинида жойлашган. Картография материалларига кўра 212 гектар яйлов Ўзбекистонга тегишли эди. Мазкур участка Қирғизистонга ўтадиган бўди.

Тўртинчиси – 35 гектар майдонли Унгартов участкаси (Ахси тумани). У ерда бир неча мобил алоқа оператори ва давлат телеканалларининг антенналари, радиорелестанцияси жойлашган.

Бешинчиси – Оқтош. Қирғизистон Қорасув шаҳрини кенгайтириш ва оқава сувларни тозалаш станциясини барпо этиш учун 100 гектар майдонли ушбу участкани олишга муваффақ бўлган.

"Бундан ташқари, 2017 йил 5 сентябрдаги битимга мувофиқ Ўзбекистонга ўтган Олабуға тумани Кўк серек участкасидаги 25 гектар ер, туб аҳоли талабига кўра Қирғизистон тасарруфига қайтарилмоқда. Шунингдек, Шаҳрихон канали бошидаги 19,5 гектар ер майдони ўрнига Ўзган туманининг чегарадаги Бош Добо қишлоғига худди шунча ер қўшиб оламиз”, деб айтган Қирғизистон Давлат ер ресурслари агентлиги директори Абдулат Мирзаев.

14 ноябрда Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси Қирғиз-ўзбек чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани ҳамда Кампиробод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни бирйўла уч ўқишда ратификация қилди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов парламентдаги нутқида илгари Қирғизистон билан келишилмаган 35 та участка бўйича якуний келишувга эришилганини, музокаралар 5 йилдан зиёд давом этганини айтди.

Кампиробод сув омбори

1965 йилда Қирғизистон ССР Ўзбекистонга сув омбори қуриш учун Ўзган ва Қорасув туманларидан 5731 гектар ер ажратиб берган эди. Ушбу майдон сув омборининг 908-горизонталига тўғри келади. Ўзбекистон ССР ўз навбатида қирғиз томонига Андижон ва Фарғона вилоятларидан 4127 гектар ерни компенсация сифатида берган.

Қирғиз томонига кўра, якуний музокаралар чоғида сув сатҳини 900-горизонталга туширишга келишилган ва бу Кампиробод сув омбори майдонини 4485 гектарга торайтиради. Шу тариқа, сув омбори қуриш учун Қирғизистон берган ва Ўзбекистон компенсация ўлароқ тақдим этган ер майдонларини солиштирганда, 358 гектар майдон Қирғизистонга ўтмоқда

“Ушбу участка ҳисобига Сўзоқ ва Ўзган туманларидан участкалар ажратиш бўйича келишувга эришилди, хариталар чизилди. Шу тариқа биз компенсация қилинмаган майдонлар ўрнига икки карра кўп ер оляпмиз”, деб айтган Мирзаев.

Қирғизистон ва Ўзбекистон нафақат чегараларни делимитизация қилиш, балки Кампиробод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича ҳам келишувга эришган. Унга кўра, сув омбори атрофида инженерлик-техник иншоотлар ва тўсиқлар қурилмайди. Қирғизистон фуқаролари сув омборидан фойдаланиш, хусусан унда чорва молларини суғориш ва балиқ овлаш имконига эга бўладилар.

Сув омборини 12 кишилик (икки тарафдан 6 кишидан) комиссия бошқаради. Ўзбекистон сув омбори хавфсизлигини таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш ва келишилган ҳажмда сув бериш мажбуриятини олади.

Ўзбекистон томонининг талқини

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 14 ноябрь куни мамлакат парламенти қонунчилик палатаси йиғилишида чиқиш қиларкан, Тошкент Қирғизистон томони “Кампиробод” деб атайдиган сув омборини “стратегик объект” деб ҳисоблашини ва у Ўзбекистонда 175 мингдан ортиқ, Қирғизистонда 22 минг гектар ерни суғориш учун қўлланишини таъкидлади.

“Сув омбори сиғими 1 млрд 576 млн кубометрни, майдони эса 4957 гектарни ташкил қилади. Сув омбори эгаллаган майдон ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов ер майдони беришни таклиф этяпмиз. Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 4127 гектар ери сув обори учун компенсация сифатида берилган эди. Ушбу объектга хизмат кўрсатиш учун Қирғизистон 19,5 гектар ер беряпти. Қирғизистон билан яхши қўшничилик алоқаларини сақлаш мақсадида сув омборидан муайян мақсадларда фойдаланишга рухсат этилади. Қирғизистон талаби – сув омбори чегарасини 906-горизонталдан 900-горизонталгача қисқартириш. Ушбу масала бўйича бир тўхтамга келдик. Бу ҳолда сув ҳажми 1 млрд 578 млн кубометр қолади. Андижон (яъни, Кампиробод – Таҳр) сув омбори қурилган СССР даврида Ўзбекистон чап қирғоқдан 200 километрдан узунроқ канал қуриш мажбуриятини олган эди. Лекин у қурилмай қолиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон тарафи Бурганди массивида 8 минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштирмай қолган. Ушбу ерларни компенсация қилиш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов майдонларини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф қилиняпти”, деб айтган бош вазир.

