Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

“Аввал халқнинг тузини оқланг!” – тармоқлар орден учун Путинга қуллуқ қилган Норбаева ҳақида


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбаеванинг россиялик ҳамкасби Валентина Матвиенко қўлидан Россия Федерациясининг “Дўстлик” орденини қабул қилиши тармоқ фаолларининг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Норбаевага Президент Владимир Путин томонидан берилган мукофот 28 октябрь куни Самарқанд шаҳрида МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 54-сессияси чоғида топширилди.

Россия Федерация кенгаши фаолиятини ёритувчи Senatinform.ru хабарига кўра, Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раиси бу мукофотга сазовор бўлиш "улкан шараф" эканини айтиб, “Россия президенти Владимир Путинга самимий миннатдорлик сўзларимни билдирмоқчиман ва ушбу орденни, албатта, оқлаймиз”, деган.

Лавозими бўйича Ўзбекистонда иккинчи шахс ҳисобланган Сенат раисининг Кремлдан орден олиши, боз устига, уни “албатта оқлаш”га (аслиятда “обязательно отработаем”) сўз бергани тармоқ фаолларининг норозилигини уйғотган.

“Қизиқ, қандай қилиб Путлернинг (Россия президенти Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) орденини “отработат” қилмоқчи булар? Нима, бу авансмиди, ишлаб бериш керак бўлган? Хуллас, адолатсиз уруш олиб бораётган шовинист неоимперчи оқпошшодан орден-медалларни булар олади, уятдан эса биз қизарамиз”, – деб ёзди сиёсий таҳлилчи Сардор Салим.

“Ривожланган давлатлар террорист деб эълон қилган одамнинг, жаллоднинг медалини оқлаш нима дегани?” дея савол қўйди бошқа бир тармоқ фаоли Муҳаммад Матжон.

“Кимнинг олдида қанақа ишончни оқламоқчи? Бутун бошли Сенатни ўрисга хизмат қилдирмоқчими? Ёки халқни ўрисқул қилиб оқламоқчими? Вариантлар? Қачон қутуламиз прокремлёвский, пропутлерский, прорасисткий валломатлардан?” – дея янада кескин руҳда пост ёзди блогер Фаррух Самарқандий.

XIX асрнинг сўнгги чорагидан XX аср бошларига қадар аввал Русия империяси, кейинроқ Шўро давлати ҳукмфармолиги остида бўлган замонавий Ўзбекистонда Москва билан олди-бердилар ҳамиша ҳассос қабул қилинган. Айниқса, Украина босқини давом этаётган бир пайтда ўзбек зиёлилари миллат зеҳниятини қуллик туйғуси, постколониал тафаккурдан тозалаш лозимлигини бот-бот талаб қилмоқда. Норбоеванинг, блогерлар таъбирича, “ўзини тобедек тутиши” ҳам жамоатчилик томонидан айнан постколониал тафаккур призмасидан баҳоланди.

“Cиёсатчи!.. Бўлганда ҳам мустақил бир давлатнинг йирик амалдор сиёсатчиси!.. Оғзининг сўлагини оқизиб, кечаги хўжайинига ялтоқиланиб, “...оқлайман!” деб турса, мустақилликка хиёнат, миллатга хиёнат, халққа хиёнат, ватанга хиёнат, давлатга хиёнат бўлади!” – деб ҳисоблайди ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Адибга кўра, муаммо Танзила Норбаеванинг ўзида эмас, балки “жамиятнинг қул зеҳниятини ўзгартирмаган, ўзгаришига йўл қўймай келаётган ўрисча-коммунистча услубдаги сиёсатда!”
Шунга кўра, муаллиф марҳум Каримов юритган ғайримиллий сиёсат ҳали кўпчиликни “кечаги хўжайинининг қули” қилиб етиштиришидан баҳс этади.

“Масаланинг илдизи интеллектуал савияда деб ўйлайман. Ўз устида ишламайдиган, савияси паст ва дунёқараши тор одамда ўзига ишонч ва мағрурлик бўлмайди. Чунки ўзининг расво аҳволини ва интеллектуал мажруҳлигини жуда яхши билади. Натижа эса қуллик зеҳнияти. Мавзу қаҳрамони давлатчилик тушунчаси, давлат номидан гапириш масъулияти, ўз лавозимининг қудрати ва шахсий муносабат (миннатдорлик) билан давлат номидан муносабат билдиришни фарқлаш мажбуриятлари ҳақида етарли билим ва салоҳиятга эга эмас”, – деб ёзди Олимжон Собир.

Таниқли блогер Санжар Хўжа наздида, мамлакатдаги 45 ёшдан катталар, жумладан, Норбаева ҳам ватан деганда СССРни тасаввур қилади.

Фарҳод Бобожон исмли тармоқ фойдаланувчиси эса, бир мамлакат парламенти раиси бегона давлат мукофотини қандай “оқлаши” мумкинлигини савол остига олди.

“Халқ олдидаги ишончни оқланг биринчи, опам!” деди тармоқ фаоли, иқтисодчи олима Барногул Санақулова.

“Аввал халқингиз берган тузни оқланг!” дея унга жўр бўлди бошқа бир фойдаланувчи.

“Путин бутун дунёнинг лаънатига учрагач, мана шундай россияпараст ва путинпарастларга медалу шоҳона совғалар жўнатиб ўзи томон оғдиришга уриняпти”, – дея яна бир фаразни илгари сурди Абдулла Омон.

Таниқли сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса ҳодисага “Бу энди бешинчи эмас, балки олтинчи колонна”, дея қисқа, аммо тагдор муносабат билдирди.

Аксар фойдаланувчилар Сенат раисидан расмий изоҳ сўраган.

“Ишончни оқлайман дейиш Ўзбекистон халқининг манфаатига зид, аммо Россия манфаатини кўзлаб қонун(лар) тасдиқлаттириб бераман, дегани эмасми?! Сенатор вакил бўлса-да, у депутат ўлароқ халқ томонидан сайланади. Шундай экан, у фақат ва фақат ўз сайловчиларнинг ишончини оқлашга масъул ва мажбурдир. Танзила Норбоева ўзи эгаллаб турган лавозимига ва вакиллик вазифасига хилоф баёнот берди деб ҳисоблайман ва у кенг жамоатчилик олдида тушунтириш бериши керак”, – дея изоҳ талаб қилди журналист Юсуф Рўзимурод.

Ҳозирча на юқори палата расмий ахборот каналларида, на Танзила Норбаеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида бу масалага муносабат билдирилган.

2 ноябрь куни эса Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Senat.uz расмий сайти ҳакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилган хабарномада ҳужумга оид бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.

Ҳозирда Сенат сайти nw.senat.uz субдомени орқали фаолиятини давом эттириб турибди.

Сайтга ҳужум ижтимоий тармоқлардаги бир гуруҳ фаоллар “Путиндан орден олган” Сенат раиси Танзила Норбоеванинг истеъфосини талаб қилиб, петиция имзолаган пайтга тўғри келди.

Ҳозирги пайтгача 100 га яқин киши имзолаган мурожаатнома Сенатга ва оммавий ахборот воситаларига йўлланган.

Форум

XS
SM
MD
LG