Айни пайтда Абдулла Арипов депутатларнинг Тошкент ер участкаларини нега Қирғизистонга бераётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бир неча йил бурун ваъда қилинган канал қурилиши катта сарф-харажат талаб қилишини айтган.

“Андижон сув омборидан Боткен вилоятигача канал ва қўшимча гидротехника иншоотлари қуриш учун бюджетдан катта маблағ сарфлашимиз керак бўлади. Бундан ташқари, Андижон ва Фарғона вилоятларида 20 та қишлоқ аҳолисини кўчиришга тўғри келади. Бироқ энг ёмони – 2000 гектардан зиёд экин майдонини йўқотишимиз мумкин. Шу боис бунинг ўрнига Чуст ва Поп туманларидаги Ғовасой участкасидан 12 700 гектар яйлов берилмоқда”, деган Арипов ўз изоҳида.

Бош вазир ушбу ер участкалари билан боғлиқ вазиятни ҳам тушунтирди. Унинг айтишича, бу ерларнинг катта қисми экин экишга яроқсиз.

“Наманганлик депутатларимиз яхши билишадики, Ғовасой участкасидаги кўзда тутилаётган 6000 гектар ер баҳсли бўлиб, ҳозирда асосан Қирғизистон фуқаролари томонидан фойдаланилмоқда. Аниқроғи, биз таклиф қилган 12700 гектарнинг 8000 гектарига экин экилмайди. Шуни таъкидламоқчиманки, бугунги кунда бир гектар ҳайдаладиган ер эвазига 2,5 баравар катта яйлов майдони бериш амалиёти қўлланмоқда”, деган Ўзбекистон бош вазири.

Косонсой сув омбори билан боғлиқ вазият

Ўзбекистон ҳукумати раисига кўра, Наманган вилоятининг икки туманини сув билан таъминловчи Косонсой (Ўрта Тўқай) сув омбори Қирғизистоннинг 850 гектар ҳудудини эгаллайди. Бироқ объектдан тўлиғича Ўзбекистон фойдаланмоқда.

Абдулла Орипов шу важдан компенсация сифатида мазкур вилоятдан Қирғизистонга ер таклиф қилинаётганини, бу ернинг бир қисми баҳсли бўлиб, унда ҳозир қирғизистонликлар яшаб келаётганини айтди (Олабуға туманининг Кўк Серек қишлоғи назарда тутилмоқда – Озодлик).

Бундан ташқари, Қирғизистон Ўзбекистонга 10 та участкада 429 гектар ер беради, бунинг ўрнига Ўзбекистон 294 ер майдонини қўшни мамлакатга ўтказади.

“Бугунги кунда Наманган вилоятининг Косонсой ва Чуст туманларидаги 27 минг гектардан ортиқ ер Косонсой (Ўрта Тўқай) сув омбори суви билан суғорилмоқда. Мазкур объект Қирғизистоннинг 850 гектар майдонини эгаллайди, аммо у тўлиғича Ўзбекистон эҳтиёжларига сарфланяпти. Шу боис Қирғизистонга Наманган вилоятидан 477 гектар ерни компенсация сифатида бериш таклиф қилинмоқда. Бундан 105 гектар Чуст туманининг қирғизлар яшайдиган баҳслиҚорақўрғон массивида жойлашган. Қолаверса, Ўзбекистон ҳудудидаги 294 гектарни 10 та участкадаги 429 гектар ер эвазига Қирғизистонга бериш бўйича келишувга эришилди”, деди ўз нутқида Абдулла Арипов.

Ҳукумат раиси ўзаро айирбошланаётган ушбу участкалар айнан қаерда эканини очиқламаган.

Бош вазирга кўра, Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Чашма булоғи хусусида ҳукуматлараро келишувга эришилган. Ҳужжатда булоқдан биргаликда фойдаланиш назарда тутилади, уни тозалаш ва бошқа масалаларни томонлар алоҳида келишиб оладилар.

Унгартов хусусида муроса

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари парламентдаги чиқишида Унгартов чегара участкаси борасида ҳам муросага келинганини билдирди:

“Унгартов (Ункур-Тоо)да радио ва телесигналлар учун антенналар ўрнатилган. Қизиғи шундаки, Ўзбекистондан ушбу тоғ чўққисига чиқиб бўлмайди, йўл йўқ. Фақат Қирғизистон ҳудуди орқали бориш мумкин. Шунақа нозик жои бор. Кўпчилик буни билмасди. Шу боис биз консенсусга келдик. Ушбу тоғдан икки томон ҳам фойдалансин, деб таклиф қиляпмиз. Икки томон ҳам ер ажратади. Улар бизга чўққигу элтувчи йўлни очишади. Шунга келишилди”, деди Арипов.

Парламент депутатлари делимитация ва демаркация жараёни якунланганидан сўнг қишлоқлардан одамларни кўчиришга тўғри келиши ёки келмаслиги билан қизиқишди. Абдулла Арипов ўз жавобида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 130 та хонадон кўчирилишини, уларга товон пули сифатида 50 млрд сўм маблағ ажратилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, парламентдагилар бош вазирга Сўх анклавига йўлак очиш масаласида савол беришди. Ҳукумат раиси бунга жавобан айни пайтда ушбу масала кун тартибида турмаганини айтди.

“Сўх анклавига элтувчи йўл хусусида иккала томон ҳам розилик берган. Бироқ йўлак очиш жуда мураккаб иш. Масалани шу ҳолича кун тартибига киритиш уни боши берк кўчага тиқиб қўйишдек гап. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида ҳам шунақа муаммо бор”, деди Абдулла Арипов.

ЎзЛиДЕП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини учинчи томон кўмагисиз ҳал қилаётганини катта ютуқ деб атар экан, жараёндан аҳолини хабардор қилишда камчиликларга йўл қўйилганини танқид қилди:

“Тан олишимиз керакки, қирғиз-ўзбек чегарасини келишишга доир сўнгги маълумотлар очиқлангунга қадар ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда турли хабарлар эълон қилинди ва улар турлича талқин қилинди. Бу ҳолат Қирғизистонда ҳам кузатилди, Ўзбекистонда ҳам. Мамлакатларимиз тил топиша олишини истамайдиган томонлар бундан фойдаланиб, айирбошланаётган ерлар ҳажмига доир маълумотларни турлича тақдим этишди”, деди депутат.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўз нутқи якунида чегаралар аниқлаштирилиши икки мамлакат алоқаларига ижобий таъсир этишини урғулади.

“Сув ресурслари товар ўлароқ кўрилаётган ҳозирги даврда бу трансчегаравий дарёлар ва сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида узоқ муддатли битимлар тузишга асос бўлади. Кескинликка барҳам берилиши қардош халқлар алоқаларини тиклайди, сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича узоқ муддатли минтақавий битим имзоланишига эришилади. Шунингдек, 8 мингга яқин фермерлар барқарор сув таъминотига эга бўлишади”, деди бош вазир.

Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатаси бир овоздан қабул қилган қонун лойиҳаси энди Сенатга юборилади. Лойиҳа юқори палатада қачон кўриб чиқилиши ҳозирча номаълум.

Қирғиз-ўзбек чегараси бўйича ниҳоий келишув ва хусусан, Кампиробод сув омбори масаласи Қирғизистонда норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

“Кампиробод иши” номини олган жиноят иши доирасида “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик кўриш”да гумон қилиниб, 2ибсга олинганлар сони 26 кишига етган.

Маҳбуслар ва уларнинг тарафдорлари буни “сиёсий таъқиб” деб аташмоқда. Аввалроқ Ўзган туманида, Кампиробод сув омбори ёнида бир нечта норозилик акцияси ўтказилган эди.

Қирғизистон расмийлари "иғвогарлар" қирғиз-ўзбек чегараларини аниқлаштириш масаласида фуқароларга нотўғри маълумот бериб, уларни чалғитаётганини айтишмоқда.

Қирғиз парламентидаги “Бутун Қирғизистон” фракцияси етакчиси Адахон Мадумаров аввалроқ Ўзбекистон парламентининг қонунчилик палатаси чегараларга оид қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақидаги хабар юзасидан Озодликка берган изоҳида қўшни мамлакат “стратегик ғалаба”га эришганини айтган эди.

“Ўзбекистон аграр сектори учун энг муҳим масала бу Кампиробод сув омбори. Уларга ер керак эмас, сув керак. Ўзбекистон бош вазири катта ютуққа эришдик, деб ўз оғзи билан айтди-ку! Бизнинг “билимдонлар” гапини такрорлаганида жаноб Арипов бунинг ўрнига “ниҳоят, узоқ йиллардан бери қайтариб ололмаётган ерларимизни олдик”, деган бўларди”, деб айтган Мадумаров.

Президент Садир Жапаров “Кабар” миллий агентлигига берган интервьюсида ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига тўхталиб, “Қирғизистон ҳеч қандай зарар кўрмайди”, деб айтган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар Қирғизистон билан чегара келишуви юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG